Ҳисоракда нима бўлмоқда ва ё “Исломий давлат” изидан

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган ҳафта Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ҳисорак қишлоғида диний мазмундаги варақаларни тарқатишда гумон қилинган уч шахс ҳибсга олингани маълум қилинганди.

Шундан сўнг Паркентда бошланган амалиётга юзлаб милиция, махсус кучлар ва ҳарбий техника жалб этилгани ҳам айтилганди.

Ҳозирги кеча кундузда у ердаги вазият қандай?

У ерга бориб қайтган Ferghana.ru янгиликлар вебпортали журналисти Алексей Волосевичнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ушбу ҳодиса юзасидан текширувлар ҳануз давом этмоқда.

"Лекин текширувлар Ҳисорак қишлоғининг ўзида эмас, маъмурий жиҳатдан алоҳида аҳоли манзили ҳисобланган, қишлоққа ёнма-ён жойлашган микрорайонда кетмоқда. Бу микрорайонга қишлоққа олиб борадиган йўлдан чапга бурилиб ўтиш мумкин ва ўша бурилиш ерида варақалар ёпиштириб кетилганлиги айтилган коллеж жойлашган. Ўша микрорайонга етиб борган вақтимиз, қўлига кишан солинган ва милиция ходимининг қўлига кишан билан боғланган бир ёш йигитни у ердан-бу ерга олиб бориб сўроққа тутиб, тасвирга олаётганликларига гувоҳ бўлдик. 17-18 кишилик бу гуруҳга яқинлашиб, нима бўлаётгани ҳақида сўрамоқчи эдик, ўша ерни иҳоталаб турганлар бизни қўйишмади. Шунинг учун биз оддий одамлар билан суҳбатлашишга қарор қилдик. Микрорайондагилар чўчиб, бирон нарса гапиришдан бош тортдилар. Ҳисорак қишлоғида ҳам ҳамма нималар бўлаётгани ҳақида гапиришдан қўрқишди. Фақат биргина кекса чол, у ҳам бўлса "қўшниларимдан эшитдим,бир оила аъзолари ҳисбга олинганини айтишди", деб гапирди. Хуллас ҳамма нималарнидир эшитган, фикримча ҳибсга олинганларни ҳам танишади, чунки бу кичиккина бир қишлоқ ҳамма бир-бирини танийди. Менимча шунча кундан бери уларнинг ҳаммалари билан ҳам суҳбатлар ўтказиб, огоҳлантиришган, лекин улар бу ҳақида айтмайдилар".

Кейинчалик Ferghana.ru журналистларини маҳаллий милиция бўлинмасига олиб келишган, "дўстонона" суҳбат ўтказиб, меҳмон қилиб, милиция раҳбари бу ерда "шунчаки машқлар ўтказилаётгани ва бу машқлар яна бир неча муддат давом этиши" ҳақида айтиб кузатиб юборишган.

Айни вақтда The Diplomat Интернет журналида чоп этилган мақолада ҳам Паркентдаги ҳодисаларга таҳлилий назар солишга уринилган.

Мақолани тайёрлашда суҳбатлашилган мутахассислар Ҳисоракда тарқатилган варақалар ортида ИШИД каби гуруҳлар турганлиги эҳтимолини рад этганлар.

Уларга кўра, бу "амал ортида аҳоли ўртасида қўрқув тарқатмоқчи бўлган, қайд этилмаган кичик маҳаллий бир гуруҳ" турган бўлиши мумкин.

Баъзи таҳлилчилар эса, ҳатто "Миллий Хавфсизлик Хизматининг ўзи варақаларни тарқатган ташкилот бўлиши мумкин"лиги ҳақидаги эҳтимолни илгари сурганлар.

"Хавфсизлик хизмати, милиция ва қуролли кучларга мамлакатда берилган қудрат назарда тутилса биронта ҳам яширин террорчи ташкилотнинг Ўзбекистон шароитида фаолиятда бўлиши имконсиз", дея хулоса берганлар таҳлилчилар.

Мақолада Registan.net муҳҳарири Ноа Такернинг "Минтақа давлатлари ҳукуматлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва “Исломий давлат” каби гуруҳлар таҳдидини гўёки маҳаллий аҳолини исломий радикализм ғояларидан ҳимоя қилиш кераклигини оқлаш мақсадида бот-бот ишлатадилар" деган сўзларини келтирган.

"Охирги бир неча ой мобайнида Ўзбекистондаги давлат назорати остидаги матбуотда “Исломий давлат”нинг Туркманистон орқали бостириб кириши мумкинлиги ҳақидаги хатар борасида чоп этилган мақолалар саноғини йўқотиб қўйдим", дейди Ноа Такер.

Хўп, унда варақаларни ким тарқатган? The Diplomat га кўра, "ҳеч ким билмайди".

Ўзбекистон Афғонистондан хорижий кучлар олиб чиқилиши ортидан ЎИҲ каби гуруҳларнинг хавфи ортишидан огоҳ. Лекин айни ҳолда келгуси ҳафта Андижондаги қонли ҳодисаларнинг 10 йиллиги санаси яқинлашар экан, Миллий Хавфсизлик Хизмати бир қадар асабийлашганроқ ҳолатда бўлиши ҳам мумкин, дея хулоса қилинган мақолада.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio