“Бизга андижонликлар жасадларни юк машиналарида олиб кетишганини гапириб беришганди...”

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда минглаб намойишчилар, асосан тинч аҳоли ўққа тутилади.

Кўплаб гувоҳлар ва мустақил журналистлар юзлаб андижонликлар қурбон бўлгани, улар орасида аёллар ва болалар ҳам борлигини айтишади.

Ҳукумат эса Андижонда радикаллар исён қилгани ва қурбонлар сони 187 нафар эканини даъво қилади.

Шу билан бирга Тошкент айни қонли ҳодисалар юзасидан мустақил текширув ўтказиш талабларини рад этиб келади.

2005 йилда Тошкентда ишлаган, ўз исмини ошкор этишни истамаган хорижий мухбирларнинг бири Би-би-си билан суҳбатда ўз хотиралари билан ўртоқлашган.

Хорижий мухбир: Мени ҳайрон қолдирган ҳолат 13 майдан аввал Андижондаги маҳкама биноси қаршисида ўтказиб келинган намойишнинг давомийлиги ва пухта ташкиллаштирилгани эди. Мен намойишчиларни апрел ойининг бошларида бориб кўргандим. Бино ташқарисида маҳкамага тортилганлар яқинларининг қатъиятлиликлари менинг эътиборимни ўзига торганди. Адолатсиз маҳкама ва адолат талаб қилишлари ҳақида ошкорона гапиришлари ўзига хос эди. Ўша пайтларда Ўзбекистонда у ер-бу ерда кичик намойишлар рўй бериб турарди, Тошкентда, Жиззахда ва бошқа шаҳарларда... Лекин ўша намойишлар бозордаги нархлар, ёки бирон бир савдо тортишуви борасида кутилмаган равишда бошланиб, тезда тарқаб кетарди. Лекин Андижондагиси ўзгача эди. Бошида маҳкама ташқарисида турганлар 12 чоғлик одам эди. Аммо бу ногоҳон чиқиш эмасди. Ана шуниси ноодатий эди.

Би-би-си: Маҳкама ташқарисида турганлар нимани исташган эди?

Хорижий мухбир: Менимча икки нарсани… Маҳкама тортилганларни қўллаб-қувватлаш, ташқарида асосан ёши катталар туришганди, ичкарида маҳкамага тортилганлар асосан ёшлар эди…Ва иккинчидан, менинг фикримча адолат исташарди! Ўзбеклар учун муқаддас бўлган оила учун бу ўзига хос дастаг эди. Бу Ўзбекистонда ўша вақтда ўтказилган биронта бошқа намойишга ўхшамасди. Одатда намойишларда қатнашчилар бошқаларга билдириш, ташқи дунё кўриши учун турфа муждалари битилган қўллавҳаларни кўтариб олишади. Андижондаги чиқиш қатнашчилари эса хорижий матбуот билан боғланмагандилар, одамлар кўзига ташланадиган жойда эмасдилар, ташқи дунё эътиборини тортишга уринмагандилар. Мўъжазгина ўриндиқлар олиб келиб, шунчаки бино ташқарисида ўтиргандилар. Биз борганимизда биз билан суҳбатга тайёр эдилар, лекин атайлаб бизни чақиришмаганди.

Би-би-си: Намойишлар 13 майга қадар шундай давом этганмиди?

Хорижий мухбир: Биз маҳкама ташқарисидаги намойишчиларни кўргани бир неча марта боргандик. Май ойининг биринчи ҳафтасига бориб кўрганимизда, уларнинг сони анчайин кўпайган эди. Бир неча мингга етиб қолганди ва ҳануз ташкиллаштирилган, одоб ва озодалик сақланган бир ҳолатда туришганди… Аёллар бир тараф, эркаклар бир тараф. Кексалар учун ўриндиқлар олиб келинган. Фикримча, бу ўриндиқлар маҳкамага тортилган ишбилармонлардан бирининг корхонасида тайёрланганди. Ҳамма тараф озода, тартибли, биронта инсон тамаки чекмаслиги кўзга ташланарди. Ҳар куни тушлик вақти аёллар озиқ-овқат, чой ва сув олиб келишарди. Бу нарсаларни ташкиллаштириш учун бирон киши обдон ҳамма нарсани ўйлаб кўргани аён эди. Намойишчилар бирон қўпорувчилик ёки ноқонунуий амал сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатдан узоқ туришга ҳаракат қилганлари кўриниб турарди. Улар хориж матбуоти, дипломатлар ёки халқаро ташкилотлар билан ҳеч қандай алоқага чиқишга уринмаганлари ҳам ҳайратланарли ҳолат эди. Балким урингандирлар, лекин менинг бундан хабарим бўлмагандир, аммо бу эҳтимолдан узоқ…

Би-би-си: Май ойи бошига келиб маҳкама ташқарисидагилар сони бир неча мингга етган бўлса, демак энди улар нафақат айбланувчиларнинг яқинлари эди, шундайми?

Хорижий мухбир: Ҳа, нафақат қаринбош-уруғлар эди, ҳануз улар кўпчиликни ташкил қилишарди. Лекин эндиликда уларга маҳкамага тортилган шахсларга тегишли бўлган ва эндиликда ёпилиб қолган корхоналарнинг ишчилари ҳам қўшилгандилар. Эслашимча , бу оёқ кийим корхонаси, қатор ошхона ва мебел ишлаб чиқариш корхоналари ишчилари эди. Ҳатто болалар боғчачи ходимлари ҳам бор эди. Улар намойишга қандай қўшилганлар, менга қоронғу. Яна бир нарса, ўша намойишчилар орасида фарзандлари бундан аввалги маҳкамаларда, уларнинг назарида адолатсиз ҳукм қилинганларнинг ҳам ота-оналари бор эди у ерда. Масалан 90- йиллар ўрталарида шаҳардаги бир масжид ёпилиб, кўплаб одамлар ҳибсга олинганди. Хуллас, бу вақтга келиб у ерда адолат талаб қилган бошқа кўплаб одамлар ҳам бор эди. Лекин шаҳарда ҳаёт ўз йўлида кетмоқда эди, ҳеч бир ер ёпилиб қолмаганди, кўплар ҳатто бу каби намойиш кечаётганидан хабарсиз қолгандилар…

Би-би-си: Демак улар бирон кор-ҳол келиб чиқишини истамаган йўлда ўзларини тутишган, шундайми?

Хорижий мухбир: Ҳа. Эсимда бор улар йиғилган ернинг ўртасида, шундоққина маҳкама биноси ёнида машина ювадиган жой бор эди. Ўша ерга машиналарнинг кириши ва чиқиши учун йўлакни очиқ қолдириб, атрофида туришарди. Ҳеч ким йўлга чиқмаганди, ҳеч ким бақирмасди, қўполлик қилмасди. Уларга қарши бирон ҳатти-ҳаракат амалга оширилишига ундамаслик йўлида жуда пухта ўйлаб қилинган ҳаракат эди...Менимча, май ойининг бошига келиб жуда ғалати бир ҳолат рўй берганди, маҳаллий ва марказий расмийлар учун бу намойишни тўхтатишга бир баҳона ҳам йўқдек эди...Маҳкама ҳам ниҳоясиз бир нарсага айланди. Айбдор деб топишса, муаммо бўлади, айбсиз деб топишса ҳам муаммо...

Би-би-си: Ана шу каби вазият бир кечада кутилмаган равишда ривожланиб 13 май ҳодисаларига айланди...Ўша куни сиз Андижонда эмасдингиз, лекин эртасигаёқ нималар бўлганлигини аниқлашга киришгансиз...Хотирангизга михланганлари нима?

Хорижий мухбир: 14 май куни эрталабданоқ, телефон орқали қўлимизда бўлган кўплаб таниш-билишларга боғлана бошладик. Мени ҳайратга солган ери шу эдики, шаҳарда қандайдир мавҳумлик ҳукмрон эди. Расмийлардан ҳеч ким аҳолига нималар рўй берганлиги ҳақида маълумот бермасди, ёки ҳатто тартибни қайта ўрнатиш ҳаракатлари амалга оширилмасди. Ахир шаҳарда улкан бир ҳодиса юз берди, инсонлар ҳалок бўлди, изсиз йўқолди...Биз гаплашган одамларнинг айтишларича, фақатгина эрта тонгда бир автобус ва бир қанча юк машиналар келиб жасадларни териб кетишган,холос... Лекин ҳеч ким келиб одамларга нималар бўлаётганини айтмаган. Кўплар яқинларини қидириб шаҳарга чиққанлар, ҳатто Бобур майдонида яқинларини сўраб келганлар қайта йиғила бошлаганлар. Лекин бу намойиш эмасди, йўқолганларни излаб чиққанлар эди...Ҳеч ким улар билан учрашмаган, маълумот бериш, тушунтиришга ҳаракат қилмаган - шуниси жуда ҳайратланарли...Бундан ташқари бу ҳодисалар ҳақида хорижда гапира бошлашди, лекин Ўзбекистоннинг ўзида кўпларнинг хабари йўқ эди...

Би-би-си: Ҳодисалардан кейин Ўзбекистонни ташлаб чиққан андижонликлар бир вақтлар ҳаракатга бирлашиб фаолият юрита бошлаганларини кузатгандик, кейин жим бўлиб кетишди...Сиз уларнинг баъзилари билан хорижда учрашгансиз, уларнинг сукунатларига сабаб нима?

Хорижий мухбир: Фикримча бу инсонлар таҳсинга сазовор равишда фаол, ишбилармон одамлар. Улар бу хислатларини хорижга ҳам олиб келишган. Ҳозирда турли мамлакатларда яшаётган андижонликлар ҳаётларини давом эттиришга ҳаракат қилмоқдалар. Болаларни тарбиялаб, бизнеслар очиб, бир-бирлари билан алоқани тиклаб, яъни ортга эмас, келажакка қараб яшашга интилмоқдалар. Ортга қарайверишдан маъни кўрмаяптилар…балки… Албатта бўлиб ўтган ҳодисалар юзасидан сокин, сукунатли афсус-надомат, балки алам уларнинг қалбларида уйғоқ бўлиши керак. Ҳодисаларни унутмаганлар, лекин ўтмишда яшашни ҳам истамайдилар...

Би-би-си: Лекин бу каби ёндошув Ўзбекистон ҳукумати каби йўл тутмоқчи бўлган ҳукуматларга, "демак биз нима хоҳласак қилишимиз мумкин, одамлар кўникиб, яшаб кетаверадилар" деган муждани бериб, бу каби ҳодисалар қайтарилиши учун имкон яртамайдими?

Хорижий мухбир: Мен бу саволга жавоб бера олмайман, бунисини улардан сўраш керак. Мен ўз кузатувимни айтмоқдаман. Марказий Осиёдаги халқлар тарихида одамлар ҳаётни давом эттиришга не қадар чанқоқ эканликларига кўплаб мисолларни кўриш мумкин. Тожикистондаги фуқаро урушини олинг… Одамлар урушдан кейин, бўлар иш бўлди, деган ёндошув билан яшашни давом эттирдилар. Бошқа давлатларга қарасангиз, улар учун ҳодисалардан кейин оммавий қабрларни очиб, яқинларни топиб, ҳодисалар ривожини ўрганиб, қабртош қўйишиб, қайта дафн қилиш … муҳим эканлигини кўрасиз. Тожикистонда эса кўплаб одамлар ҳалок бўлишди, лекин синчиковлик билан нималар бўлганлигини тадқиқ қилиш уринишларини кўрмайсиз. Одамлар ўтмиш жароҳатларини кўтариб юришни истамайдилар. Андижонликлар бирон бир сиёсий фаолиятни давом эттириш билан бирон нарсага эришиш имконини кўрмаяптилар, менимча. Ўзбекистондаги сиёсий тузум музлаб қолган ҳолатда. Сиёсий ҳаракат тузиб, нимага эришадилар?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ