#Uzbekistan: Хайр Осиё, бизнинг футбол сенга ошна эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Осиё Чемпионлар лигасидаги сўнгги ўйинлар ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг Интернет ижтимоий тармоқларидаги муҳокамаларида:

Кеча Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичлари ўз якунига етди. Бу йил мусобақада Ўзбекистон шарафини тўрт жамоа ҳимоя қилди десак адашган бўламиз. Нега дейсизми? Жавоби оддий. Чунки Ўзбек футболи шарафини ҳимоя қилган ва юзини ерга қаратмаган жамоа атиги битта бўлди. Пойтахтлик гранд жамоа эмас, 35 минглик стадионга эга эмас, палон миллионлик ўйинчиларни сотиб олиб шоу қиладиган жамоа эмас. Бу… келинг бу жамоа ҳақида кейинроқ гапирсак. Ҳозир эса пойтахтлик уч қаҳрамон ҳақида гапирамиз.

1. "Пахтакор". Эҳ "Пахтакор", "Пахтакор", олти ўйинда битта ғалаба, уч дурранг ва икки мағлубият. Жами олти очко тўплаб гуруҳда учинчи ўрин. Бундан ортиғига ярамайсизлар ҳам йигитлар. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "Пахтакор" бош мурабийси Самвел Бабаян айтишича, "кечаги кун "Пахтакор" куни эмас" экан. Раҳмат рост гаплар учун. Аммо, лекин, бироқ, сиз билан бирга эртанги кун ҳам "Пахтакор"ники эмас. Буни мухлислар ҳам тушуниб туришипти.

Kadiguzarlik: Бабаян туфайли Пахтакор мухлисларини йукотмокда.

Noraka: Ўтган ЙИЛ сеники эди. Бу йил КУН ҳам насиб этмадими? Бир юмалаб тренер бўлганлардан қутилмасак юраверамиз итни кейинги оёғи бўлиб арабларга калака бўлиб.

2. Бунёдкор: "Ғуруримиз", миллионер клуб-да бу! Ростмана гранд! Дабдабали стадионда шарманда бўлгандан кўра, шудгор устида ўйнаб ҳеч бўлмаса битта гол ур! Шунча сарфланган пуллар қани? Академиядаги ёшлар қани? Олти ўйин, бир дурранг ва бешта мағлубият! Гуруҳда охирги ўрин ва бир баҳо каби очко тўпланган "гранд". Хуллас Бунёдкор ҳам мухлислардан "олқишлар" эшитиб олди.

Unicef: Bizning futbol chökib böldi, endi foydasi yöq. Termaniyam, klublarniyam bir tiyinlik qizig'i qomadi men uchun.

Uzrespect: Ҳурматли Ўзбекистон футболини ривожлантиришни мақсад қилган, лекин қийналаётган мутасаддилар! Бу мавсумдаги ОЧЛ натижалари Ўзбекистоннинг ички футбол даражасини кўрсатиб берди. Мураббий, футболчи, ҳакамлар ва халқаро савия... охиргисини ҳеч қанақасига бўяш имконияти йўқ. У ерларда Мираброр ака ёки Фарҳод акани гапи ўтмайди! Марҳамат, ҳақиқий савиямиз! Ўзимизни алдаб юрган билан бир нарса бўлмайди... ажойиб пойдевор бор, унга мустаҳкам деворларни кўтариш керак. Бу менимча охирги қўнғироқ. 2018 саралашида кутилмаган натижа... тамом, Ўзбек футболи кескин юзини йўқотади!!!! Бугун ОЧЛдаги ўрнимизни йўқотдик. Қатар биздан ўтиб кетди... биз 5-6 ўринларга кўниколмаймиз...

3. Локомотив: Бу жамоани тушунса бўлади, Осиёда биринчи чиқишлари, ҳалиги рус тилида айтгандек "опыт етишмайди, опыт". Тўғрими? Мен бу фикрга қўшилмадим. Чунки жамоа сафида Кападзе, Бикмаев, Тўраев каби Осиёни кўриб қўйган болалар бор. Мана шулар жамоани тортиш керак эди. Қолаверса мураббий Абрамов, бу кишида опыт йўқми? Олти ўйинда битта ғалаба, битта дуранг ва тўрт мағлубият ва гуруҳдаги охирги ўрин. Мана натижа.

Хуллас юқоридаги пойтахтлик уччовлон юзимизни ерга қаратди. Буларга қараб Миржалол Қосимовни эсладим. "Боллада айиб йўқ", тўғри, айбни ҳаттоки Миржалолдан излаш нотўғри. Ахир ички футболимиз, клубларимиз аҳволи бундай бўлар экан, бечора қандай қилиб терма жамоа билан ютуқларга эришсин? Футбол федерациямиз нима иш қиляпти ўзи, қаерга қараяпти? Хуллас саволлар, саволлар, саволлар.

Мана энди гал тўртинчи жамоамизга. Қаршининг "Насаф" жамоаси. Раҳмат сизларга болалар, раҳмат Рўзиқул ака Бердиев! Чин кўнгилдан сизларга олқишлар. Ҳа, сизлар гуруҳдан чиқа олмадинглар, лекин сизлар ҳақиқий футболни, қолаверса, Ўзбекистонда ҳали футбол борлигини кўрсатиб бердинглар. Сизлар Осиёда Ўзбек клублари орасида энг номдор жамоа десак ҳам адашмаймиз, чўнтагингиздаги АФК кубоги бунга далилдир. Биз мухлислар, икки бор ярим финал қатнашчиларини эсламаймиз. Биз фақат ва фақат чемпионларни эслаймиз. Балли йигитлар, балли азаматлар. Сизлар кейинги босқичга ҳақли эдинглар. Мана сизларга мухлисларингиздан ташаккурлар:

Noraka: ОЧЛ даги ўйинлари билан НАСАФ бутун Ўзбекистонни ҳурматини қозонди. Футболда энг муҳими шу эмасми азизлар?

Kadiguzarlik: нима бўлгандаям Насаф ҳурматга лойиқ ўйин курсатди, миллий чемпионатдаги ўйинларда омад Насафга.

Attacking: Nasaf bilan faxrlanamiz. Thank you for the all.

Uznasaf: Насаф сен билан фахрланамиз! Ўша ҳакам ўйинни бошқатдан кўрса нақадар овсарлигини тан олиши керак. Миллионлаб мухлис кўриб турган вазиятларни эътиборга ололмаган бу японни онасига раҳмим келиб кетмоқда.

Shamsher: Насафнинг барча мутахассисларига ва йигитларига катта раҳмат. Сизлар бошингизни баланд кўтаринг кўрсатган ўйининглар учун раҳмат, энг кучли ўйин кўрсатадиган клуб эканлигингизни кўрсатдиларингиз. Раҳмат сизларга.

Shuker: Насафга каттакон раҳмат. Локомотив ва Бунёдкордай шармандали чиқиб кетгандан кўра мана шундай қизиқарли ўйин мухлислар учун айни муддао. Кечаги ўйинда Насафга яққол омад етишмади, ҳакам жаноби олийлари ....... ва яна шунча қўшимча нуқталар.

Агарда мени, бу киши қашқадарёлик, шунинг учун ўзининг жамоасини мақтаяпти десангиз адашасиз. Мен тошкентлик, "Пахтакор" стадионининг ўриндиқларида ўсиб-улғайганман. Мен Пятницкий, Беляев, Якубик, Кабаев, Денисов, қолаверса, Хорен Оганесян каби футболчилар ўйинидан баҳраманд бўлиб "Пахтакор" мухлиси эдим. Ашадий мухлиси эдим. Эдим!

Stadion.uz сайтида бир мақола жойлаштирилди, "ОЧЛ. Нимчорак финалга нимжонлик қилдик" бу мақола шундай бошланади: "Етиб келдик! Ўзбекистоннинг 4 жамоасидан бирортаси Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқа олмади. Ҳали бунақаси бўлмаганди!" Камина эса суҳбатни шу сўзлар билан якунига этказади: Етиб келдик! Ҳали бунақаси бўлмаганди!

Давлениеси кўтарилиб кетиб бошини боғлаб ётган ўйинчи.

Бу мавзуда батафсилроқ