Ўзбекистонда она бўлиш осонми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Британиянинг "Save The Children" фонди ҳисоботига кўра, Скандинавия давлатлари оналик учун энг яхши мамлакатлар сирасига киради.

Ўзбекистон бу рўйхатда 118 да, Қозоғистон 58, Туркманистон 99, Қирғизистон 107, Тожикистон 127-ўриндадир.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистонда ҳар минг боланинг 4,5 таси туғилганидан сўнг ҳаётдан кўз юмар экан.

Шунингдек, чақалоқлар ўлими Ўзбекистонда ҳар минг болага 15та тўғри келади.

Тожикистонда болалар ўлими МДҲ давлатлари орасида энг юқоридир. Ҳисоботда айтилишча, ҳар минг боланинг тўққизтаси туғилибоқ ҳаётдан кўз юмади. Туркманистонда мингдан саккизтаси, Қирғизистонда 7таси, Қозоғистонда 4 таси вафот этади.

Оналар ва болалар орасида ўлим ҳолатлари минтақадаги экология вазияти билан боғлиқ. Жумладан, Ўзбекистонда айниқса жанубий Сурхондарё вилоятида Тожикистондаги алюминий завод таъсирида гўдаклар ногирон ёки ўлик туғилгани, аёлларда кучли камқонлик ва бошқа касалликлар кучайгани айтилади. Шунингдек она ва бола учун салбий натижаларга экологиядан ташқари туғруқхоналардаги тиббий шароит, малакали ходимларнинг етишмаслиги, шунингдек, оилавий шароит ҳам сабаб бўлади.

Дунёда

Америкалик аёллар орасида ҳомиладорлик даври ва туғиш пайтида ўлим ҳолатлари Россия аёлларидан кўра кўпроқ экан.

Тадқиқот муаллифлари оналик учун энг қулай давлатлар орасида Британияни 24 ўринга, Белоруссияни 25, АҚШни 33 ўринга, Россияни 56 поғонага лойиқ кўришган.

Ҳисоботга қараганда, ҳомиладорлик чоғида ўлим хавфи британиялик аёллар орасида 6900га 1 ни ташкил қилган.

Полшада эса бу кўрсаткич 19 800 га 1 экан. Белоруссияда 45 200 га 1 тўғри келибди. Россияда 2600 дан биттаси туғиш пайтида ўлиши мумкин. АҚШда эса 1800дан биттаси бўлиб, бу ривожланган давлатлар орасида ёмон кўрсаткичдир.

АҚШдаги кўрсаткичлар ўтган йилгидан кескин ёмонлашган. Ўтган йили 2400 га бир бўлган. Туғиш пайтида россиялик аёлларнинг ўлими камайгани кузатилган. Болалар ўлими

Фонд мутахассисларига кўра, Россияда туғилган болалар орасида беш ёшгача бўлган болалар орасида ўлим ҳолатлари Белоруссияга қараганда икки марта, Швеция, Сингапур ва Словенияга нисбатан уч марта юқори.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thonkstock

Болалар ҳаёти учун энг хавфсиз мамлакатлар Норвегия, Швеция ва Исландия экан.

Бу борада Россия ва Украинада аҳвол ўхшаш бўлиб, Украина умумий рўйхатда 69 ўринни эгаллаган.

179 мамлакат орасида оналик учун энг ёмон бу йил ҳам Сомали деб қайд этилган.

Ҳисобот тайёрлашда очиқ манбалардан, жумладан БМТ маълумотларидан фойдаланилган.

Ҳисоботда асосий беш омил: оналар орасида ўлим даражаси, беш ёшгача болалар орасида ўлим, таълим соҳасидаги вазият, иқтисодий ютуқлар ва сиёсий вазият эътибор қаратилган.

Бадавлат давлатлар орасида болалар ҳаёти учун ёмон пойтахтлар қаторида Вашингтон, Вена ва Берн танланган.

Ҳисоботда шунингдек, ёш болалар ҳаёти учун сезиларли ютуқларга эришганлар орасида Кампала(Уганда), Аддис Абиба(Эфиопия), Қоҳира(Миср), шунингдек, Гватемала, Филиппин ва Камбожа давлатлари пойтахтлари келтирилади.

Save the Children раҳбари айтишича, "Биз яшаш даражаси борасида бўшлиқни улар қаерда яшашидан қатъий назар тўлдиришимиз керак. Уларнинг яшаб қолиш ва имкониятларини ривожлантиришга ҳақлари бор".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio