Ижтимоий минбар: "Каримов кетса уруш бўлади, бу аниқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty AFP

Ўзбекистонда сайловчилар 29 март куни президентлик сайловларида овоз беришди. Марказий сайлов комиссияси Ислом Каримов 90 фоиздан сал ошиқроқ овозлар билан яна давлат боши этиб сайланганини эълон қилди.

Биз сайловлардан аввал муштарийларимизга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

Сиз Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик муддатидан нима кутаяпсиз?

Унинг аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳақидаги ваъдаларига ишонасизми?

Ислом Каримовнинг яна беш йилга президентликда қолиши сизнингча, Ўзбекистон учун яхшими ёки ёмонми?

Каримовнинг яна бир муддат бошқаруви остида ўзингиз ва мамлакатнинг ҳаёти ҳамда истиқболи яхшиланади, деб ўйлайсизми?

Жавоб ёзиб қолдирганларнинг аксари Ислом Каримовга яна овоз беришларини ёзишган, бироқ уларнинг шарҳларида у ўтказаётган ёки ўтказмаётган иқтисодий ислоҳотлар, ёки турмуш даражаси борасида бирон гап йўқ. Ҳукумат тепасидаги, ёки ҳатто президент оиласидаги йирик порахўрлик даъволари, миллионлаб ишчи кучининг Россия ё бошқа давлатларда мардикорлик қилаётгани ҳақида сўз юритилмайди.

Каримовнинг тарафдорлари четдан кўз олайтириб турган "қора кучлар", тинчлик-осойишталик, ва ҳатто Тошкент кўчаларининг тозалиги ҳақида сўзлашади. Ўзбекистондаги тинчлик-тотувлик иқтисодий ривожланишга ва сиёсий ўзгаришларга муқобил бир нарсадек тақдим қилинади, яъни қаршингизда фақат икки танлов бор - 1) демократик ва иқтисодий ўзгаришлар ёки 2) Тинчлик-тотувлик. Буларни ўқиб ҳудди дунёдаги барча иқтисоди ривожланган ва демократик давлатлар уруш гирдобида қолиб кетгандек бир таассурот қолиши мумкин одамда.

Ҳилола Рустамовнинг шарҳи қисман қуйидагича: "Каримов яна сайланиши керак, чунки ҳозир дунё критик бир нуқтада. Ўзбекистонга кўз олайтириб турган чиябўрилар ҳаммаёқни босиб турибди. 26 йилдан бери Каримов булар билан курашади ва Ўзбекистонни бўлмоқчи бўлган радикалларни Ўзбекистондан узоқлаштириш учун қўлидан келган нарсасини қилмоқда. Порахўрликка келсак, буни Каримов эмас, халқ қилаяпти."

Ҳакимова Дилфуза ҳам: "Кетса уруш бўлади, бу аниқ. Қўйинглар, тинч бўлсак бўлди", - дейди.

Баъзилар учун узоқ муддатли президент подшоҳга айланган. Дуго Дугонинг шарҳи мана бундай: "Ўзимизни тўғирлашимиз керак. Ана ўшанда бир-биримизни айблашга ҳожат қолмайди. Аслида масаланинг ечими шудир. Подшоҳимизга келсак, у кишининг динимиз, тараққиётимиз ва тинчлигимиз учун амалга ошираётган ишларига Аллоҳ қувват беришини сўраб қоламан!"

Илҳом Джалматовнинг фикрича, президентлик Каримовнинг жонига теккан, лекин иложи йўқ. "Ўзи саксон яксон дегани, президентимизни қўйишмаяпти "яна бўласиз" деб, "бўлсангиз ҳам бўласиз, бўлмасангиз ҳам бўласиз" деб. Президентимизга ҳам қийин, икки ўт орасида қолганлар ўзларига қолсайди ҳозир отставкани берарди, лекин атрофидагилар қўйишмаяпти "бу замон талаби" деб", - дея шарҳ қолдирган бу муштарий.

Тоҳир Билолович ҳеч қандай ўзгариш кутмаяпти экан. "Каримовнинг навбатдаги муддатидан Каримовдан янгилик ё ўзгариш кутиш соддалик бўлур эди. Ҳозирги зеҳниятимиз билан биз шундай ҳукмдорга муносибмиз. Арзимаган манфаат учун сотилиб кетамиз. Ваҳоланки, Каримовни улуғлаб изоҳ ёзаётганлар Грин Кард ютиб олишса, оёғини қўлига олиб АҚШга учади."

Пўлат Тўрон фикрича эса, Каримовга муқобил бошқа одам ҳам йўқ. Унинг шарҳи қуйидагича: "Ваъда билан чўпчакни фарқини билмайдиган, иккиюзламачи бобой ўлсагина тахтини бўшатади! Бўшатади-ю, ҳеч нима ўзгармайди. Халқни ўйлаб турган ўн қўлиям, чап қўлиям йўқ. Ўрнига яна Каримовнинг ишини давом эттирадиган лагамбардор келади. Биз украин, биз қирғиз, ё биз бошқа эмасмиз! Биз ҳамма нарсага кўникиб кетадиган ва бир-бирининг тирноғидан кир излайдиган халқмиз!"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer