“Исломий давлат”дан ким қўрқади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption "Исломий давлат" Тошкент учун қўрқув омилими ва ё баҳона?

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари “Исломий давлат”га қарши йирик тарғибот амалларини бошлашган.

Шахсан президент Каримовнинг ташаббуси деб аталаётган бу кампанияга диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам қўшилишган.

Қўшни Афғонистонда “Исломий давлат” унсурлари пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалар экан, Ўзбекистон ҳукумати жиддий ташвишга тушган кўринади.

Тарғиботчилар ёшларни “Исломий давлат” жангари гуруҳининг сафларига қўшилмасликка даъват қилишар экан, кузатувчиларга кўра, бу кампания муқаддам бўлгани каби “дўппи деса, калласини келтириш”га айланган.

Айрим шаҳарларда милиция ходимлари рўмолли аёлларнинг жамоат жойларида пайдо бўлишига қаршилик қилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Расмий муллалар

Image caption Озодбек Ўзбекистоннинг эмас...Сурия дардини куйлади

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита эса “Исломий давлат”ни ўз жиноятларини яшириш учун Ислом динидан фойдаланишда айблайди. Жума намозидаги маърузаларнинг аксарияти бу жангари ва ақидапараст гуруҳни қоралашга бағишланмоқда.

Таниқли имомлар вилоятларга сафарга чиқишиб, “Исломий давлат” хавфидан огоҳлантирмоқда.

Ўзбекистон имомлари мусулмонларни “асл ва тоза” Исломни турфа “ёвуз” оқимлардан фарқлай олишга чақирган.

Тошкентлик имом Анвар қори Турсунов Ўзбекистон телевизионидан чиқишида, “бугун ҳаммамиз ҳушёр бўлишимиз керак” деб насиҳат қилди.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб “Исломий давлат”га қарши ёзилган китоб тақдимотлари ўтказилди.

Тарғибот жабҳасидаги санъаткорлар

“Исломий давлат” ва диний ақидапарастликка қарши шеърлар битилмоқда, кинолар олинмоқда ва ҳатто қўшиқлар куйланмоқда...

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг террорни қоралаб, Исломнинг тинчлик дини эканлиги ҳақидаги “Очиқ хат” асари ҳам оммалашиб кетган.

Халқ артистларидан бири эса олис Суриядаги Ўзбекистондаги вазиятга тарихий ва замонавий жиҳатдан тескари бўлган фожеадан ҳам ҳукумат тарғиботи йўлида фойдаланган.

“Аллоҳимга айтиб бер” қўшиғида Сурияда қурбон бўлган уч яшар норасидага қарата, Озодбек Назарбеков, "ўзбек миллатида туғилсанг...” беғам яшардинг қабилида нола қилиб беради.

Яқинда қамоқдан озод этилган журналист Хайрулла Ҳамидов ҳам “Исломий давлат”ни қоралайдиган шеър битди.

Халқ артистининг қўшиғи ва собиқ маҳкум журналистнинг шеъри ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик кино ижодкорлари томонидан олинган филмларнинг номиёқ ҳукумат тарғибот машинасининг анчайин жадаллаштирилган фаолиятидан дарак беради.

Танқидчиларга кўра, ўта ҳаваскорона ва тескари натижа берадиган “Гумроҳлар” ва “Сотқин” филмлари машҳурлик даражасида бошқа хашаки лойиҳалар, масалан, “Тилим қурсин” га ҳам етолмаган...

Эски тарғибот усули, ёлғон ва қўрқув қоришмаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Исломий давлат"га қарши кампания ташаббускори

“Исломий давлат”га қарши кампания бу сафар ҳам Ўзбекистон ҳукумати бош-қош бўладиган усулда олиб борилмоқда.

Президент ташаббускор, оммавий-ахборот воситалари эса бир имога муҳтож “аскар”ларга айланишган.

Аввал ўтказилган ва афтидан бугун аксарият қанчалар муваффақиятсизлик кечганини тан олиб бўлган кампаниялардан бири “оммавий маданият” унсурларига қарши эди...

Одатда Ўзбекистон телевизиони Яқин Шарқдаги воқеаларни мутлақо четлаб ўтади.

Сурия, Миср, Тунис ва ё Фаластиндаги воқеалар, айниқса инқилоблар халқдан яшириб келинади.

Ўзбекистондаги “тинчлик-хотиржамлик” ақл бовар қилмайдиган даражада мақталади ва халқ онггига “шукр қилиш” кераклиги тинимсиз “қуйиб” турилади.

Бунинг учун эса Яқин Шарқдаги урушлар мисол қилинади, инқилоблар ва норозилик чиқишлари ҳақида лом-мим дейилмайди, фақат “Исломий давлат” олабўжига айлантирилади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати “Исломий давлат”нинг қўшни Афғонистонда бўй кўрсатишидан жиддий ташвишга тушган, аммо айнан шу масала Тошкентга “бир ўқ билан икки қуённи” отиш имконини яратган.

Яъни, Ўзбекистон ҳукумати авваллари бўлгани каби турфа баҳоналар билан “ташқи душман” образини зўр бериб бўрттиради ва ўзининг “ички душман”ларидан шу йўл билан қутулиб олади.

Раҳбар ташаббусига...ҳамма ҳам ишонмайди

Image caption "Сотқин" филми "Тилим қурсин" даражасида эмас..."

Каримов ўтган йил ёзида илк бор “Исломий давлат” хавфидан огоҳлантирган эди.

Мамлакат диний уламоларини бу хавф-хатардан жамоатчиликни огоҳ этишга даъват қилган эди.

Декабр ойи бошларида эса Ислом Каримов қўшни Афғонистондан хорижий кучлар чиқарилиши ортидан бу мамлакатга яна турфа террорчи гуруҳлар жойлашиши эҳтимоли ва айни ҳолат Ўзбекистон учун таҳдид эканини урғулади.

“Ироқ ва Суриядаги “Исломий давлат”нинг унсурлари Афғонистонга кираётгани ҳақида жиддий ишоралар бор”, деб айтган эди Ўзбекистон президенти.

Аммо ҳамма ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг тарғиботига учаётгани йўқ.

Айрим ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг “Исломий давлат”га қарши кампанияси аслида диндорларни жиловлаш учун баҳона экани баҳс қилинди.

Айниқса, ҳаваскорона олинган “Гумроҳлар” ва “Сотқин” филмида ҳижоб ва рўмолларни “Араблар маданияти” ўлароқ таъриф қилингани аксариятнинг норозилигига сабаб бўлди.

“Бу филмларнинг асл мақсади Ўзбекларни диндан узоқлаштириш”, деб изоҳ қолдиради ижтимоий тармоқ фаолларидан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ