Коллежларда гуруҳбозлик нақадар катта муаммо?

Ўзбекистонда коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасидаги гуруҳбозликка қарши кураш олиб борилади. Бу ҳақида "Постда" газетаси хабар тарқатди.

Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг 2015 йил биринчи чорак якунлари бўйича навбатдаги мажлисида чиқиш қилган ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Баҳодир Қурбоновнинг айтишича, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни, айниқса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўртасида юз бераётган гуруҳбозликларнинг олдини олиш борасида иш олиб борилади.

Тошкент вилоятидаги коллежлардан бирининг ўқитувчиси Би-би-си билан суҳбатда охирги йилларда ҳақиқатдан ҳам коллеж талабалари орасида гуруҳбозлик муаммоси юзага келганини тасдиқлади.

"Одатда коллежнинг биринчи курс талабалари, яъни 16 ёшли ўсмир ўғил болалар орасида келиб чиқади бундай муаммо. Чунки улар коллежга турли ҳудудлардан келишади, ва маҳаллий келиб чиқишига қараб ўзаро бўлинадилар ва гердайиб юриш учун бошқа ўсмирлар устидан назоратни ўз қўлларига олмоқчи бўладилар", - дейди у.

Исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган муаллим муаммо одатда сентябр ойларида келиб чиқишини айтади.

"Энди коллежда ўқиш бошланганда бўлади бундай ҳоллар. Кейин-кейин тинчиб кетади. Бизда ҳам ўсмирлар икки гуруҳга бўлиниб кўчада уришга тайёрланиб турганда, эркак ўқитувчиларимиз билиб қолишди ва югуриб бориб ажратишди. У болалар кейин кечқурун бошқа жойда учрашув урушишга келишиб тарқалишди", - дейди у.

Ўқитувчининг айтишича, бу каби гуруҳбозлик устидан назорат кучли ва унинг янада кучайтирилиши яхши чорадир.

"Бизда ҳокимиятда прокурорнинг айнан вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича вакили бор, шу киши коллежимизга келиб туради, тушунтириш ишларини олиб боради, болаларнинг телефонларини текширади, ёмон видеолар бор-йўқлигини. Бу каби урушқоқ болалар ҳамма жойда бўлади, лекин бир марта милиция учётига тушса бўлди, кейин уни милиция тез-тез чақириб назорат қилиб туради", - дейди муаллим.

Айни дамда ижтимоий мулоқот тармоқлари, ватсап ва телеграм орқали ўсмирлар орасида "разборка"лар акс этган видеолар тарқалиши кўпайган. Бу каби тортишувларда нафақат ўғил болалар, балки қизлар ҳам қатнашадилар.

Полковник Баҳодир Қурбонов профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар билан ишлашда "мактаб - оила - маҳалла" ҳамкорлигини янада кучайтириш, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари имкониятларидан кенг фойдаланиш лозимлигини кўрсатиб ўтгани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK