Каримов фармони тадбиркорларни 'маски шоу'дан қутқарадими?

Image caption Тошкентдаги дўконни босган "маскачилар"нинг ўзларининг ҳам қилаётган ишлари қонунийлигига ишончи комил бўлмаган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён мамлакатдаги иқтисодий сиёсатни кузатиб келаётган таҳлилчилар фикрича, ҳукумат тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш йўлида яна "чала" қадам қўйган.

Матбуотда эълон қилинган Президент Ислом Каримовнинг янги фармони истиқболига ана шундай қаралмоқда.

Фармонда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни йўқотиш учун яна қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларнинг давлат рўйхатидан ўтиши жараёнларини осонлаштириш, текширишларни камайтириш, тадбиркорлик фаолиятига ўзбошимча аралашган давлат амалдорини жиноий жавобгарликкача тортиш каби чоралар кўзда тутилган.

Бироқ Ўзбекистондаги мавжуд қонунчилик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган структуралар, текширишларни тартибга солиш мақсадидаги мувофиқлаштириш кенгашини назарда тутиб ҳамда тадбиркорлик билан боғлиқ вазиятни кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, 24 йил давомида тадбиркорликни муҳофаза қилиш мақсадида мамлакатда яратилган тизим ўз вазифасининг уддасидан чиқмаган.

Энг аввало, ҳар бир туман ҳокимлиги амалдори ўз туманидаги тадбиркорлик субъекти ва ўша фирма ходимларини ўзининг қўли остидаги бўйсуниши шарт инсонлар деб билади.

Прокуратура, солиқ, милиция, Миллий хавфсизлик хизмати, бошқа давлат органларида ишлайдиган "бўйни йўғон" тўранинг таъмагирлик мақсадида хоҳлаган ширкат ёки фирмасига "маски шоу" уюштирмаслигига кафолат йўқлиги кўплаб ўзбекистонликларга аён.

Ваҳоланки, бирор корхонада текшириш уюштириш учун рухсат шу пайтгача ҳам текширишларни мувофиқлаштириш кенгаши томонидан берилиши талаб қилинар эди.

Оқибатда инсонларни иш билан таъминлаб келган ширкат ва фермер хўжаликлари ёпилиб кетди, юзлаб, минглаб инсонлар ишсиз қолдилар.

Оиласини боқиш учун Россия, Қозоғистон ёки бошқа мамлакатларга отланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони кўпайди.

Бироқ Россиянинг Украинадаги сиёсати боис Ғарб жорий этган санкциялар Россиядаги иқтисодий вазиятни мураккаблаштирди.

Россияда банд бўлган ўзбекистонликларнинг даромадлари камайди.

Ўзбекистонликлар ортга қайтишга қарор қилдилар, Россияда қолганларнинг эса уйига юбораётган пул жўнатмалари кескин камайди.

Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов фикрича, Россиядаги инқироз Ўзбекистон раҳбариятини янги иш жойларини яратишга ундаган.

Тошкентлик журналист Алексей Волосевич айтишича, сўнгги фармон Президент Ислом Каримовнинг қайта сайланганидан кейин коррупцияга қарши курашишга қарор қилгани аломати бўлиши мумкин.

"Президентимиз 4 -марта қайта сайланганидан кейин биз унинг қизиқарли қарорларининг гувоҳи бўлаяпмиз. Мисол учун Миллий Хавфсизлик хизматининг икки юқори лавозимли мулозими ишидан бўшатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу икки мулозим гўёки коррупцияга ботиб кетган бўлган. У ўзининг инагурация маросимида илк бор коррупцияга қарши курашиш лозимлигини айтди. Тахмин қилиш мумкинки, президентимиз кексайганида Ўзбекистон учун қандайдир яхши нарса қилишга қарор этган", дейди Алексей Волосевич.

Ўзбекистондаги энг юқори молия тизимларида узоқ йиллар ишлаган, бугун Қозоғистонда фаолият юритаётган иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев фикрича, Президент Ислом Каримовнинг тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган сўнгги фармонини "ўзлари сунъий қаршиликларни пайдо қилиб олиб, бу қаршиликни енгиб ўтишга ҳаракат қилиш" амаллари деб таърифлайди.

"Йўлнинг ўртасига ўзлари бир катта тошни қўйиб қўйганлар. Кейин "сен чапдан айланиб ўт", "сен ўнгдан айланиб ўт", "сен бу йўлдан эрталаб ўтасан", "сен эса кечқурун ўтасан" деб йўлдаги тиқилинчни бошқаришга ҳаракат қилишга ўхшайди бу амаллар. Энг яхшиси, ўша тошни буткул олиб ташлаш эмасми?", дейди иқтисодий шарҳловчи.

Сапарбой Жубаев Ўзбекистонда банкка кунлик нақд пул тушумини топширган ширкат эртаси куни ўзи хоҳлаган нақд пулни қайтариб олишига кафолат йўқлигини эслатади.

Ушбу вазият эса инсонларни кунлик тушумини яширишдек ноқонуний амалларга ундайди, нақд пул билан карточка савдосидаги нархлар фарқидек дунёнинг бошқа мамлакатида кузатилмайдиган сунъий муаммони пайдо қилган.

Ўзбек амалдорларининг 20 йилдан буён эркин конвертацияга йўл очишдан бош тортиб келаётганлари тадбиркорлик йўлидаги яна бир тўсиқлардан.

Аксар кузатувчилар, Ўзбекистондаги мавжуд коррупция бундан кейин ҳам эркин тадбиркорликни бўғишда давом этаверади, деган фикрдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ