Хоразм: Россияга кетган муҳожирларнинг ўлими ортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хоразмлик меҳнат муҳожирларининг фожеаси

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳисоботи кўрсатишича, охирги вақтда Россияга ишлашга кетган фуқароларнинг ўлими сони ортган.

2015 йилнинг ўтган уч ойи мобайнида 30 меҳнат муҳожирининг тобути ватанига қайтган.

Жумладан, 18-20 март оралиғида Хоразмга Қозон шаҳридан 16 муҳожирнинг жасади олиб келинган. Вафот этган муҳожирларнинг жасадлари яқинларининг имконига қараб машинада, поездда ёки учоқда келтирилган.

Қозон шаҳридаги бозорда март ойида содир бўлган ёнғинда ҳаётдан кўз юмган хоразмлик 53 ёшли Муборак Қурбонованинг дафн маросимида иштирок этган ҳуқуқ фаолларига кўра, фожеада ҳалок бўлган муҳожирларнинг сони илгари хабар берилганидан анча кўпдир.

"Нажот"даги маълумотларга биноан, Қозон бозоридаги ёнғин натижасида 30 дан ортиқ хоразмлик муҳожир куйиб кетган. Кучли куйиш натижасида муҳожирларнинг шахси ДНК ташхислари орқали аниқланган ва жасадлари Россияга борган яқинларига топширилган.

Гувоҳларнинг сўзлаб беришларича, шахси аниқланмаган бир қанча жасадлар ҳали ҳам Россиядаги ўликхоналарда ётибди.

Бундан ташқари Россиянинг Брянск шаҳрида рўй берган автоҳалокатда 16 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлган, улардан беш нафари хоразмлик экани аниқланган. Меҳнат муҳожирлари кириш-чиқишни қайд эттириш учун Белоруссияга ўтишган, бироқ Россияга қайтаётганларида ҳалокатга учраганлар.

Маълум бўлишича, бахтсиз ҳодисалардан ташқари меҳнат муҳожирлари ўзлари сабаб ўлимга олиб бораётган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Хусусан, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш туфайли ҳаётдан кўз юмган муҳожирлар бор. Шунингдек, юрак хасталиги, бошқа ички касалликлар билан 6 хоразмлик, икки қорақалпоғистонлик фуқаро Россияда вафот этган.

Россияда жиноят билан қўлга тушган ўзбекистонликлар ҳам учрайди. Россия ҳуқуқ тартибот идоралари маълумотига қараганда, ўтган уч ой ичида 11 хоразмлик фуқарога жиноий иш очилган. Улар жинсий зўрлаш, ўзаро совуқ қурол ишлатишда айбланганлар.

Охирги вақтларда Россиядан депортация қилинаётганларнинг сони сезиларли даражада кўпайган. Айни пайтда меҳнат муҳожирларининг уйларига юбораётган пуллари ҳажми 0,05 фоиз камайган. Россияда ишлашга рухсат олиш учун рус тилидан синовдан ўтолмаган ўнлаб ўзбекистонликлар ортга қайтарилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ