Ҳайкал бузилгани ҳақида хабар тарқатган Дмитрий Тихонов таъқиб қилинмоқда

Ангрендаги уруш қурбонлари хотирасига ўрнатилган ҳайкал ваҳшийларча бузиб ташлангани ҳақида хабар тарқатган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Дмитрий Тихонов айтишича, уйига номаълум шахслар келмоқда, унга қарши "заказной" мақолалар уюштирилаяпти.

Бир неча марта Дмитрий Тихоновни сўраб милиция ходимлари келишган.

Дмитрий Тихонов ҳайкал бузилишига қарши норозилик изҳор этилган ангренликлар имзоларини тўплашни бошлаган.

Бироқ йиллар давомида аскар ҳайкали вайрон бўлишига йўл қўйиб берган масъуллар энди Дмитрий Тихоновни Ангрен шаҳрини бутун дунёга "ёмонотлиқ қилган", бу шаҳарда яшайдиган инсонлар ўртасида "миллатлараро низо келтириб чиқаришга уринган" ёмон ниятли инсон сифатида обрўсизлантириш кампаниясини бошлаганлар.

Дмитрий Тихонов айтишича, 29 мартга мўлжалланган президентлик сайлови арафасида гўё сайловолди ташвиқоти сифатида ангренликлар билан учрашувлар ташкил қилинган, Дмитрий Тихонов ташаббуси билан бошланган протестга имзо қўйган-қўймагани одамлардан сўралган.

"Миллатчиликка ҳатто ишора ҳам бўлмаган менинг мақоламда миллий низони гижгижлаш аломатларини бир вақтнинг ўзида бир неча одам кўргани тасодифан бўлиши мумкин эмас. Ангрен ҳокимияти ўзининг ахлоқсиз амали учун айбдорлик ҳиссини ўзбек халқининг елкасига юклади ва миллатлараро низо хавфидан ғазабланиш зарурлигини талаб қилмоқда. Ва менга қарши сафарбар қилинган "жамоатчилик" жимгина "ғазабга келди". Атайин менинг ташаббусимни бўғиб ташлаш ва қолганларга сабоқ бўлиши учун мени жазолаш вазияти юзага келтирилаяпти. Аллақачон жамоатчилик фикри шакллантирилаяпти. Бу эса ўзгача фикрловчиларга қарши курашда қудратли омил. "Бизга ўхшамаган" ва "биздан бўлмаган"ларни ҳар доим таъқиб қилганлар ва омма кўзи олдида жазога тортганлар. Захирада эса ўйлаб чиқарилган ва ёлғон "аргументлар" билан менинг айбимни исботлаётганлар ҳам топилиб қолди", деб ёзган ўзининг www.fergananews.com веб-сайтидаги мақоласида Дмитрий Тихонов.

Ҳайкал бузилгани муносабати билан Би-би-сига берган интервьюсида Дмитрий Тихонов дарҳол Ангрен шаҳри ҳокимлигига боргани ва шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси бу ҳайкал шаҳарни ободонлаштириш режасига тўғри келмагани муносабати билан бузилганини маълум қилганини айтган.

Ангрен шаҳри мутасаддиларининг ҳайкални бузаётган пайтда унинг ўрнига нима ўрнатиш бўйича ҳеч қандай режаси бўлмаган.

"Бу ҳақда ўша куни менга айтишган", дейди Дмитрий Тихонов.

Аммо Ангренда уруш қурбонлари хотирасига қилинган бундай ҳурматсизликдан дунё ҳамжамияти хабардор бўлганидан кейин шаҳар ҳокими бу жойда мотамсаро она ҳайкалини ўрнатиш режалангани ҳақида айтган.

"Ҳозир менга қарши қуйидагича ҳодиса юз бермоқда: Мен бўлган ҳодисага қарши ўзимнинг очиқ протестимни изҳор қилдим. Ушбу норозилик учун мен турли миллат вакилларидан иборат норозилик хатига имзо чекиш ишини бошладим ва бу протестга мен муайян сондаги инсонларни жалб қилдим. Натижада Ангрен шаҳар ҳокимлиги, айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукумати бизга ён босди. Чунки халқаро жамоатчилик ҳам ҳайкал бузилганидан дарғазаб бўлди. Ҳозир бизни хотиржам қилмоқчи бўлишаяпти: "ҳа, биз сизнинг фикрингизга қўшиламиз. Бу ерда мотамсаро она ҳайкали қурилади". Лекин бу ерда нима бўлди? Бир неча фуқаролар протестига сабаб бўлган ташаббус бор эди. Энди эса нима қилиш керак? Агар одамлар нимадир нотўғри бўлса, "келинглар, адолат юзага чиқиши учун яна норозилик билдирайлик", деб кўчага чиқмасликлари, мана шунақа ташаббус такрорланмаслиги учун кимнидир жазолаш лозим. Ушбу фикрдан келиб чиқиб, мени кўпчиликнинг кўзи олдида "миллатчи"га айлантириш мақсади кўзланиб жамоатчилик фикри шакллантирилаяпти", дейди Дмитрий Тихонов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ