Ўзбекистонлик: 'Исломий Давлат'га кўмак бериш учун тил бириктирмаганман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу ҳақда шу ҳафта АҚШнинг Бруклин маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган ўзбекистонлик 26 ёшли Дилҳаёт Қосимов баён қилган.

У Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳи жангариларини дастаклашни мақсад қилган фитнага бош қўшганликка оид айбловларни тан олмаган.

Ўзбекистон фуқароси юз тутган маҳкама жараёни чоршанба куни бўлиб ўтган.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Дилҳаёт Қосимов АҚШда "Исломий Давлат" гуруҳини дастаклашда айбланаётган тўртинчи Ўзбекистон фуқароси бўлади.

Дилҳаёт Қосимов билан бирга яна икки Ўзбекистон фуқароси ва бир қозоғистонликка қарши янги айбловлар шу ҳафта бошида расман илгари сурилганди.

Улар барчасининг Нью-Йоркнинг Бруклин мавзеси яшовчилари бўлишгани айтилади.

Дилҳаёт Қосимов шу йилнинг феврал ойида муҳожирликка оид қонун-қоидаларни бузганлик айби билан қўлга олинган.

Аҳрор Саидаҳмедов, Абдурасул Ҳасанович Жўрабоев ва Аброр Ҳабибовлар эса, худди шу пайтда илк бор ўзларига қарши жиноий айбловларга юз тутишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Америкалик қораловчилар қозоғистонлик Аҳрор Саидаҳмедов ва Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоевлар "Исломий Давлат" сафида жанг қилиш учун Сурияга кетиш режасида бўлганликларини иддао қилишган.

Душанба кунги янги айбловларда эса, Дилҳаёт Қосимов Ҳабибов билан яқиндан ҳамкорликда иш олиб борганликда айбланган.

Бундан ташқари, у Аҳрор Саидаҳмедовнинг "Исломий Давлат"га бориб қўшилишига молиявий жиҳатдан кўмак беришда гумон қилинган.

Айблов ҳужжатида Дилҳаёт Қосимов худди шу мақсадда турли одамлардан $1.600 АҚШ доллар пул йиққанлиги ҳам айтилган.

Бу ҳақда Британиянинг нуфузли "Рейтерс" ахборот агентлиги хабар қилган.

Қораловчиларга кўра, Дилҳаёт Қосимов пулни Саидаҳмедовга шу йилнинг феврал ойида Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортида берган.

Туркияга учиб кетиш режасида бўлган Саидаҳмедов эса, шундан сўнг орадан қисқа вақт ўтмай, аэропортнинг ўзида қўлга олинган.

Америкалик прокурорларнинг иддао қилишларича, Дилҳаёт Қосимов бошқаларни жиҳодга қўшилишга ундаб, электрон пайғомлар юборган.

Уларга кўра, ўзбекистонлик айбланувчи бу иши билан хорижий жангариларнинг Сурияга кетишларига воситачилик қилган.

Агар, ўзига қўйилаётган айбловларда айбдор, деб топилса, Дилҳаёт Қосимов 30 йиллик қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

Эслатиб ўтиш жоиз, шу ҳафта чоршанба куни у билан бирга Бруклин маҳкамаси қаршисида ҳозир бўлган қолган уч айбланувчи ҳам ўзларининг айбсиз эканликларини айтишган.

Дилҳаёт Қосимовнинг маҳкама томонидан тайин этилган ҳимоячиси эса, маҳкама тинглови ортидан изоҳ беришга рози бўлмаган.

Америкалик ҳимоячи Фредерик Коэн жаноблари, бунга "иш ҳали жуда эрта босқичда экани"ни сабаб қилиб кўрсатган.

Агар, ICSR (Радикаллашиш ва Сиёсий Зўравонликни тадқиқ этиш халқаро маркази) ва АҚШ Марказий Жосуслик Хизматининг яқинда эълон қилинган расмий маълумотларига таянилса, "Исломий Давлат" сафларидаги марказий осиёлик жангариларнинг энг кўпи ўзбекистонликлар ҳиссасига тўғри келади.

Улар келтирган рақамларга кўра, жорий пайтда бу каби Ўзбекистон фуқароларининг сони 500 нафар кишини ташкил қилади.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг айтишича эса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда.

Аммо бу халқаро ташкилот ҳам бу жангариларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир, дейди.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, "Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, авторитар бошқарув услуби, фуқаролар эркинлигини чеклаш, диний-сиёсий таъқиблар, қашшоқлик ва ишсизлик минтақа фуқароларини радикаллашишга ундаётган асосий омиллар бўлмоқда.

Худди шу ўринда Халқаро Инқироз гуруҳининг таъкидлашича, бу каби ҳолатга ўзлари сабабчи бўлаётган Марказий Осиё ҳукуматлари "Исломий Давлат" жозибасининг кучини етарлича баҳолай олишмаётир.

Гуруҳ эса, минтақанинг ўзидан ҳам эркагу аёл, ёшу кекса ва саводлию саводсиз, турфа тоифа кишиларнинг эътиборини ўзига тортмоқда, дейди халқаро ташкилот.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни ушбу мақола остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига мактуб билан йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ