Youtubeдаги ўзбеклар "Сотқин" филми ҳақида нима дейишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Жорий йилнинг 6 Феврал куни премераси бўлиб ўтган "Сотқин" бадиий фильми ҳозирда Ўзбекистон кинотеатрларида намойиш этилмоқда.

Фильм - киноcценарист Рихсивой Муҳаммаджонов ва кинорежиссер Рустам Саъдиев ҳамкорлиги маҳсули.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризмга қарши кенг кўламлик ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу ташвиқот доирасида тақдим қилинган "Одноклассники.ру" ва "Гумроҳлар" каби фильмлар қаторида намойиш этилган ушбу фильм динда адашиб қолган "Сарвар" исмли бир шахснинг қисмати ва изтироблари ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм оммабоп равишда намойиш қилинмоқда ва хабарларга қараганда "видеоқароқчилар" ўлжасига ҳам айланишга улгурган.

Фильм "Ozbek film" фойдаланувчиси тамонидан Youtube порталига 28 Феврал куни юкланган ва 11 апрелига қадар уни 120,000га яқин интернет фойдаланувчиси кўрган.

Фильмга ўз муносабати билдирганлардан 725 яқини "ёқди", 132 фойдаланувчи эса, "ёқмади" тугмачаларини босган.

Айни пайтда "Сотқин" филмига турлича муносабатлар билдирилган.

"Жудаям қизиқ ва маъноли фильм чиқибди. Ўзбекфильм кўпроқ шунақа маъноли фильмлар устида ишласа, биздек ёш авлод маънавияти бундан ҳам кучлироқ бўлади ва кўзи очилади. Ҳар хил маиший, севги ҳақидаги фильмлардан кўра анча қизиқарли фильм бўлибди", деб ёзган "Walker A" номли Youtube фойдаланувчиси.

Шунингдек, "Walker A": "Гап шундаки, бу фильм, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, тинчликни кўра олмайдиган инсонлар бузғунчилиги ҳақида. Гап ҳижобда ҳам эмас ва Аллоҳни дўсти кимлигида ҳам эмас. Аллоҳ ягона биз эса, унинг оддий бандасимиз. Шу тинчликни юртимизга берган аввало ўзига шукур ҳамда юрт бошимизга раҳмат. Юртимиз доим тинч бўлсин!!!" дейди.

"Кино, кўп ўқиб ҳеч нарсани уқимаган ёшларимиз бор орамизда, мана шу ёшларнинг оқ ва қорани ажратиши учун ишланган. Қолаверса, бизга бундай ит эмган тақсир раҳнамонинг кераги йўқ. Оллоҳга шукр, шу юрт учун жон куйдирадиган давлат эгалари бор. Давлатимизнинг эгалари бор экан, деб биз қараб, киноларни таҳлил қилиб ўтирсак, малъунлар тинчлигимизни фаровонлигимизни ўғирлашмайдими, биз ҳам шу юрт учун жон куйдиришимиз керак эмасми, бизга гўзал ҳаёт ва яхши онларни ҳадя қилган ватан учун", дейди "Рустам Холмуродов" номли фаол.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Бошқа Youtube фойдаланувчиларининг айтишларича эса, фильмда Ислом дини қоралаган.

"Бу бир бузуқ фильм. Лекин, икки тип хам (буларнинг таьбири билан айтганда) бир гўр. Ҳатто, масхарабоздан ҳам катта гуноҳга қолибди... Ислом қонунларининг устидан очиқчасига кулишган. Аллоҳ сенларга кифоя қилсин ...", дейди "GsmVerh Mobile" исмли фойдаланувчи.

"90 йил умрини ибодатда ўтказган одамни битта кино билан кофир, мунофиқ қилиб кўрсатиб бериш мумкин," дея қўшимча қилган "Qudrat Shoabzalov".

"Alen Shuter" фильм оммани диндан узоқлашишига хизмат қилишини айтган.

"Шунақа фильмлар Ўзбек миллатини диндан узоқ қилади... Мана шу актёр, режиссёрлар умрида бир марта намоз ўқиганмикин?" дея савол қўяди у.

"bona bona" номи билан изоҳ қолдирган фойдаланувчи эса, фильмда Ислом дини қораламаганини таъкидлаган.

"Бу кинода маъно катта. Ислом дини ёмонланмаган. Яхши билан ёмонни ажратишни билиш керак. Яхши кино. Наркотикка қўшилиб, одамларни ўлдириш дўзахийни иши".

Аноним бўлиб қолишни истаган фойдаланувчи ушбу фильмни "сиёсий" дея баҳолайди: "Ўзбек халқини дунё бўйлаб ўз қадр-қимматини йўқотаётганини, ўзбеклар бошқа давлатларга аста-секин мардикор булиб бораётганини ва бунга сабабчи инсонларни қайта-қайта сайлаётганимизни ўзимиз ҳам тушуна олмаяпмиз. Эҳ юртдошларим, ўз қадримизга ўзимиз етмаяпмиз-ку, бизни қадримизга бошқа милатлар қандай етсин, ҳали ҳам кеч эмас, ўзимизга келайлик".

"Hurshidbek Muminov" эса, ҳақиқат қаерда эканлигини ўзбек томошабинлари яхши билишини, фильм мукаммал ишланмаганини таъкидлаган.

"Кино ижодкорлари ҳам, кўраётган тамошабинлар ҳам, билади қаерда ҳақиқат айтиляпти, қаерда ёлғон. Ҳаммаси илмсизликдан келиб чиқаётган фитналар," деган ушбу фаол. "Кино ижодкорларига ҳам яна битта гап - рўмол эскича арабларни кийими эмас, ҳижоб аслида бизни тилга ўгирганда рўмол дейилади. Авратларни ёпиб юриш эса, Аллоҳни буйруғи. Кино охирида кичкина қизни худодан дадасини тузалиб кетишини сўраши, ҳақиқий мусулмон Аллоҳга шунақа қилиб нола қиладими, ахир бундай қилиб насронийлар ибодат қиладию. Бу даражада ошириб юборманглар-да. Ароқ тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади".

Кўпчилик фильмни қўллаб-қувватлаганлар қатори "SupPer DetKA KonFetka" шундай деган: "Одамлар нимага тушунмайсизлар, бунда Ислом дини ёмон кўрсатилмаган, Ислом дини ортига беркиниб ёмон иш қилаётган, одамларни ўлдираётган, бир-бирига қарши бўлган, пешонасига ўқ тираган одамларни кўрсатяпти. Ислом динини қоралаётгани йўқ-ку, сал фаросатни ишлатинглар".

"Iroda Nosirova" филмда ҳижоб кулги қилинганини айтган: "Фикрингиз умуман нотўғри, ақллилик қилманг, динни яхши билганингизда, бунақа миннатдор бўлмас эдингиз, кинода дин ва ҳижоб масхара қилингани яққол кўриниб турибди".

Бу Youtube фойдаланувчисига жавобан "Хашимбек халиков" деган: "Дин ниқоб булмайди! Бошингизга қоп киймайсизми! Менга буни аҳамияти йўқ! Сизни тоат ибодатингиз бу сизга, менга ахамияти йўқ! Тошкентда ҳижоблик аёллар кам эмас экан. Араб мамлакатларида ҳам фоҳишалар тўлиб ётибди, ниқобда юрган! Одамни руҳи тоза бўлиши керак. Ҳар канча атир-упа гуноҳни ёпа олмайди. Ҳижоб ҳам шу тарзда қўлланилаётир. Айтгани гап йўқ бўлса, нима кераги бор? Хоҳланг кийинг, хоҳланг йўқ! Мени хотиним бу меники, мен шахсан ўзаро келишиб ҳал қиламан, нима кияди, нима йўқ! Чунки, сўроқ қилгувчи Оллоҳ! Агар Оллох сизга терговга рухсат берган бўлса, ўша ҳужжатни кўрсатинг!"

Бу фойдаланувчи Андижон воқеаларига боғлиқ ҳикоясини ўз изоҳларида қолдириб, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлигига ўз миннатдорчилигни билдириб ўтган.

Фильмни "Бахтияр Маматхалилов" шундай изоҳлаган: "Умуман, кинога 2 баҳо. Ўзбекистонликларнинг айримларига нима бўлди, тушунмадим. Яхшиям 95 % мусулмон яшайди. Пресса, ТВ, радио, ҳаттоки, киноларда Исломни қоралаб ташлашяпти. Ҳижоб кийган икки юзламачи эмиш. Ароқ ҳалол эмиш. Яна бир нарсалар, хуллас, тупикда".

"Nurlan Almaty" эса, қисқа қилиб фильм "халқни чалғитмоқчи бўлган" деб изоҳ қолдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK