Ўзбекистонда газ ва электр яна қимматлайди

Image caption Бу таниш манзара...

Ўзбекистонда газ ва электр қуввати учун нархлар 7 фоиздан ортиқроққа оширилиши маълум бўлди.

Янги нархлар 15 майдан амалга киради.

Ушбу хизматларга нархлар ўтган йилнинг октябр ойида ўртача 10 фоизга орттирилган эди.

Иссиқ ва совуқ сувдан сўнг газ ва электр қувватининг нархи кўтарилиши маълум қилинди.

1 куб газга истеъмолчилар янги нархлар бўйича салкам 200 сўм тўлайди.

киловат соат электр энергияси 144 сўмдан 155 сўмга оширилади.

Тойлоқ туманидан Фарҳод электр энергияси нархининг ортиши аҳолига катта таъсир қилмаслигини айтади.

Чунки чироқнинг ўзи кам берилади.

“Газ борасида бир нарса деёлмайман. Свет доим ёниб турса нарх ошганлиги билиниши мумкин. Лекин кўп жойларда режим асосида узилишлар билан беради. Шунинг учун унчалик билинмаса ҳам керак”, - дейди Фарҳод.

Жиззах вилоятидан Саъдулла ака нархларнинг ҳар олти ойда кўтарилиши одамларнинг чўнтагига салбий таъсир қилишини айтади.

“Албатта, бу чўнтакка таъсир қилади. Олдин минг киловатга 140 минг атрофида тўлаган бўлсак, энди 150 мингдан кўпроқ тўлашимизга тўғри келяпти. Бунинг чўнтакка анча таъсири бўлади”, - дейди Саъдулла ака.

Истеъмолчининг маълум қилишича, маошлар коммунал тўловлардек кўтарилмаяпти.

“Ойликлар кўтарилмасдан свет, газ кўтарилиб кетяпти. Ҳозир уннинг ҳам нархи ошиб боряпти, танқислик кузатиляпти. Иш ҳақимиз ошгани йўқ, энг кам иш ҳақи даромади 118 400 сўм бўлиб турибди. Газ свет кўтарилиб кетиши халққа жабр бўлади-да. Ейиш ичиши кам бўлса ҳам одамлар қарз бўлиб қолмайлик деб, тўловларни тўлаб турибди”, - дейди Саъдулла ака.

Сурхондарёдан Ўрол Эрназаров аҳолининг кўпчилиги арзимаган пулга ишлаётганлиги учун газ ва электр қувватининг ошиши уларнинг ҳаётига салбий таъсир қилишини айтади.

Ўрол ака давлат бюджетида маош оладиган одамларнинг пуллари тўғридан тўғри газ ва чироқ учун ушланиб қолишини айтди.

Жиззахлик Саъдулла ака ҳам вилоятда қиш кунлари газ ва чироқ таъминотида узилишларга қарамасдан давлат бюджетида ишловчи ходимларнинг маоши газ ва электр энергиясига ушланиб қолишини маълум қилди.

“Таъминот умуман яхши эмас. Қишнинг совуқ кунларида газ аҳолига умуман берилмади. Чироқ ҳам қиш кунлари тез тез ўчди. Мана энди сал яхши бўлиб қолди. Қишда свет бермаган бўлса ҳам маошимиздан ойма ой свет учун пул ушланиб қолинди. Давлат бюджетларида аҳвол шу. Ҳеч ким сендан сўраб ўтирмайди”.

Нархларнинг кўтарилиши ортидан таъминотни узлуксиз қилиш имконияти одамлар орасида муҳокама қилинмоқда.

Бироқ истеъмолчилар нархлар йилда икки мартадан ошаётган бўлса-да, таъминот сифатида ижобий ўзгариш бўлмаётганини айтишмоқда.

“Нархларнинг ошиши таъминотни яхшилаганида ўтган қишда яхши бўларди. Аммо қишда газсиз, светсиз ўтирдик-ку. Бу сафарги кўтарилишлар ҳам таъминотни яхшилашига ишонмай турибман”, - дейди Саъдулла ака.

Овўропа давлатларида коммунал хизматларнинг нарх навоси кўтарилиши жаҳон бозорида углеводород маҳсулотларининг нархи билан асосланади. Бироқ жаҳонда нефт ва газ нархи тушса ҳам Ўзбекистонда коммунал хизматлари нархи бир меъёрда кўтарилаверади.

Мутахассислар буни Ўзбекистондаги кучли инфляция ҳамда газ ва нефт соҳасидаги монополия билан изоҳлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ