#Uzbekistan: нархлар ошгач, баҳс қизир

Мана кутилганидек, Ўзбекистонда коммунал хизмат нархлари 15 Май куни оширилиши эълон қилинди. Мамлакат фуқаролари ойликлар оширилиши олдидан эълон қилинадиган бу "ошди-ошди" харажатларни ижтимоий тармоқларда турлича кутиб олмоқдалар.

"Новости Узбекистана" Facebook гуруҳи аъзолари электр токи нархи оширилиши ҳақидаги эълонни истеҳзо билан сайловдан кейинги "кутилган совға" каби қарши олдилар.

"Президент бу йил ҳеч қандай нархлар ошмайди деб сўз берганди!!!" - деб ёзган "Екатерина Китаева". Унга жавобан "Aziz Light" шундай деган: "Екатерина, балки сайловдан олдин сўз берилгандур:)". "Муму Муму" эса "Ҳа, сайловлар ўтиб бўлди-ку" - деб қўшимча қилган. "Анча кутиб қолдик," - дейди истеҳзо билан "Alex Degtyaryov".

"Svetlana Nata" шуни ёзиб қолдирган: "Худди облигациялар билан бўлганидек сайлов билан ҳам алдашди. Ўзлариникини олишди, энди эса буёғига йўрғалайверади. Ўзимиз шундайларни сайлаймиз".

Бошқа фойдаланувчилар эса бу "ошди-ошди"ларни кам иш ҳаққидан тўлаб улгура олмаётганларини айтишган. "Alena Shahnazarova" шундай деган: "Эски нархларга кўникишга улгурмасимиздан янгилари пайдо бўлади. Нархлар ошмоқда, ойликдан бошқа ҳамма нарсани нархи ошмоқда))) Яқинда ойликларни микроскопда кўрадиган бўламиз(((".

"Кетрин Кавана" жумладан шундай нола қилган: "Ҳукумат жонга тегдийла… жигарларим, қачондур маош ва пенсиялар ошириладими????". "Albina Sadykova" эса ўзбек министрларидан ҳамма давлат ишчилари ойликларини ўз ойликлари даражасига кўтаришларини талаб қилган. У оддий одамларнинг сотиб олиш салоҳиятини била туриб, бундай қарорларни "ўйламасдан қабул қилмаслик керак" - деб айтган. "Депутатлар! Уйғонинглар! Қани сизларнинг оддий одамлар манфаатини таъминловчи ташаббусларингиз???", - деб қўшимча қилади ушбу фаол.

Ушбу гуруҳда газ нархи оширилиши ҳақидаги хабарга ҳам бир қанча изоҳлар бўлган. Гуруҳ фойдаланувчилари сайлов олдидан алданганликларини тан олишган. "Эҳ, 92 фоиз, сайловда овоз беришдан олдин президентнинг ривожланиш режасини барибир ўқиб кўриш керак эди," - деб айтган "Ramil Yalilov". Унга жавобан "Таня Калюжная" шундай деган: "Ҳа, сиз ҳақсиз, лекин уни ўқиш мумкинми, ўқишга бир нарсани бериб, амалда бошқа нарсани кўрсатишади".

"Мана сизларга сайлов натижлари. Нима эксанг шуни ўрасан" - деб айтган "Lilya Madaminova" қуйидаги изоҳни қўшимча қилган: "Пул масаласида Америка ва Тошкентда яшаш бир хил бўлиб қолди". "Murod Hasanow" шуни қўшимча қилган: "Ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога".

"Общественный контроль UZ24" Facebook саҳифасида ҳам Ўзбекистонлик интернет фаоллари энергия ресурсларга нархлар ошишини салбий кутиб олишган. "Victoria Hawk" номлик гуруҳ аъзоси "Хўш, бунинг учун кимдур жавобгарми? Биз, истеъмолчилар бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?" - деб саволга тутган.

"Ўзингизни босинг болалар. Ҳар йили бир хил аҳвол, биз бунга энди кўникишимиз керак. Уларга сизнинг норозиликларингизни ёзиб қолдиришингиз бир чақа пулдек гап. Бу шунчаки инфляция, шу жавоб бўлади. Ёки бошқа бир ўзига хос баҳона - доллар ошди-ку. Доллар нечпул бўлди, 4,500?" - деб изоҳ қолдирган "Петр Игоревич Егоров".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio