‘Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қўрқув уйғотмоқчи’

Ҳаракатнинг Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириши ортидан шу ой бошида эълон қилган каллакесарлигига оид илк видеосига ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларнинг муносабатлари худди ана шундай бўлди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган йил сентябр ойида дунёдаги энг жангари бу гуруҳни қўллашини расман эълон қилган ва минтақадаги “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтирган илк исёнчи гуруҳлардан бирига айланганди.

Ўзининг баёнотини эълон қилган пайтда Покистоннинг Шимолий Вазиристонида бўлгани англашилган ҳаракатнинг орада кечган вақт мобайнида Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи билан бевосита алоқа ўрнатишга муваффақ бўлгани ё-да йўқлиги шу пайтгача маълум эмас.

Аммо, Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида таъкидлашича, Афғонистонда тасвирга олган каллакесарлигига оид илк видеоси, бу икки гуруҳ ўртасидаги бугунги норасмий муносабатлар ва ҳамкорлик даражасининг кўпчилик кутганидан кўра кучлироқ эканига далолат қилади.

Халқаро таҳлилчи, ўз навбатида, воқеаларнинг бу каби ривожи ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлганини алоҳида эътироф этади.

“Исломий Давлат” худди шундай тактикани Ироқда унча бўлмаса ҳам, асосан Сурияда анча вақтдан буён қўллаб келади. Шу боис ҳам, яқинда эълон қилган видеоси Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг “Исломий Давлат”нинг изидан кетаётгани, уларнинг тактикасидан нусха кўчираётганини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг янада тажовузкор бўлиб бораётгани, “Исломий Давлат” аллақачон ҳаракатга ўз таъсирини ўтказа бошлаганини англатади”, - дейди халқаро таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Шу кунларда Афғонистонда сўнгги йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг янги истеҳкомига айланган ва яқинда ўнлаб жангарилар "Исломий Давлат" байроғи остида ҳаракат қилишни бошлашгани айтилган шимолий-шарқий Қундуз вилояти ҳам қақшатқич жангларнинг янги марказига айланган.

Маҳаллий масъуллар ҳам Афғонистоннинг Тожикистон билан бевосита чегарадош ушбу вилоятида ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётганларнинг толиблар дейилса-да, айнан хорижий ёлланма жангарилар эканини тахмин этишмоқда.

Ҳали Қундуздаги қақшатқич жанглар арафасидаёқ, Афғонистон парламенти қуйи палатаси раиси мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига туташ шимолини Покистоннинг Шимолий Вазиристонига қиёс берганди.

Чунки яқинда Афғонистоннинг Тожикистонга қўшни яна бир шимолий-шарқий Бадахшон вилояти қонли ҳужумларга саҳна бўлган, ўнга яқин ҳукумат аскарининг боши танасидан жудо этилганди.

Аммо, шунда ҳам, Лондондан таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, бу икки гуруҳ ўртасидаги алоқаларнинг ҳақиқий кучини фақат вақт кўрсатади.

“Бу масалада қатъий хулоса чиқаришга ҳалиям эрта. Икковлон ўз ҳаракатларини амалда қанчалик мувофиқлаштиришга муваффақ бўлиш-бўлмасликлари, яъни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати минтақада фақат “Исломий Давлат”нинг нусхасига айланиб қолиши-қолмаслиги келаси бир-икки йил ичида аён бўлади”, - дейди халқаро таҳлилчи Пол Рожерс.

"Андаза"

Покистондан етакчи минтақавий таҳлилчи суҳбатдошимиз Хадим Ҳусайннинг айтишича эса, ҳозир “Исломий Давлат”нинг Яқин Шарқдаги бошқарув ва фаолият юритиш модели минтақада шаклланаётган жангари гуруҳларнинг янги иттифоқлари учун бир андаза вазифасини бажармоқда.

“Айниқса, ўз талқинларидаги жиҳод ғояси “Исломий Давлат”ники билан бир хил бўлган жангари гуруҳлар бундан кўпроқ илҳомланишмоқда. “Исломий Давлат”дан одамлар орасида қўрқув уйғотиш ва уларни бошқариш йўл-йўриқларини ўрганишмоқда. Бу хатти-ҳаракатлари билан минтақа давлатлари учун яна бир хавфга айланишмоқда”, - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳозирга келиб, “Исломий Давлат” “ал-Қоида”, Покистон ва Афғонистон Толибон ҳаракатларининг ўрнига минтақада янги куч сифатида бўй кўрсатишга уринмоқда.

Хадим Ҳусайннинг айтишича, бир томондан, жамиятни ўз назорати остига олишнинг замонавий услубига эга экани ва бошқа тарафдан, глобал халифат қуришга оид аниқ концепцияси борлиги туфайли ҳам гуруҳ бунга муваффақ бўлаётир.

“Бундан ташқари, “Исломий Давлат” дунёдаги бошқа жангари гуруҳлар билан алоқа ўрнатиш ва иттифоқчиликка киришишга имкон берадиган даражада улкан молиявий ресурсларга эга”, - дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, бошқа томондан, ҳатто, Афғонистон ва Покистонда аллақачон жанг олиб бориш услублари ва тактикасидан нусха кўчиришга ўтилгани “Исломий Давлат”нинг минтақада янги таҳдидга айланаётганининг яққол далили бўлиб хизмат қилади.

“Тақлид қилишлари учун аллақачон муайян бир моделнинг мавжуд экани боис, минтақадаги “Исломий Давлат”га байъат келтирган гуруҳлар янада шафқатсизроқ, хатарлироқ ва ҳалокатлироқ бўлиб боришмоқда. Улар бу моделнинг ҳам услуби, ҳам ғояси ва ҳам стратегиясидан нусха кўчиришмоқда. Пайдо бўлаётган бу каби янги хавф эса, сўзсиз, минтақа давлатлари учун жуда жиддий таҳдиддир”, - дейди Покистондан таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Унга кўра, ҳозирча, минтақа давлатларида бу хавфнинг олдини олиш имконияти бор.

“Аммо бунинг учун энг аввало Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг “Исломий Давлат”га оид ўзларидаги маълумотларни айирбошлашга келишиб олишлари лозим бўлади. Худди, “ал-Қоида” тармоғи мисолида бўлгани каби”, - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, минтақавий таҳлилчининг айтишича, ҳозирча, бу ишга тўлиқ киришилмаган.

Хадим Ҳусайнга кўра, каллакесарлигига оид илк видеоси билан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам ўз овозини эшиттирмоқчи, ҳалиям кучли экани, дунёдаги бошқа жиҳодий гуруҳлар билан алоқада эканлиги, ҳануз қўрқув уйғотишга қодирлиги ва ҳалиям минтақа давлатларига таҳдид солиши мумкинлигини кўрсатмоқчи.

Истак

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Исломий Давлат”га садоқати баён этилган ўтган йилги баёнотида эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристондаги давомий кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб, ночор аҳволда қолганини шахсан ўзи расман эътироф этганди.

Ҳаракатнинг ушбу баёнотига баҳо берган таҳлилчилар эса, йилларки “ал-Қоида” тармоғи ва ҳар икки Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлиб келган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзининг қарори билан “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланиш, қайта фаоллашиш истагида эканини айтишганди.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, “Исломий Давлат”га байъат келтириши ортидан кечган бир неча ойнинг ўзида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бутун Афғонистон бўйлаб янада фаоллашишга уринаётгани кузатилади ва жанубий Зобул вилоятида содир этган каллакесарлигига оид илк видеосини ҳам худди шу манзарада эълон қилган.

Зобулда шу йилнинг феврал ойида ўттиздан ортиқ ҳазоранинг олиб қочилиши билан боғлиқ ҳодиса ҳам афғонистонлик масъуллар томонидан "Исломий Давлат”га нисбат берилган.

Афғонистон жанубидаги мухбиримиз Маъмун Дурронийнинг айтишича эса, тутқунларни озод этиш учун “Исломий Давлат”га қарши, деб уюштирилган йирик ҳарбий амалиётларнинг нишони айнан яқинда Покистондан Зобулга қочиб ўтган юзлаб Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари бўлишган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ўзи дохил шу пайтга қадар Афғонистонда фаолият юритувчи бирор бир жангари гуруҳ Зобулдаги одам ўғирлаш ҳодисасига жавобгарликни расман ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Мухбиримизга кўра, март ойидаги ҳарбий амалиётга қарамай, Зобулдаги ўнлаб тутқуннинг тақдири ҳануз мавҳум қолмоқда ва Афғонистоннинг жанубий, жанубий-шарқий вилоятларида аксариятининг миллати ўзбек бўлган хорижий жангариларнинг сони ой сайин ортиб бораётир.

Маъмун Дурронийнинг айтишича, бу жангарилар жорий пайтда асосан вилоятнинг Толибон назорати остидаги ҳудудларида маҳаллий ёшлар ҳисобидан ўз сафларини кенгайтириш, баҳорги амалиётларига ҳозирлик кўриш ишлари билан банд. Устига устак, тоғли, ҳукумат аскарларининг қадами етиб бориши қийин бир ҳудудда жойлашгани боис, Зобул улар учун хавфсиз жаннат вазифасини бажармоқда.

Унинг айтишича, каллакесарлиги акс этган видеосида ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан бир бир неча ой бурун Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни Бадахшон ва Тахор вилоятларида қўлга олинган ўндан ортиқ ўзбек жангарисининг озод этилишини талаб қилишади.

Аммо, мухбиримизга кўра, уларнинг талабларини рад этиш баробарида, афғонистонлик масъуллар Зобул ва Ғазнийдаги жангариларга қарши янги ҳарбий амалиётга ҳам қўл уришмоқчи.

Бошқа томондан, воқеаларнинг бу каби ривожи “Исломий Давлат” гуруҳи шу йил бошида Покистонда ўзининг минтақадаги тармоғига асос солиши ортидан кузатилмоқда.

Янги тармоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эслатиб ўтиш жоиз, орада Покистон ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг юзлаб аъзолари ҳам амирул-мўмининлари Мулла Муҳаммад Умардан воз кечиб, “Исломий Давлат” раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат келтириб бўлишган.

Яқинда Афғонистоннинг шарқий Жалолобод вилоятида амалга оширилган ва ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган қонли ҳужум эса, "Исломий Давлат” масъулиятини расман бевосита ўз зиммасига олиб чиққан минтақадаги биринчи ҳужум бўлганди.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида минтақанинг аксарият давлатлари “Исломий Давлат” хавфидан огоҳлантириб улгуришган, хос хавфсизлик чоралари кўриш ва ўз чегараларини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолишган.

Айрим халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, Яқин Шарқда “Исломий Давлат” сафларида жанг қилаётган марказий осиёликларнинг сони ҳам аллақачон бир неча мингга етган.

Минтақадаги турли жангари гуруҳлар ёки улар аъзоларининг “Исломий Давлат”га байъат келтиришга оид баёнотлари манзарасида эса, минтақавий таҳлилчилар энг аввало “Исломий Давлат”га хос шафқатсиз жанг олиб бориш услубларининг Марказий Осиё чегараларига яқинлашиши хавфи билан огоҳлантиришганди.

Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи суҳбатдошимиз Пол Рожерснинг айтишича, шу кунларда жанглар билан ўралашиб қолгани боис, расман муносабат билдиришга вақти бўлмаса-да, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг каллакесарликка оид илк видеосига “Исломий Давлат”нинг муносабати илиқ бўлиши тайин.

"Исломий давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бор-йўғи бир неча ойнинг ичида Ироқ ва Сурияда каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўтган йил ёзида ўзининг исломий халифалигига асос солган “Исломий Давлат” жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан энг бойи ва қудратлиси, деб эътироф этилади.

Сўнгги ойларда “Исломий Давлат”нинг Яқин Шарқ чегараларидан ташқарида фаоллашишга ҳам уринаётгани кузатилади.

Орада Африкадаги энг жанггариси саналмиш “Боко Ҳарам”дан тортиб, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё минтақасида яна қатор исёнчи гуруҳлар “Исломий Давлат”га байъат келтириб бўлишган.

Минтақадан биринчилардан бўлиб бу ишга қўл урган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам 1998 йилда Ўзбекистондаги жорий тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш ғояси билан дунёга келган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг бугунги сони, омон қолган жангарилари ва раҳбарларининг ҳозир айнан қаерда эканликларига оид расмий, ишончли маълумотлар йўқ.

Покистон Қуролли Кучларининг ўтган йил ёз ойида Шимолий Вазиристон минтақасида йўлга қўйган кенг кўламли ҳарбий амалиётларига қадар уларнинг сони бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилган.

Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён ҳаракат аъзолари асосан Покистоннинг қавмлар яшовчи ярим мухтор Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келишган.

Орада ҳаракат асосчилари Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдош, уларнинг ўрнига тайин этилган яна бир лидери Усмон Одил ҳам америкаликларнинг дрон ҳужумларида ўлдирилган.

Ўтган бир неча йилдан буён Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига Мужоҳид Усмон Ғозий бошчилик қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ