Дунёнинг жанжалкаш сиёсий оилалари: Франциядан Ўзбекистонгача...

Франсанинг ўнг қанот Миллий Жабҳаси раҳбари Марин Ли Пен Фото муаллифлик ҳуқуқи other
Image caption Франсанинг ўнг қанот Миллий Жабҳаси раҳбари Марин Ли Пен

Марин Ли Пендан Гандигача: дунёда номлари таниқли сиёсатчилар оиласида фарқ ва келишмовчилик қандай келиб чиқади?

Франциядаги ўнг қанот миллатчи сиёсатчи Марин Ли Пен отаси Жан-Мари билан қандай сиёсий баҳсларга боргани ҳақидаги Британияда чоп этилувчи "Дейли Телеграф" газетаси чоп этган мақолада Президент Ислом Каримов билан қизи Гулнора Каримова муносабатлари ҳам тилга олинган.

"Франсанинг ўнг қанот Миллий Жабҳаси раҳбари Марин Ли Пен ва унинг отаси Жан-Мари ўртасидаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган жанжал дунёдаги сиёсий оилаларда кузатилган Шекспирона ҳалокатларнинг сўнггисидир", дея бошланади Ҳенри Самуэлнинг мақоласи.

Марин Ли Пен куни кеча ўз отасининг минтақавий сайловларда иштирок этишига йўл қўймаслигини айтганди. У отаси - Миллий Жабҳани тузган сиёсатчини Нацистлар газ камералари "тарихий детал холос" деган даъвосини такрорлагани учун яна танқид қилган.

Муаллиф Ҳенри Самуэл бундай можаро Ли Пенлар оиласи учун биринчиси эмаслигини эътироф этади. Шу ўринда, у 1980 йиллардаги Жан-Марининг рафиқасидан ажрашиши билан боғлиқ можароларни эсга олади.

Ўтган куз машҳурлар ҳаётига оид миш-мишлар ҳақида ёзувчи журналлардан бири Марин Ли Пен отасининг уйидан кўчиб чиққани ҳақида хабар қилганди. Бунга гўёки, отасининг зотдор ити Мариннинг мушукчасини ўлдириб қўйгани сабаб бўлган.

Image caption Омон-омон замонлар: Гулнора Каримова - бизнес аёли, дизайнер, БМТдаги дипломат, поп-қўшиқчиси

Эътиборли тарафи шундаки, муаллиф Франциядаги ҳолатни, энг аввало, Ўзбекистондаги президент оиласи ичида кечаётган можароларга қиёслайди.

"Ли Пенлар орасидаги ихтилоф Ўзбекистондаги бошқа бир ота ва қиз ўртасидаги можаро олдида ижобий маънода хонаки кўринади", дейди Ҳенри Самуэл.

Ишонилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳозирда уй қамоғида қолмоқда.

Муаллиф унинг "яқин-яқингача бизнес аёли, дизайнер, БМТдаги дипломат, поп-қўшиқчи" сифатида фаолият олиб боргани эслатади.

Image caption Гулнора Каримова ҳозирда уй қамоғида қолаётганига ишонилади

"Аммо, бу онаси Татяна Каримова ҳамда унга бегонага айланган синглиси Лола Каримова-Тиллаевани отасини ўзига қарши қайраш фитнасида айблашига оид қатор ғазабнок твитларидан олдин эди. Бирда, ҳатто, уларни жодугарлик билан шуғулланишда ҳам айблади", дейди муаллиф.

"Унинг онлайндаги ғайритабиий қилиқлари диктатор отасини қаттиқ ғазабга солди, у қизи билан алоқаси узди", дея давом этади Ҳенри Самуэл.

Журналист Гулнора Каримованинг бугунда ташқи дунёдан узилиб қолгани ва хорижда коррупцияга оид айбловларга юз тутаётганини тилга олиб ўтган.

Image caption Сония Ганди узоқ йиллардан бери овсини билан гаплашмайди

Мақола фақат Ўзбекистондаги сиёсий оила можароси билан якун топмаган. "Ҳиндистоннинг Кеннедилари" дея танилган Неру-Ганди сулоласи ичидаги жанжаллар эслаб ўтилган.

"Яқин ўтмишдаги энг катта зиддият 1984 йилда ўлдирилган бош вазир Индира Гандининг келинлари - Сония ва Манека Гандилар ўртасида бўлди", дейилади мақолада.

Айтилишича, икки бева 1984 йил Индира Ганди Манекани уйдан қувиб чиқарган пайтидан бошлаб бир-бирларидан нафратланишади. Ўшандан бери улар бир хонада бирга бўлишдан қочишади. Алал-оқибат, Манека Конгресс партиясидан чиқиб, БЖП ("Бҳаратия Жаната Парти»)га бориб қўшилган.

Америкадаги сиёсий сулолалар ҳам ўзаро низолардан ҳоли бўлмаган. Бунга мисол сифатида, 2013 йил Дик Чейнининг қизлари Мэри ва Лиз ҳамжинсбозлар турмуш қуриши масаласида очиқчасига жанжаллашишгани келтирилган.

Роналд Рейганнинг уч фарзанди эса, сиёсат, дин ва оталарининг мероси хусусида келиша олмайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Акасининг сиёсатдан кетишига сабабчи бўлган Эд Милибанд

Британия учун ҳам бундай можаролар бегона эмас. Ўтган сентябр ойи Консеваторлар партиясидан парламент аъзоси Билл Кэш ўғли Виллиям билан алоқасини "бутунлай" узганини айтди. Бунга ўғилнинг май ойидаги умумий сайловларда Буюк Британия Мустақил Партиясидан номзод сифатида иштирок этиш режаси ҳақида эълон қилиши сабаб бўлди.

Бошқа тарафда эса, Лейбористлар партияси раҳбарлиги учун беллашувдан 5 йил ўтса ҳам ака-ука Милибандлар ўртасидаги муносабатлар ҳамон совуқ қолаётгани ҳақида гапирилади.

Беллашувда Девид Милибанд укаси Эд Милибандга мағлуб бўлганди. Ҳозир Девид сиёсатни тарк қилган ва Америкадаги хайрия ташкилотни бошқаради.

"Ўтган ой Эд партия раҳбарлиги учун кураш қарори оиласи ва акаси билан муносабатларига кутганидан кўра каттароқ салбий таъсир қилганини тан олди", дея мақоласига хотима ясайди Ҳенри Самуэл.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK