Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шамол энергияси Ўзбекистондаги электр тақчиллигини ҳал қиладими?

Ўзбекистон Жаҳон Банкига шамол энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган кўп миллиард долларлик сармоя лойиҳаларини молиялашни таклиф қилмоқчи.

Бу ҳақда Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Хўжаев маълум қилган.

Regnum агентлигининг жаноб Хўжаевдан иқтибос келтиришича, ҳозирда Жаҳон Банки билан 5,7 миллиард долларлик сармоя лойиҳалари муҳокама қилинмоқда, шундан 3 миллиарди энергетика соҳасидаги лойиҳалардир.

Тошкентда шамол энергиясига бағишланган анмжуманда гапирган вазир ўринбосари Ўзбекистонда шамол энергетикасининг салоҳияти 520 ГВт дан кўпроқни ташкил этишини айтган.

Унга кўра, шамол энергияси ишлаб чиқарувчи қурилмаларни биринчи навбатда Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда ўрнатиш режаланмоқда.

Ўзбекистон сўнгги йилларда жиддий энергетика инқирозига юз тутган.

Аҳоли айниқса, қиш мавсумида электр тақчиллигидан шикоят қилиб келади.

Электр таъминотидаги узилишлар сўнгги пайтларда пойтахт Тошкентда ҳам кузатилмоқда.

Шу ой бошида Оврўпода Тикланиш ва Тараққиёт Банки электр тақчиллиги Ўзбекистонда бизнес йўлидаги асосий ғовга айланганини айтган.

Мутахассислар буни шўро давридаги инфратузилманинг эскиргани, мамлакатда аҳоли сони сўнгги 25 йилда 10 миллионга кўпайганига қарамай, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми шунга яраша ортмагани, муқобил энергия соҳасига етарли сармоялар киритилмаётгани билан изоҳлашади.

Аммо Ўзбекистоннинг собиқ энергетика вазири Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, Ўзбекистон ва умуман минтақада шамол энергиясининг истиқболи йўқ.

"Бизнинг минтақамизда шамол унчалик ҳам тез-тез учрайдиган табиат ҳолати эмас. Йилнинг кўп ойлари бизда шамолсиз ўтади. Шамол энергияси бизда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди. Бизда Худо берган Қуёш энергиясидан фойдаланиш мақсадга мувофиқроқ", - дейди у.

Унинг сўзларига кўра, шамол энергияси Ўзбекистондаги энергетика инқирозини ҳал қилмайди.

"Аҳолини энергия билан таъминлаш, бу албатта биринчи масала. Айни пайтда иқтисодиётнинг бош масаласи бўлган саноат ишлаб чиқаришини арзон энергия билан таъминлашни ҳам ҳал қилиш керак. Бунинг учун давлат йирик лойиҳаларни қўллаб-қуввталаш билан бирга ташаббускор тадбиркорларга йўлни очиши керак", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio