Ўзбекистонда яна “Исломий давлат” байроғи пайдо бўлдими?

Image caption Бунга ўхшаш байроқ ўтган йилнинг августида пойтахт Тошкент кўчаларидан бирида ҳам пайдо бўлган

Янгийўлдаги мактаблардан бирида Сурия ва Ироқда фаолият қилаётган "Исломий Давлат" гуруҳиникига ўхшаш байроқ осиб кетилган.

Regnum хабар агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса ортидан мактаб бир неча кунга ёпиб қўйилган ва ҳозир қайта очилган.

Ўзбекистонда "Исломий Давлат" жангари гуруҳи билан боғлиқ ҳодиса илк бор кузатилаётгани йўқ.

Бир неча кун олдин Бухорода айни гуруҳга тегишли байроқ осиб кетилгани ҳақида хабарлар келган.

Жорий ой бошларида Тошкент вилояти Паркент туманидаги Ҳисорак қишлоғида ИШИД рамзлари бор диний мазмундаги варақалар топилиши ортидан кенг кўламли текширув ишлари олиб борилган.

Паркентдаги амалиётга юзлаб милиция, махсус кучлар ва ҳарбий техника жалб этилгани ҳам айтилганди.

Ўтган йилнинг август ойида эса, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўприкка "Исломий Давлат"никига ўхшаш байроқ осиб кетилгани ва кўплаб одамлар сўроқ қилингани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Тошкентдан журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бу ишларни ИШИД номи билан маълум радикал гуруҳ хайрихоҳлари амалга ошираётган бўлиши мумкинлигига ишонади.

"Мен ҳақиқатда шундай деб ўйлайман. Ҳақиқатда шу хом хаёлда юрган, халқаро коалиция кучлари курашаётганига қарамасдан, ҳамкорлик орзусида юрган одамлар Ўзбекистонда ҳақиқатдан бор. Ҳар ҳолда яширин, чунки бу қонун билан тақиқланган. Биз ўз хизмат фаолиятимиз даврида, ҳуқуқ ҳимоячилиги бўладими, журналистлик бўладими, бундай одамларга дуч келганмиз", дейди журналист.

Абдураҳмон Ташановга кўра, бундай қарашдаги одамларнинг мавжудлигини эса, мамлакатдаги диний ҳақлар чеклангани, ижтимоий-иқтисодий танглик, бундан ташқари, Ислом ҳақида етарли билимга эга бўлмаслик ҳолатлари билан боғлаш мумкин.

"Ўзбекистон ҳукумати терроризм, экстремизмга қарши курашар экан, диний эркинликларни топтаётгани бор гап, лекин мамлакатда диний терроризмнинг ўзига яраша илдизлари бор ва илгаридан бўлган. Бу илдизларни келтириб чиқарувчи омиллар ҳам бор. Бу ижтимоий танглик, одамларнинг эрки бўғилиши билан боғланади... Ўзбекистонда диний таълим чекланган, одамлар Ислом ёки диннинг моҳиятини унча яхши тушунмайди. Шунинг учун, ичидан қандайдир гуруҳлар пайдо бўлади... Мамлакат катта унинг ҳар битта тешигини, ҳар битта эшигини, сарҳадини ҳимоя қилиб қолиш қийин. Шунинг учун, четдан ёки ичимиздан байроқ тикишлар, ўзини намойишкорона кўрсатиш ҳодисалар бор", дейди журналист.

Аввалроқ, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати "Исломий Давлат" жангарилари Афғонистоннинг Турманистон билан чегара ҳудудларида яширингани ва Ўзбекистон билан чегарада ўз фаолиятларини кучайтираётгани ҳақида маълум қилди.

Ўз ўрнида Тошкентдаги кўприкка ИШИД (Ироқ ва Шом Исломий Давлати) байроғи билан бир хил байроқнинг осиб кетилиши ортидан эса, бундай ишлар МХХнинг ўзини иши деган фикрлар ҳам пайдо бўлганди. Айрим кузатувчилар буни Ўзбекистонга ҳали ҳам экстремизм хавфи мавжуд эканини кўрсатиш мақсадида қилинган амал сифатида изоҳлашган.

Аммо, Абдураҳмон Ташанов бундай хулосалар холис ахборотнинг йўқлиги ортидан келиб чиқишини айтади.

"Энди бизнинг қўлимизда информация умуман йўқлиги учун ҳар хил тахминларга суяниш мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи бундай ишларни амалга оширмоқда деган гаплар ҳам ана шундай фантазиялар маҳсули деган бўлардим. Лекин, сиёсий ақл билан қарайдиган бўлсак, ҳозир Ўзбекистонда бундай кампания олиб боришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Нафақат ҳожат йўқ, балки бунақа амаллар уларга ҳеч қандай фойда келтирмайди... Масалан, 1999 йилги портлашлари ҳукумат инсинеровкаси бўлди, бошқа деган гаплар бўлди. Андижон воқеаларида ҳақида шунақанги нарсалар бўлгани айтилди. Энди бу ҳодисалар кўп қиррали... Мен сўнгги ҳодисаларни кўп қиррали деб атамаган бўлардим. Чунки, агар шундай бўлганда, бунинг ташвиқотидан ҳукумат ўзига яраша фойдаланган бўларди. Мен Ўзбекистон ичкарисида туриб, бу ҳодисаларнинг аниқ тафсилотларидан хабарим йўқ. Буни МХХ уюштирганида, тарғибот васиталаридан, телевидение, газеталардан фойдаланарди. Ҳозиргача нафақат фойдаланиш, бу воқеани яширишнинг пайида бўлди", дейди у.

Журналистга кўра, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида Сурия ва Ироқдаги вазият ўта чеклангани боис оддий одамларнинг ҳам "Исломий Давлат" атрофида кечаётган ҳодисалар борасида тасаввурлари ҳаминқадар дейиш мумкин.

Аммо, илгарироқ, Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари "Исломий давлат"га қарши тарғибот бошлашгани ҳақида гапирилган.

Бу кампанияга диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам қўшилишган.

Тарғиботчилар ёшларни "Исломий давлат" жангари гуруҳи сафларига қўшилмасликка даъват қилишган.

Айрим шаҳарларда милиция ходимлари рўмолли аёлларнинг жамоат жойларида пайдо бўлишига қаршилик қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Президент Каримов ўтган йил ёзида илк бор "Исломий давлат" хавфидан огоҳлантирган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ