"Мурод Жўраев қамоқда бир неча бор ҳушидан кетган..."

21 йилдан буён қамоқда сақланаётган Мурод Жўраевни қамоқхонада кўриб қайтган рафиқасига кўра, унинг соғлиғи ўта ёмонлашган.

11 апрел куни Чирчиқдаги турмуш ўртоғини кўргани борган вақти Мурод Жўраев даҳлизда нафас ололмай йиқилиб тушган.

Холбека Жўраеванинг айтишича, унинг нафас олиши қийинлашгани сабаби аён эмас.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўтган йили Холбека Жўраева "Ўзбекистондаги энг узоқ муддат сақланаётган сиёсий маҳбус" сифатида кўрилувчи турмуш ўртоғини бориб кўрган вақти тишлари тўкилиб кетгани ва овқат ея олмай қолганига гувоҳ бўлганди.

Шундан сўнг Мурод Жўраевни қамоқхонадаги мажбурий оғир меҳнатдан, жумладан ғишт ясаш мажбуриятидан озид қилингани айтилганди.

Холбека Жўраеванинг айтишича, Чирчиқ қамоқхонасидан шу йили амнистияга мувофиқ, ҳатто "Конституцион тузумни ағдаришга уриниш"да айбланган камида 8 маҳбус авф этилган.

Мурод Жўраев авф ҳақида ёзган қайта-қайта аризаси, ёши ўтганлиги ва ҳатто саломатлиги ўта ёмон аҳволда бўлишига қарамай авф қилинмаган.

Мурод Жўраев ва яна бир неча "Эрк" партияси фаоллари 1994 йилда ҳокимиятни ноқонуний босиш олишга уринишда айбланиб, 1994 йил сентябр ойида қамоққа олинган.

1995 йил май ойида ўтган маҳкамада Мурод Жўраев 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати ҳозирга қадар уч марта узайтирилган.

Сўнгги, тўртинчи марта узайтириш Ўзбекистон Сенати янги амнистияни эълон қилган пайтга тўғри келган. 2012 йил 13 ноябрда Мурод Жўраевнинг жазо муддати тўлиқ тугаганига қарамасдан, қамоқхона ички тартибларини бузишда айблаб унинг жазо муддатига яна уч йил қўшилган.

Ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, 2013 йили уни қамоқхонда бориб кўрган вақти ўзаро суҳбатда Мурод Жўраев ўзининг қамалишида 1994 йили Бош прокурор ўринбосари бўлган Рашит Қодиров рол ўйнаганлигини тилга олган.

Шундан сўнг Мурод Жўраев "Рашит Қодиров ҳозир ҳам борми", деб сўраган. Унинг Бош прокурор лавозимида ишлаб келаётганидан ҳатто хабари ҳам бўлмаган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сурат Икромовнинг умид қилишича, ҳозирда Рашит Қодиров лавозимидан кетгани ортидан Мурод Жўраевни озод қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Халқаро ташкилотлар амнистияни сиёсий маҳбусларга нисбатан ҳам қўллашга чақиришган.

Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий тутқун деб кўрилган маҳкумларни қамоқдан чиқармаслик мақсадидаги баҳонаю амалларини мунтазам танқид қилиб келадилар.

Кўплаб йиллар давомида сиёсий тутқунларнинг қамоқ муддатлари "жазони ижро этиш муассасасининг ички тартибини бузди" деган баҳона билан узайтириб келинади.

60 ёшли Мурод Жўраевнинг қамоқ муддатини узайтириш ҳақидаги Олмалиқ шаҳар суди чиқарган ҳукмга кўра, Мурод Жўраев "оёқ кийимини ечмасдан ичкарига кириш", "чойни тамакига алмаштириш" билан Олмалиқ қамоқхонасининг ички тартибларини бузган.

Бугунги кунга келиб Мурод Жўраев мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолаётган сиёсий тутқунга айланган.

Ўзбек махсус хизматлари Мурод Жўраевни 1994 йилда Қозоғистондан ўғирлаб келганлар ва 1995 йил февралида унинг устидан ҳукм ўқилган.

Мурод Жўраев қамоқхонада ўзига қийноқлар қўлланилганини айтган.

20 йиллик маҳкумият оқибатида Мурод Жўраев саломатлигига жиддий путур етган.

1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.

Мурод Жўраев ҳали Россия собиқ президенти Борис Елциндан ҳам аввалроқ коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.

У 1990 йилда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer