Би-би-сига айтаман: «Тошкент кўчаларида реалити шоу!»

Image caption "Машинанинг уволи тутгурлар..."

Шу чет элликларнинг шоуларини жиним суймайди денг…

Бир қарасангиз қорни ёрилиб кетадиган даражада бургер ейишга беллашиб қолишади, яна бир қарасангиз, биз томонларда яна эллик йил «миқ» этмай юриб берадиган машиналарни миниб пойга қилишади...Пойгада ютганга мукофот, ютмаган машинани эса «қозиққа» илишади!

Жон-жонингдан ўтиб кетади бу тўйган ва егани бурнидан чиқаётган хорижликларнинг бу қилиқлари…Қарабсизки, бу ҳали айтганим, бизнинг кўчаларда яна эллик йил юриб берадиган «импортний» машинага …қараб бўлмай қолади.

«Дадаси, шу мошинларни уволи тутсин буларни! Оёғингга кунинг қолгурлар! Жўнат биз томонларга гуманитар ёрдам қилиб», деб нолиб қолади янгангиз.

Ўшанақа шоулардан бири “Last car standing” деб аталади, мен уни ўзимча, “машиналарни қийноққа солиш” деб атайман!

Аммо томашабинлар орасида бундай кўрсатувлар жуда оммалашган... Маза қиворишади ўзиям!

Ўзбекистон деган ажойибу ғаройиб мамлакатда яшайдиганлар учун эса бунақа ўйинлар умуман керак эмас.

Чунки бизда шоу кўраман десангиз, бир кўчага чиқинг, истасангиз пиёда, истасангиз ва айниқса, машинангизни бир “қийноққа” соламан десангиз...машинада!

Image caption "Қозиқ"

Ўйин кўчада...масалан, телефонингизда пойга ўйинини ўйнасангиз, сизни бу ўйин қурғур рағбатлантириб туради, мукофотлайди, даражангизни ошириб қўяди, онда-сонда мақтайди, аммо бизнинг кўчаларда Шумахер бўлиб юрсангиз ҳам...дабдала бўлиб қолишингиз тайин!

Доим ютқизасиз! Чуқурларни айланиб ўтасизми, машинанингизни сакратиб ўтасизми, бирор бир инсон раҳмат демайди...

Кеча кечқурун ўтган йўлингизда эса...тонгда чуқур пайдо бўлади, кўрмай қолмасангиз, тамом, бу молиявий зарбани чўнтагингиз кўтарадими, йўқми, буниси менга қоронғу!

Адреналинни биз ўзбекистонликлар турфа ўйинларда эмас, ҳаётда оширволамиз.

Лекин...биздаги йўлсозлар шу “қозиққа илинтириш” ўйинини кўриб илҳомландими, билмадим, аммо йўл устига “қозиқ” тиклашга киришиб кетишган!

Бу қозиққа илинаётганлар сони ҳам кун сайин ошиб бормоқда.

Айниқса кечалари ёритилмайдиган кўчаларда юрсангиз…бу «қозиқ»лар лоп этиб қаршингиздан чиқиши тушингизга ҳам кирмаган бўлади.

На бир огоҳлантирувчи белги, на бир чироқ ёки ўлдим деганда нур қайтаргич ўрнатилган...ақалли олачипор қилиб бўяб ҳам қўйишмаган!

Бу “қозиқ”лар аслида йўл ҳаракати камералари учун экан деб ҳам айтишди.

Йил охирларига бориб битиб қолади дейишмоқда маҳалладагилар, унгача эса ҳақиқий, реалити шоу учун Ўзбекистонга келинг!

Машиналарга қийноқ қўлланишига қарши тошкентлик

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ