‘Сирдарё сувини ичиш у ёқда турсин, суғоришга ҳам ишлатиб бўлмайди’

Ўзбек-Қозоқ чегарасида жойлашган Чордара сув омборидаги сув таркибини уч йил давомида ўрганган қозоғистонлик олимлар Сирдарё суви заҳарли, деган хулосага келганлар.

Бу ҳақда Қозоғистондаги Today.kz веб-сайти хабар тарқатган.

Марказий Осиёнинг энг узун дарёси таркибини Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон Давлат университети экологлари ўрганганлар.

Энди уч йиллик тадқиқотнинг илк натижалари эълон қилинган.

Сув таркиби Сирдарё оқиб ўтадиган Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида ўрганилган.

Сирдарё сувида симоб, қўрғошин, цинк, мис, хром, никель ва молибден сингари оғир металлар миқдори талаб қилинадиган меъёрдан юқори, деган хулосага келганлар чимкентлик тадқиқотчилар.

“Сирдарё сувидан зироат эҳтиёжлари учун ҳам, балиқчилик учун ҳам фойдаланиш тавсия этилмайди”, деб айтган Жанубий Қозоғистон Давлат университети профессори Уйлесбек Бестереков.

Тадқиқотчиларга кўра, Сирдарёда энг кўп заҳарли моддалар Ўзбекистонга туташ ҳудудларда кузатилади.

Қозоқ олимларига кўра, энг муҳим вазифа қайси ишлаб чиқариш корхонаси Сирдарёга бунча кўп заҳарли моддаларни чиқариб ташлаётганини аниқлаш.

Сўнг дарёга оғир металлар оқизишни тўхтатишга эришиш

Ўшанда ҳам Сирдарё дарров тозаланиб қолмайди, дарё сувидаги заҳарли моддалар чиқиб кетиши учун 10 йил талаб қилинади, деб айтган профессор Уйлесбек Бестереков.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.Instagram – BBC UZBEKTwitter – BBC UZBEKOdnoklassniki – BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ