#Uzbekistan: АҚШ элчисининг баёноти ўзбекларни бўлиб ташлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Спратлен хоним Ўзбекистонда аёлларга кўпроқ имкониятлар яратилишига умид билдирган

Ўзбек ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари АҚШ элчиси Памела Спратленнинг яқиндагина қилган баёнотини ўзгача бир руҳда қарши олишди.

Спратлен хонимнинг АҚШда ҳар йили май ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган "Оналар куни" муносабати билан берилган баёнот ҳақида Podrobno.uz вебсайти хабар қилган.

Ушбу баёнот "Новости Узбекистана" Facebook гуруҳида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Памела Спартлен ўз баёнотида Ўзбекистонда оналар ва болаларга ҳамда оилаларга келажакда яхши шароитларни яратишда АҚШ давлати Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик қилишини айтиб ўтган.

Элчи хоним Ўзбекистонда аёлларга турли соҳаларда янада кўпроқ имкониятлар яратилишига умид билдирган.

Юзлаб изоҳ қолдирганлар орасида "Умберто Центельванэс" шундай деган: "Жин урсин, яхшилик қилувчи аҳмоқлар, ўзингиздаги резервацияда қолган ҳиндулар ҳақида жон куйдиринг! Бизни аёлларимиз ва болаларимизни эксперимент учун тайёрланган уколлар билан қийнашни бас қилинг! Умуман олганда, бизнинг соғлиқни сақлаш вазиримизни жавобгарликка тортиш керак".

"Ироқда, Ливияда, Мисрда, Афғонистон ва Украинада яхши келажакни таъминлаб бўлишди. Энди гал бизгами!!!" дея АҚШ элчиси баёнотини изоҳлаган "Vadim Zubanov". "Игорь Федоренко" шуни қўшимча қилган: "Ширин баёнотлар қанча кўпайса, оғзимизда шунча аччиқ сезилади. Янкилар, Америкага суриб қолинг!".

"Iskandar Anvarovich Djalilov" визаталаб чиқиш қилган: "Агар ёрдам беришни хоҳласалар, Ўзбекистон билан визасиз режимга рози бўлиб, муқим туриб ишлашга ва яшашга рухсат бериладими?".

Изоҳ қолдирган фаоллар орасида АҚШни ҳимоя қилган "Hamid Sarmanov" жумладан шундай деган: "Нимага бизнинг халқимизда АҚШга нисбатан шунча нафрат бор. Ўзбекистонга нисбатан ёки бу юрт фуқароларига нисбатан бирон-бир ножўя сўз айтилмади-ку". Ушбу фойдаланувчи бир иккита фаоллар билан баҳслашган ва араб давлатларидаги ғалаёнларга Башар Ассад ва Қаддофий каби мамлакат етакчиларини айбдор, деб фикр билдирган. Унга хайрхоҳ бўлган "Вохиджон Ибрагимов" жаҳонда бўлаётган ғалаёнлар сабабчилари ҳақида фикрлашга чақирган: "Ўзбекларни "босмачи", афғонларни "душман", украинларни "бандерачи", чеченларни "бандит" дея атаб олиб, ўз кирдикорларини амалга ошираётганлар ким? Фикр қилиш керак. Ҳар доим халққа нисбатан қўрқитиш воситаларидан фойдаланиб келинган. Ҳуддики ҳар бир нарсани АҚШ ёки НАТО амалга оширмоқда. Америка хавфи ва ҳ.к. Лекин аслида "халқ" илтимос қилди дея босиб олганлар, эгаллаб олганлар ким, фикр килинг".

"Сардор Сардоров" эса ҳарбий салоҳиятни кучайтириб, қўшни давлатларга зўравонлик қилишга чақирган кўринади. "Аҳмоқ дўстдан ақилли душман яхши. Аввало, ўзимизга ишонишимиз керак, ҳарбий салоҳиятимизни кенгайтириб, атрофимиздаги давлатларга зўравонлик қилмасак, бизни ҳали кўп авлод масҳара қилишади. АҚШ ва Россия бизга йул берадими?"

Америка ва Россиянинг глобал сиёсатлари ҳақидаги баҳсга айланган ушбу суҳбатга "Amir Gulam" қуйидаги фикрни билдирган: Ҳақиқатни гапирганда, биз нимамиз билан фахрлана оламиз? Биз баччамаслигимиз ва тинч осмонимиз биланми? Пропаганда машинаси - бу бизда ва Россияда ҳақиқатда яхши ишлаётган ягона машина. Бизда на саноат, на таълим, на ижтимоий таъминот ва на соғлиқни сақлаш бор".

Ушбу гуруҳда қолдирилган пост остида интернет фаоллари бир-бирлари билан Россия ва АҚШни ҳимоя қилиб, баҳслашишда давом этишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio