Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мамадали Маҳмудов: бу матбуот билан давлат ривожланмайди

3 май - Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукуматини қамоқдаги журналист Муҳаммад Бекжонни озод қилишга чақирган.

1 май куни Вашингтонда ўтган брифингда АҚШ Давлат департаменти воизи Жэфф Ратке шунингдек, Ўзбекистонда журналистларнинг қўрқмасдан ўз касблари билан шуғулланишлари учун шароит яратиб беришга чиқарган.

1999 йилдаги Тошкент порталшларида айбланган Муҳаммад Бекжоннинг 12 йилик қамоқ муддати ниҳоясига етганига қарамай, унга яна 5 йил қўшиб берилган.

61 ёшли Муҳаммад Бекжон муҳожиротдаги мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Таниқли адиб Мамадали Маҳмудов Муҳаммад Бекжон билан бирга айбланиб, 14 йиллик қамоқдан сўнг 2013 йил апрелида озодликка чиқарилган.

У Муҳаммад Бекжон озод этилиши ва Ўзбекистонда матбуот эркин бўлиши кераклигини айтади.

"Муҳаммад Бекжон жуда камтар, камсуқум инсон. Ҳеч қанақа сиёсий айби йўқ. Акаси учун ўтирипти у", дейди Мамадали Маҳмудов.

"Бутун дунёда қамоқ муддати тугаганидан кейин жавоб берилади", дейди ёзувчи.

Лекин Ўзбекистонда маҳкама ҳукмида эълон қилинган муддат тугаб кетган бўлса ҳам маҳкум муддати қўшиб берилаверади.

Чунки маҳкумни "тепага ёмонлайди-да ўтирганлар", дейди Мамадали Маҳмудов.

У Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан четлатилганидан кейин, бошқа кучишлатар ташкилотлардан ҳам "одамлар ишдан олинаётгани" муносабати билан тозаланиш, янгиланиш бўлишига умид қилаётганини айтган.

Ўзбекистон матбуотида эса ўзгариш бўлишига ишонмайди ёзувчи.

"Газеталарни ўқиб бўлмайди. Уларни ўзбек халқи ўқийдиган, оддий халқ ўқийдиган газеталарга айлантириш керак", дейди Мамадали Маҳмудов.