Ўзбек ёшларининг орзуси: прокурор, милиция ва 'обрў'

Image caption Қишлоқ ва шаҳар ёшларининг интилишлари турлича

Ўзбек матбуотининг хабарларига кўра, Фарғона шаҳрида "Биз буюк юрт фарзандларимиз" номи остида ёшлар фестивали ниҳоясига етган.

Мустақилликнинг навбатдаги санасига тайёргарлик доирасида бу каби тадбирлар мамлакат бўйлаб ҳар йили ўтказилади.

Аммо бу расмий тадбирлар ёшларнинг ҳаққоний орзу ва истакларининг намойиши, деб айтиш қийин.

Аввалроқ Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилоти қишлоқларда бир сўров ўтказган.

Аёллар ва болалар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот 15-16 яшар ўсмирлардан коллеж ва лицейларни битирганларидан кейин ким бўлишлари ҳақида сўраган.

Сўров муаллифларининг айтишларича, учта асосий жавоб- "туман прокурори", "туман милицияси бошлиғи" ва "туман суди раиси" бўлган.

Бу мансаблар ҳаммага ҳам етмаслиги мумкин-ку, деган саволга ёшлар дарҳол "унда уйланиб, оилавий ҳаётни бошлаймиз", деб жавоб беришган.

Аммо афтидан, шаҳар ва қишлоқ ёшларининг орзу ва интилишлари турлича.

Олмониялик тадқиқотчи Йеско Шмоллер ўзбек ёшларининг интилишларига бағишланган тадқиқот ва китоб муаллифи.

У аввалроқ Тошкентда бўлиб, шаҳар ёшлари орасида қатор сўровларни ўтказган.

Би-би-си ундан бугунги ўзбек ёшлари кўпроқ қайси касб ва соҳаларни танлашмоқда, деб сўраган.

Йеско Шмоллер: Менимча биз икки касбий фаолиятни ажратиб кўрсатишимиз керак. Биринчиси- тадбиркорлик ёки ўзбек бизнеси. Иккинчи томонда эса- "давлат иши" номини олган фаолият тури. Булар иккита бир-биридан тамоман фарқли фаолият турлари бўлиб, уларни танлайдиган ёшлар ҳам кўпинча фарқли табиат ва характерга эга бўлган ёшлардир.

Би-би-си: Ҳар икки гуруҳга оид мисолларни келтира оласизми?

Йеско Шмоллер: Албатта, масалан, бизнес ҳақида гапирадиган бўлсак, булар эркин, бировга қарам бўлишни истамайдиган ва табиийки, муносиб пул топишни истовчи ёшларнинг танловидир. Давлат иши ёки маъмурликни танловчи ёшлар эса ўзбек жамиятида чуқур илдиз отган бошлиқ, ўзидан тепадаги одамга бўйин эгишга мойил ёшлардир. Улар тобеълик эвазига барқарор маош ёки даромад манбаъига эга бўлишни исташади. Узоқ муддатда улар ҳокимият ва таъсирга эга бўлишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар. Аммо мен Тошкентда учрашиб, суҳбатлашган ёшларнинг кўпчилига бизнесни танлашларини айтишди. Улар эркин бўлишни, ўзларига ўзлари хўжайин бўлишни истайдиган ёшлар.

Image caption Йеско Шмоллернинг айтишича, совет давридагидан фарқли ўлароқ, ҳозирги ўзбек ёшлари анча реалист

Би-би-си: Аммо Ўзбекистонда тадбиркор бўлиш дегани эркин бўлиши дегани эмаслигини ҳам биламиз. Ҳар қандай тадбиркор давлат ва ҳокимиятнинг дастагига муҳтож, эҳтимол, давлат маъмурларидан ҳам кўра кўпроқ боғлиқдир.

Йеско Шмоллер: Мен учрашган тошкентлик ёшлардан бири кичкина емакхона очган, аммо бу унинг ягона бизнеси эмасди. Бундан ташқари, у тил ўргатиш марказида ҳам ишлайди ва бунга қўшимча бир консалтинг ширкатида ҳам фаолият олиб боради. Буларнинг ҳаммасидан келадиган даромади унга шахсий ҳайдовчи ёллаш ва муносиб ҳаёт кечириш имконини берган. У 20 ёшлар чамасида эди ва ўзи ҳаётда эришган ютуқларидан ғурурланадиган ёшлар тоифасидан. Менда шундай таассурот қолдирди. Яъни бу Ўзбекистонда мумкин.

Би-би-си: Сиз фазогир ёки ядро физикаси бўйича мутахассис бўлишни орзу қилган ёшларни ҳам учратдингизми Ўзбекистонда?

Йеско Шмоллер: Мен бу каби фикрни эшитдим. Яъни совет давридаги ёшлар идеалистроқ эди, ҳозиргилар бошқача қабилида шикоят қиладиган катта ёшдагиларни учратдим. Совет давридаги воқеъликнинг ўзи анча идеалистик эди назаримда. Ҳозирги ёшлар эса кўпроқ реалист. Албатта, уларнинг ўзлари кўпинча бунинг фарқига бормасликлари ёки тан олмасликлари мумкин.

Би-би-си: Аммо агар ҳамма ёшлар ё бизнес ё-да давлат ишида ишлашни орзу қилишса, бошқа соҳалар, дейлик, илм-фан билан ким шуғулланади? Умуман, бу тенденция сизга бугунги ўзбек жамияти ҳақида қандай хулосаларни чиқаришга имкон берди?

Йеско Шмоллер: Бу мавжуд шарт-шароитлар тақозоси, деб биламан. Чунки мустақилликдан кейин шароитлар анча оғирлашди. Давлат кўпгина соҳаларни молиялашни тўхтатди ва одамлар ортиқ давлатдан марҳамат кутиб ўтиролмас эдилар. Ўзингизнинг кунингизни ўзингиз кўришингиз керак. Мен ҳозирги ёшларнинг танлови ортида турган мотивларни тушунаман. Шуни ҳам ҳисобга олишимиз керакки, одамлар кўпинча ўз орзуларини рўёбга чиқара олишмайди. Ҳамма ҳам адвокат ёки йирик бизнесмен бўла олмайди. Бизнесга ўзини урган ёшлар маълум даражада, дейлик кичкина бир емакхона ёки ўртача бир корхона эгаси сифатида қолиб кетишлари мумкин.

Би-би-си: Сиз ўз китобингизда ўзбек жамиятида маълум нуфузга эришишда ҳашаматли тўйнинг ҳам аҳамиятини таъкидлаб ўтгансиз. Сизнинг-ча, бу фақат ўзбек зеҳниятига боғлиқ бир нарсами?

Йеско Шмоллер: Бу одамларнинг сизга ҳурмат кўрсатишлари, яъни "обрў олиш" билан боғлиқ бир кўриниш. Эҳтимол, бу фақат ўзбеклар эмас, балки бутун минтақа- Марказий Осиё учун хос бир нарсадир. Масалан, мен Олмонияданман. Олмонияда одамлар пул харжлашда анча эҳтиёт бўлишади. Масалан, менинг ота-онам турмуш қуришганида кўп пул сарқлашни исташмаган ва тўйга фақат биттадан дўстларини таклиф қилишган. Ўзбекистонда бўлса, тўйга 300-400 одам таклиф қилинади ва харажатлар бир дунё. Тўй эгаларининг доимий иши бўлмаса ҳам, даромадлари ҳаминқадар бўлса ҳам тўйга юзлаб одамлар айтилаверади. Ғарбликларнинг назарида бу анчайин иррационал кўринади. Аммо бунинг орқасида ўзига хос рационаллик бор. Яъни одамлар катта, дабдабали тўй ўтказиш билан жамоада ўзига яраша обрў қозонишни, ижтимоий салоҳиятга эга бўлишни мақсад қилиб қўйишади. Яъни бу иқтисодий бўлмаса ҳам, ўзига яраша ижтимоий бир капитал. Одамлар вақти келиб, бирон мушкул вазиятга тушганларида бу капитални сафарбар қилишлари, унинг ёрдамида маълум муаммоларни ечишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio