'Пахта халқ бойлиги эмас, бир ҳовуч Ўзбек амалдорининг бойлиги'

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши кураш мақсадини кўзлаган Cotton Campaign 2014 йилдаги пахта йиғим-терими мавсумини ўрганиб шундай хулосага келган.

Cotton Campaign олдинги йилларда ҳам Ўзбекистонда инсонлар ўз ихтиёрларига қарши дала меҳнатига мажбурланаётганларига оид йиллик ҳисоботлар эълон қилган.

2014 йилги пахта мавсумининг ўзига хослиги шунда бўлганки, халқаро босимлар натижасида Ўзбекистон ҳукумати вояга етмаганларни мажбуран далага олиб чиқишдан воз кечган, бироқ ишчи кучи танқислигини миллионлаб катталарни далага мажбурлаб чиқариш ҳисобига қоплашга қарор қилган.

Бу эса ўтган йилги пахта мавсумида мисли кўрилмаган порахўрликка йўл очган, дейилади янги ҳисоботда.

"Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақат фахр, балки масъулият ҳиссини уйғотишга ҳам қаратилган "пахта - халқ бойлиги" шиоридан фойдаланиб келади. Амалдорлар баъзан жамоат ишларини бажаришни англатувчи "ҳашар" атамасидан фойдаланадилар. Бироқ ташвиқот Ўзбекистонда пахта етиштиришнинг даҳшатли воқелигини яширишга қодир эмас. Бу воқелик эса "халқ бойлиги"дан жуда йироқ. Пахта фақат ҳокимият тепасидаги бир ҳовуч амалдорларни бойитиш баробарида миллионлаб кишиларнинг қашшоқлашишига сабаб бўлади. Ҳукумат пахта етиштиришдан йилига 1 миллиард доллардан ортиқ даромад қилади. Аммо бу иш пахта теришга мажбурланадиган, кўп ҳолларда эса меҳнат, транспорт ва ҳосилни йиғиб-териб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар учун мажбурий "бадал" ундириладиган миллионлаб кишиларни талаш ҳисобига амалга оширилади", дейилади ҳисоботда.

"2014 йилда Ўзбекистон ҳукумати таъмагирлик ва пахта терими учун мажбурий меҳнатга оммавий жалб этиш кўламини кенгайтирди. Бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб кишиларни паха теришга ёки ҳосилни йиғишдан пора бериб озод бўлишга мажбурлади. Ҳукумат давлат сектори ходимларини аввалги йиллардагидан кўра кўпроқ сафарбар этди. Пахта йиғим-терими даврида икки ой давомида соғлиқни сақлаш ва таълим сингари асосий ижтимоий хизматлар кўрсатилишига тўсқинлик қилди. Ҳукумат хусусий иш берувчиларни ўз ходимларини пахта теримига жўнатиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун мажбурий тўловлар тўлашга мажбур қилди", дейилади Cotton Campaign янги ҳисоботида.

Янги ҳисоботда пайхта теримига олиб чиқилган инсонлар ноинсоний шароитларда сақлангани, теримчилар саломатлигига зарар етказадиган ҳолатлар кўп учрагани қайд этилган.

Ўзбекистонда 2014 йилги пахта йиғим-терими камида 17 инсоннинг умрига зомин бўлгани ҳисоботдан жой олган.

Ҳисоботда пахта теришга чиқишни истамаганлар, далага чиққан инсонлар ҳам маҳаллий тўраларнинг нақадар сўкиш-ҳақоратлаш, пўписаларига дуч келганлари айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини қуллардек ишлашга мажбурлаш сиёсатидан воз кечишга чақирилган.

Би-би-си ҳисобот муаллифларидан бири, Ўзбекистон-Олмония Инсон ҳуқуқлари Форуми раҳбари Умида Ниёзовадан, пахта йиғим-теримига мажбур қилинган инсонларга оид маълумотингиз қанчалар ишончли, деб сўради.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Your contact details
Disclaimer

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас