Янги сўров: Дунё қанчалик диндор, Ўзбекистон-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дунё аҳолисининг учдан икки қисми диндор. Фуқароларининг қанчалик динга ишониши борасида эса, жаҳонда Таиландга бас келадигани йўқ.

Бу каби хулосага WIN/Gallup International тадқиқот маркази томонидан ўтказилган янги сўров ортидан келинган.

Таиланд аҳолисининг 94 фоизи ўзининг диндор эканини айтган, атеист фуқароларининг сони эса, бор-йўғи 1 фоизни ташкил этган.

Янги сўров натижаларига мувофиқ, Таиланддан кейин Арманистон, Бангладеш, Гуржистон ва Марокаш дунёнинг энг диндор давлатлари экани маълум бўлган.

Голландия, Чех Республикаси, Швейция, Япония ва Хитой эса, аҳолиси динга энг кам ишонувчи мамлакатлар рўйхатида юқори бешликни эгаллашган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан сўров харитасига фақат Қозоғистон тушган.

Сўров жараёнида қўшни қозоғистонликларнинг фақат 64 фоизи ўзларининг диндор эканликларини айтишган.

Худди шу манзарада Россия аҳолиси 70 фоизининг динга ишониши маълум бўлган.

Қўшни Афғонистонда эса, бу рақамлар 87 фоизни ташкил этган.

Янги сўров дунёнинг 65 давлатида қарийб 64.000 киши ўртасида олиб борилган.

Бу одамларнинг қанчалик диндор эканликлари юзма-юз, телефон ва интернет мулоқотлари орқали ўрганилган.

“Ёшлар энг диндор...”

Янги тадқиқотлар жараёнида ўзини диндор сановчиларнинг аксарияти ёшлар экани ҳам маълум бўлган.

Агар, сўров ортидан қўлга киритилган маълумотларга таянилса, бирор бир динга эътиқод қилишларини айтганлардан учдан икки қисмини ёши 25 дан 34 гача бўлганлар ташкил қилган.

Сўров муаллифларига кўра, бу каби ҳолат одамларда диндорлик туйғусининг бундан буёғига ҳам кучайиб бораверишига далолат қилади.

“Агар, янги сўров натижаларига қарасак, биз дунё бўйлаб ўзини диндор сановчи инсонларнинг фоизи ҳақиқатан ҳам нисбатан юқори эканига гувоҳ бўламиз. Агар, худди шу манзарада, ёшлар орасида диндорлик туйғусининг кучайиб бораётгани инобатга олинса, келажакда ҳам диндорлар сони глобал миқёсда ортиб боришини тахмин қилишимиз мумкин”, - дейди, жумладан, WIN/Gallup International тадқиқот маркази президенти Жан-Марк Легер.

Бошқа томондан, янги тадқиқотлар ўрта ва олий маълумотлилар билан таққосланганда, бирор бир ерда таълим олмаган инсонлар орасида динга ишонувчиларнинг сони кўпроқ эканини кўрсатган.

Дейлик, бундай одамларнинг сони 80 фоизни ташкил этган пайтда, саводхон диндорларнинг сони бундан 20 фоизга кам экани маълум бўлган.

Диндорлик даражаси қитъама-қитъа таҳлил қилинганда эса, Австралия ва Ғарбий Оврўпо аҳолиси динга у қадар эътиқод қилмайдигани бўлиб чиққан. Бу ерда диндор одамларнинг сони 50 фоизга ҳам етмаган.

Бундан аввал “Пью” халқаро тадқиқот маркази томонидан олиб борилган бошқа бир сўров эса, 2100 йилга бориб, Ислом – дунёда етакчи динга айланишига далолат қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Бу сўровда, шунингдек, келаси 35 йил ичида Ғарб истисно жаҳоннинг қолган ҳудудларида атеистлар сони ҳам камайиб бориши башорат қилинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ