Ўзбекистонда Бош прокурор ўзгарди

Image caption Ихтиëр Абдуллаев бугун Бош прокуратура жамоасига таништирилган

Ўзбекистонда 15 йилдан бери Республика Бош прокурорлигини бошқарган Рашитжон Қодиров бошқа ишга ўтказилиб, ўрнига янги мулозим - Ихтиëр Абдуллаев тайинланган.

Ихтиëр Абдуллаев бугун Бош вазири Шавкат Мирзиёев томонидан Бош прокуратура жамоасига таништирилган.

Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев 2009 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Президенти ташкилий-кадрлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган.

"Қизиқ томони шундаки, бундай масалалар асосан ялпи мажлисларда кўрилар эди. Яқинда Рашитжон Қодировнинг фаолияти қониқарли деб топилган ва янги муддатга тайинланганди. Шунинг учун, бунақа шошилинч истеъфонинг сабаблари қизиқ бўлиши керак", дейди Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташанов.

Президент Ислом Каримов 10 апрел куни Олий Мажлисда қасамёд қилар экан, мамлакатда коррупциянинг барча кўринишларига қарши кураш кучайтирилишини урғулаганди.

Аммо, таҳлилчилар Бош прокурор ўзгаришини Ўзбекистонда қандайдир сиёсий ислоҳотлар ё-да, коррупцияга қарши курашнинг жиддий аломати сифатида баҳолаб бўлмаслигини айтишади.

Янги прокурор ким?

Ихтиëр Абдуллаев 1966 йил 22 майда Фарғона вилояти Учкўприк туманида туғилган.

Фаолиятини Фарғона шаҳридан бошлаган, 1988 - 1990 йиллар шаҳар суд бошқарувчиси сифатида фаолият олиб борган.

1990 - 1993 йиллар Фарғона вилояти вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Ихтиëр Абдуллаев шу тариқа қонунчилик соҳасидаги қатор лавозимларда тажриба тўплаган.

Жумладан, у Андижон вилоятида жиноят ишлари бўйича судида фаолият қилган.

Кейин Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси, Адлия вазири биринчи ўринбосари, 2009 йилдан бери эса, Ўзбекистон Президенти ташкилий-кадрлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган.

Image caption Рашид Қодиров Ўзбекистон Конституциявий судига ўтказилган

"Ихтиëр Абдуллаев адлия соҳасида анчагина тажрибага эга малакали юрист. Аммо, ўзига яраша жуда ҳам эҳтиёткор одам. Янги бир ташаббуслар, кескин қарорлар билан чиқмайдиган, "сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган” шахс... Шунинг учун, шахсан мен ундан прокуротура тизимида жиддий ислоҳотлар кутаётганим йўқ. Яъни, Ўзбекистонда Бош прокурор лавозимига тайинланиши мумкин бўлган одамлар сафи ўзи катта эмас... Шу жуда кам номзодлардан биттаси Ихтиëр Абдуллаев эди ва бу одам айни лавозим учун қандайдир ўзгаришлар қилади деб, чертиб-чертиб, саралаб олинган деган фикрда эмасман", дейди журналист Абдураҳмон Ташанов.

Айрим мутахасислар эса Ихтиёр Абдуллаевнинг куч тизимларида иш тажрибаси йўқлигига ишора қилиб, ўз соҳасида жиддий ислоҳотлар қилишга ожиз бўлади деган фикрда.

Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров муқаддам мамлакатдаги қудратли куч тизими саналган Миллий Хавфсизлик Хизматида ишлаган.

Хабарларга қараганда, РашитжонҚодиров Ўзбекистон Конституциявий судига ўтказилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio