Ўзбекистонда қайси ижтимоий медиа машҳур?

Ўзбекистонда ижтимоий мулоқот тармоқлари ёшлар орасида тезлик билан оммалашаяпти.

Мобил телефонларидаги WhatsApp, Viber, Telegram аппликациялари бепул телефон сўзлашувлари, фото ва видеоларни алмашишга имкон яратиши билан кўпчиликни ўзига жалб қилаяпти.

Шу билан бирга, бу ижтимоий тармоқлар макони Ўзбекистон ёшларига ўзларини назоратдан холи ҳис қилишларига шароит яратган.

Бир йил олдин Facebook WhatsAppни 19 миллиард долларга сотиб олгунича, бутун дунёда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам WhatsApp фойдаланувчилари сони тезлик билан ортиб бораётган эди.

Феврал ойида шу янгилик тарқалиши билан WhatsApp 4 кун ишламай қолди, сўнг кўпчилик, жумладан ўзбекистонлик хабар бўлашиш ишқибозлари ҳам бошқа аппликацияларни қидиришга тушдилар, Telegram ёки Viberга ўтдилар.

Мобил телефонига ўрнатиладиган бу дастурий таъминотлар хабар юбориш, фото ва видеолар билан бўлашиш, ўзининг телефонига ана шу аппликацияларни ўрнатганлар билан бепул телефон сўзлашишга имконият бериши билан кўпчиликни ўзига жалб қилган.

Россиянинг машҳур "Одноклассники.ру" ижтимоий тармоғи ҳамон Ўзбекистондаги энг машҳур тармоқ ҳисобланади.

Олдинроқ саккиз миллиондан зиёд ўзбекистонлик "Одноклассники" аъзоси экани, уларнинг 92 фоизи мобил телефондан сайтга кириши хабар қилинган.

Ўзбекистоннинг цензурадан холи ҳудуди

Тошкентлик журналист Сид Янишев айтишича, Ўзбекистонда мобил аппликациялар машҳурлиги сабаби ёшларнинг модага қизиқишлари билан изоҳланади.

"Бу янги иловаларнинг ҳаммаси - модага бўйсуниш, холос. Замонавий Ўзбекистон ёшларида мода биринчи ўринда туради. Бугунги Ўзбекистон ёшлари бутун жамият сингари аморф ҳолатида. Бу нарсалар ёшларга ўз нуқтаи назари, ўзининг ғоясини илгари суриш учун эмас, балки кўпчилик орасида мода бўлгани учун керак", дейди Сид Янишев.

Ўзбекистон деярли барча соҳалар устидан давлат назорати ўрнатилган мамлакат. Интернет ҳам қаттиқ назоратга олиниб, кўплаб веб-сайтларга тўсиқ қўйилган.

Тошкентлик журналист Алексей Волосевич фикрича, бу аппликацияларда цензура йўқлиги ҳам ёшларни ўзига жалб қилувчи омил бўлган.

"Бу аппликацияларнинг аксари цензура қилинмайди. Уларнинг айримларига кириб, бир-икки гуруҳ фаолиятига кўз ташлаш биланоқ бошқа сайтлар ёки ижтимоий тармоқларда рухсат берилмайдиган, бундай хабар ёки фотони жойлаштирган шахсга нисбатан чора кўриладиган хабарларнинг оқимини кўрасиз. Ўзбекистонда порнография тақиқланган. У ерда эса бундай нарса тиқилиб кетган. Яна шуни айтиш керакки, улар маҳаллий, хорижий эмас. Табиийки, бундай нарсалар ёшларни ўзига тортади", дейди журналист Алексей Волосевич.

Ўзбекистонда мобил телефонлардаги аппликациялар орқали машҳур инсонларнинг шахсий ҳаётига тегишли фото ва видеолари тарқалгани ҳолатлари кўп марта юз берди.

Расман ҳеч қайси матбуотда гапирилмайдиган, иложи бўлса, яширишга ҳаракат қилинадиган ахборот, видео ва фотолар ўзбекистонликларнинг орасида бир зумда тарқалиб кетди.

"Сиёсатга аралашмасалар бўлди"

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров бу каби кўриниш Ўзбекистон учун, ёшлар учун зарар, деб ҳисоблайди. У "Одноклассники" ижтимоий тармоғи мисолига тўхталади.

"Одноклассникидан бошлайлик, чунки бу жуда катта, муҳим муаммо. Одноклассники - жуда катта ахлатхона. Ўзбекистонда уни шундай деб айтишади, лекин бунга қарши курашга давлат қўлини-қўлига уришни истамайди. Одноклассники, авваламбор, учта нарсанинг манбаси Ўзбекистонда. Биринчидан, россияпарастликнинг. Кейингиси, радикал гуруҳларга қўшилиб кетган, Сурияга кетган ўзбеклардан бу ҳақда қаердан билдинг, деб сўралганда, улар Сурияни муаммосини биринчи марта билгани "Одноклассники" сайтидан бўлган. Фоҳишахоналар, виртуал қўшмачиларнинг ҳам макони ана шу "Одноклассники" бўлади ва умуман саводсизлик, Ўзбек тилини ерга уриш, ёш ўзбекларнинг онгини тушириш макони ўша "Одноклассники"дир", дейди Анвар Назиров.

2014 йили Ўзбекистон расмийлари мамлакат аҳолисининг сони 31 миллиондан ошгани ҳақида эълон қилдилар. Расмий маълумотларга кўра, аҳолининг 64 фоизини ёши 30 гача бўлганлар ташкил қилади.

Анвар Назиров фикрича, бошланғич ва ўрта мактаблардаги таълим сифати пасайгани, илмий-маданий вакуум пайдо бўлгани, ёшлар билан боғлиқ юзага келган муаммоларга давлат эътиборсизлиги каби омиллар туфайли ана шу ижтимоий медиа тармоқлари ёшлар учун ўзини, ўзлигини намойиш қилишнинг ягона маконига айланган.

Аппликациялар билан боғлиқ вазият Ўзбекистон Интернет маконидаги вазиятга ўхшайди. Бир неча давлат назоратидаги ахборот веб-сайти, бир неча маърифий веб-сайт блоглардан ташқари жуда кўп сайтлар қўшиқчилар, актёр, актрисалар, "хонтахта кинолар"га бағишланган.

Нега шундай вазият юзага келган?

"Менимча, "юқоридан" айтилган бўлса керак, "Ўзбекистонда сиёсат билан, ижтимоий муаммолар билан боғлиқ бўлмаган, сиёсат, ижтимоий муаммоларга бефарқ Интернет бўлсин" деб. Шунинг учун шоу-бизнес ва шунга ўхшаган сайтлар, Интернет лойиҳалар кўпайиб кетди", дейди сиёсий таҳлилчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer