Дунёнинг энг кекса одами ким: Ўзбекистонлик Тўти Юсуповами ва ёки?..

Шу кунларда Британиядаги қатор нашрлар худди ана шундай савол билан чиқишган.

Ким энг кекса: Ўзбекистонлик онахон Тўти Юсуповами, япониялик Мисао Окавами ва ё 1997 йилда қазо қилган франциялик Жанна Кальман?

1 апрел куни дунёнинг энг ёши улуғ қарияси сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган япониялик Мисао Окава хонимларининг 117 ёшида бу ҳаёт билан видолашуви худди шу саволларнинг юзага чиқишига туртки берган.

Қатор британ нашрларининг ёзишларича, дугоналари ва ўзбекистонлик мулозимлар япониялик онахон рекордсмен эмас, ундан уч кун бурун 135 ёшида оламдан кўз юмган Тўти Юсупова жаҳондаги энг кекса одам бўлганини даъво қилишган.

Улар марҳум онахоннинг Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва паспорти ўзларининг сўзларига тасдиқ эканини айтишган.

“Daily Mail” нашрига кўра, дугоналари ва ўзбекистонлик айрим мулозимлар Гиннес рекордлар китобидаги мавжуд қайд янгиланиши керак, деган ҳам истакда.

Шу пайтгача эса, бундан қирқ йилча бурун 122 ёшида ҳаётдан кўз юмган франциялик Жанна Кальман дунёдаги энг узоқ умр кўрган инсон саналиб келинган.

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йил Хитой ҳукумати ғарбий Шинжон вилоятилик 128 ёшлик онахон Алмихон Саитий инсоният тарихида энг узоқ умр кўрган одам эканини даъво қилиб чиққанди.

Худди шу ўринда ушбу хабарга эътибор қаратган британ нашрлари Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси Баҳодир Янгибоевнинг, “Ўзбекистон дунёдаги соғлом яшаш учун энг мақбул жойлардан биттаси экани, мамлакат 30 миллионли аҳолисидан 9 мингга яқинининг ёши юздан ортиши”га оид сўзларидан иқтибос ҳам келтиришган.

Агар, Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва паспортида қайд этилган саналарга таянилса, Тўти Юсупова 1880 йилнинг 1 июлида дунёга келган.

128 ёшида экан, ўзбекистонлик онахон Би-би-сининг ҳужжатли фильмида ҳам бўй кўрсатган.

Ушбу ҳужжатли фильмда Тўти Юсупова, “Узоқ умр кўришининг сири далада тинмай заҳмат чеккани ва тўғри ҳаёт кечириши натижаси” эканини айтган.

Онахон, шунингдек, “Шунча урушларни бошидан кечирган бир инсон сифатида яна бугунги ёш авлодга яхши одамлар даврасида яшаш ва тинчликнинг қадрига етишлари лозимлигини таъкидлаган бўлиши”ни ҳам қўшимча қилган.

Тўти Юсупова ёши 100 дан ошаркан, 2008 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Британиядаги “The Independent” нашрининг энг сўнггида хулоса қилишича, ўзбекистонлик онахоннинг бунчалик узоқ умр кўриш сабабини билиш учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам у кишига қизиқиб қолган бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ