Махфий амалиёт: Андижонлик қочқинлар болалари қандай 'олиб қочилганди'?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

2005 йил майида ҳукумат кучлари Андижонда намойишчиларни ўққа тутиши ортидан 400дан ортиқ қочқин аввалига Ўш, кейин Руминияда бошпана топди. У ердан эса, учинчи давлатларга кўчирилди.

2005 йили БМТнинг Қочқинлар бўйича ваколатхонаси сўрови билан Чехия ҳукумати ўзбекистонликларнинг бир гуруҳини қабул қилишга рози бўлди.

Бироқ, айримларнинг оила аъзолари, ёш болалари Ўзбекистонда қолиб кетганди.

Чехия Ички ишлари вазирлиги уч йил давомида Ўзбекистон ҳукуматини қочқинлар болаларини чиқариб юборишга ундади. Аммо, уринишлар зое кетди.

Қалтис таклиф

Ўзбек мулозимлари турли баҳоналар билан болаларнинг ўз ота-оналарини билан бирлашишларига тўсиқнлик кўрсатишди.

Ҳафсаласи пир бўлган Чехия вазирлиги ёрдам сўраб, мустақил журналистга мурожаат қилди.

Чехиялик журналист андижонлик қочқинларнинг болалари билан дийдорлашишларига кўмаклашишга рози бўлди.

У болаларни ота-оналарига етказиш амалиётида иштирок этди.

Шунингдек, олти нафар бола ва бир аёл етти йил олдин Андижондан Прагага, бу ердан бошпана топган яқинларига етказиб келинди.

Ўта нозик сабаблар боис журналист ўз номини ошкор қилишни истамайди.

Унга кўра, болалар норасмий йўллар орқали Чехияга олиб келинган ва буни андижонлик қочқинларнинг ўзлари таклиф қилишган.

"Бошқа чора қолмаганди... Ички ишлар вазирлигининг бор-йўқ истаги - болаларни ота-оналарига етказиш эди. Уларнинг қанчалар эзилаётганларини кўриб, бу таклифни қўллаб-қуватлади", дейди журналист.

Чехия тарафи ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга расман мурожаат қилди.

Қизил Хоч ташкилоти болаларни Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун зарур бўлган ҳужжатлар билан таъминлашга аҳд қилди.

Гаровдаги болалар

Ёшлари 1-10 ёш орасида бўлган болалар икки оиланинг фарзандлари эди. Аёл эса - болалардан энг кичигининг онаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Андижондаги қонли ҳодисалар ортидан 400дан ортиқ қочқин Ўзбекистонни тарк этди

"Ота-оналар Андижонда юз берган ҳодисалар ортидан шоша-пиша фарзандларини ортда қолдириб чиқиб кетишган. Улар сиёсий қочқин эмасдилар. Ҳаётлари хатарда қолгани боисгина мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишганди. Айниқса, улар Ўзбекистонда Андижон воқеларига алоқаси борликда гумон қилинганларга қарши қаттиқ жазолар қўлланилганига гувоҳ бўлишган. Улар қўрқувда қолган оддий қочқинлар эди. Чехия ҳукумати уларга сиёсий бошпана беришга қарор қилди".

Ўзбекистон ҳукумати бир неча йил давомида андижонлик қочқинларга босим ўтказиб, Андижонга қайтишларини талаб қилган.

"Ўшандагина ўз болаларингизни кўриша оласиз", дейилган уларга.

Болаларнинг мамлакатдан чиқишларига эса, рухсат берилмаган.

Ўзбек расмийлари болаларни бир маънода гаровда ушлаб туришган.

"Ўзбекистон болаларни гаровда ушлаб турди дейиш мумкин. Бунинг ажабланарли томони йўқ. Чехословакия дохил кўплаб коммунистик тоталитар мамлакатларда ҳам ўхшаш ҳолатлар юз берган. Мисол учун, коммунистлар тузуми даврида чет элга кетмоқчи бўлган чехларнинг болаларини атайин мамлакат ичида олиб қолишган. Бу одамлар четга чиқиб, сиёсий бошпана сўрамаслиги учун қилинган. Худди шунингдек, Ўзбекистон ҳам мустақил бўлганига қарамай, ўша эски шўроча усулларни қўллади. Мамлакатни тарк этган одамлар ўз болалари билан қайта кўриша олмаганлар", дейди суҳбатдош.

Махфий амалиёт

Умид йўқотмаган андижонлик қочқинлар болаларини Прагага олиб келишнинг турли йўлларини ўйлаб чиқишади. Қочқинларнинг аҳволидан бохабар Чехия Ички ишлар вазирлиги болаларни қутқариш бўйича махсус бир амалиётни муфассал ташкиллаштира бошлайди.

"Бутун амалиёт махфий эди. Ҳеч кимга лом-лим дейилмаган. Амалиётлар мувафақиятли ўтиши учун махфий ўтиши керак эди", дейди журналист.

Бу ҳатто болалардан ҳам сир тутилганди.

"Улар уйларидаги яқинлари билан хайрлашаёт пайтлари қаерга кетаётганларини билишмаган. Чунки, агар билишса, бу уларнинг ўзлари учун катта хавф туғдириши мумкин эди. Барибир, бола бола-да, ўзлари билмаган ҳолда бировга оғиз очиб қўйишлари мумкин эди".

Мураккаб вазифа

Хуллас, олти бола ва бир аёл ўзбек-қирғиз чегараси орқали Ўшга етиб боради.

У ерда уларни Қирғизистонга учган чех журналисти кутиб олди. Қирғизистондаги БМТнинг Қочқинлар агентлиги эса, барча ҳужжатлар билан таъминлайди. Болалар ва аёл қочқинлик мақомини олишади. Ўшда вазият нотинч бўлгани сабаб, журналист уларни Бишкекка олиб кетади.

Болалар ва аёл Бишкек четидаги меҳмонхонага жойлаштирилади.

Орадан ўн кун ўтади. Болалар зерикиб, тўполон қиладилар. Уларни тинчлантириш учун, журналист ўз компютерини беради, мултфильмлар ва ўйинлар кўрсатарди.

Лекин, болалар жуда сиқиладилар ва нима учун Бишкекка келганларини тушунмай, инжиқлик қилишган.

Кўча айлангани фақат кечқурунлари чиқишади.

Журналист одамлар эътиборини тортмасликка ҳаракат қилган. Атрофдагилар эса, улар ҳақида "отаси ўрис, онаси ўзбек, қандай ғалати оила" деб ўйлашган.

Анъанадор оиладан бўлган аёл эса, бошқалардан ажралиб турмаслик учун сафар давомида рўмолини ечиб, оврўпоча кийиниб олганди.

Интизорлик билан кутилган дийдорлашув

Ниҳоят, гуруҳ Лондон орқали Прагага учади.

Дийдорлашув ўта ҳаяжонли кечади.

"Бу ўта ҳис-ҳаяжонга тўла лаҳзалар эди. Болалар ота-оналарини кўриб, жуда хурсанд бўлдилар. Лондонда самолётга ўтирганларида уларга ота- оналари билан кўришишлари ҳақида айтилган. Аэропортда бир-бирларини кўриб, ҳамма йиғлади. Ота-оналар ҳам, болалар ҳам кўз ёш қилишарди", дея ҳикоя қилади журналист.

Прага аэропортида Андижон қочқинлари журналистга ташаккур билдиришади.

Уни "ҳақиқий қаҳрамон" дея олқишлайдилар.

"Мен қаҳрамон эмасман. Мен бу учун курашмаганман. Ўзбекистон ҳукумати билан, баъзи ҳамкорларим каби, мулоқотда бўлмаганман. Мен оддий инсон, оддий ижрочиман, холос", дейди журналист.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio