Баҳор келди ёки пост-сайлов ҳадиксирашлари…

Шу кунларда дўконга кирган ўзбекистонликлар камида бир маротаба хўрсинаётган бўлса ажаб эмас. Чунки дўкондаги "баҳорий" нархлар шунга мажбур қилаётгани турган гап.

Доллар нархининг "қора бозор"да сайловдан кейин бирданига кўтарилиши маҳсулотларнинг нархларини сезиларли даражада юқорилашига сабаб бўлди. Сўмнинг шу даражада тез қадрсизланишига нима сабаб деган саволга оддий халқ орасида жавоб топиш амримаҳол. Балки бунга сайлов олдидан аранг ушлаб турилган мувозанат сабабдир, ким билсин? Бошқача қилиб айтганда, яқинда ўтган сайлов мавсумида, Ўзбекистон ҳукумати Россияда давом этаётган иқтисодий бўҳроннинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган таъсирини камайтиришга урингани мана энди сезилаётгандек кўринади.

Нима бўлганда ҳам АҚШ доллари нархининг кўтарилиши дўконлардаги нархларда сезиларли даражада акс этган. Балки бу аҳвол инаугурациядан кейин янада авж олар.

Маиший хизматлар нархларини мавсумий ўсишини ўзбек халқи 1-апрел куни бошидан кечирмади, лекин бунинг оқибатларидан ҳадиксираб турганлиги бор гап. Бутун дунёда бензин нархи тушиши муқобилида, ёқилғи нархини кўтарилиши оддий ҳолга айланган Ўзбекистонда бу йил қандай иқтисодий ўзгаришлар юз беришини ким билсин.

Оддий мисол: дўконга кириб беш литрлик писта ёғи нархига кўзи тушган оддий харидор беихтиёр 3-4 ой аввалги нархни эслашга уриниши табиий. Тахминан 37000-38000 минг сўм атрофида турган бу кўзни қамаштирувчи чиройли баклашкалардаги ёғлар 2014 йил ноябр-декабр ойларида 25000-26000 сўм атрофида эди. Харидор, ўзига-ўзи: "шуни ҳам ўйлайсанми, доллар ошаяпти-ку" дейдида, 6-7 сониялик бақа қарашдан кейин ўзига келиб олади.

Истисно ўлароқ, автомобиллар нархидаги пасайишни ва уй-жой нархларидаги ўсиш тўхтаганини қайд этиб ўтиш даркор, зеро, бундай кунлик маҳсулот нархларининг ўсиши халқнинг кўчмас мулк сотиб олиш қобилиятини бир мунча пасайтиргани аниқ. Кундалик ҳаётга пул топишнинг ўзи катта муаммо бўлиб турган бир пайтда уй-жой ёки машина олиш кимнинг ҳам юрагига сиғсин? Машина нархларининг бозорда пасайиши автосалонлардаги нархлар кўтарилишини олдини олаётган бўлса не ажаб. Умид қиламизки, сўниб бораётган машина олишга бўлган халқ орасидаги харислик келажакда турли ажиотажларга барҳам беради ва машина нархларини жаҳон бозоридаги нархларга яқин келишига сабаб бўлади.

Бундай нарх ошишларини кўп бор бошидан ўтказган ўзбек халқи долларнинг ошишини оддий писта ва қурт нархларида ҳам сезади. Шу кунларда 1 АҚШ долларини 5000 сўмга кўтарилишини тахмин қилиб бир-бири билан ҳазиллашаётган ўзбеклар талайгина. Бу ҳазиллар ортида қалбдаги ўзбек кечинмаларини ушбу давлатда тер тўкиб тирикчилик қилаётган инсонлар тушуна олади. Бу юртда ҳукм сураётган тинчликка фақатгина шу халқ сабабчи деб баралла айтиш мумкин, чунки бу халқнинг қалбида доимо бир шиор ҳукмрон - "тинчлик бўлиб турса, ҳаммаси яхши бўлади", ёки "оч қорним тинч қулоғим". Яхшиликка умиди бор халққа фақатгина яхшилик тилймиз!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer