Ўзбекистондан иш тополмаган муҳожирлар яна Россияга қайтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Айни пайтда Россияда бир вақтнинг ўзида икки ўзгариш: муҳожирларнинг қайтиб келаётгани ва мамлакатда ишсизлар сони ортгани кўзга ташланмоқда.

Россия Федерал Миграция хизмати маълумотларига кўра, май ойида ўзбекистонликларнинг сони 2126366 нафарга етиб, МДҲ давлатлари орасида муҳожирлар сони кўплиги бўйича етакчилигини давом эттираяпти.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг эълон қилишича, давлатда ишсизлар сони 1013649 нафарни ташкил этиб, бандлик хизмати ташкилотларига мурожаат қилувчилар сони 0,7 фоиз ошган.

- Бу рақамлар орасида ўзаро боғлиқлик йўқ, - дейди мустақил эксперт Раъно Ҳамроева. – Россиялик ишсизлар давлат томонидан нафақа олиб туриш учун ҳам бу ташкилотда рўйхатдан ўтишади. Гарчи россияликлар меҳнат муҳожирлари қўлимиздан ишимизни тортиб олишаяпти, деб жар солишса-да, ўзбек ёки тожиклар келиб бажарадиган оғир ишларни қилишни исташмайди.

Аммо ҳукумат бундай фикрда эмас. Россияда ишсизлар сони ортса, бу дарҳол меҳнат муҳожирларининг кўплиги билан изоҳланади ва яна уларга нисбатан кескин чоралар кўришга киришилади.

“Россияда иш ўринларининг салмоқли қисмини чет элликлар эгаллаган” дея ҳисобловчи ҳукумат айни пайтда яна меҳнат муҳожирлари учун квоталар сонини қисқартиришни режалаштирмоқда.

- Агар ишсиз россиялик фуқаролар сони кўпаяётганини кўрсак, патентлар тўловини ошириш билан мигрантлар секторини сиқишга ҳаракат қиламиз, - деб айтган Москва шаҳар мэри Сергей Собянин.

Айни пайтда меҳнат муҳожирлари ишлашга рухсат берувчи ҳужжат - патент учун ойига 4000 рубл тўламоқдалар, бу ўтган йилги ҳар ойлик тўловдан 6,5 баробар кўп. Москва ҳокимининг фикрича, меҳнат муҳожирларидан келадиган пуллар шаҳарни обод қилишга ҳам етади.

- Муҳожирлардан келадиган даромад нафақат улар фойдаланаётган ижтимоий қатламни мустаҳкамлайди, балки шаҳар ривожланишига ҳам ҳисса қўшади, - деди Собянин.

Шунга қарамай, меҳнат муҳожирларини миграция қонунларига амал қилмасликда айблаб мамлакатдан чиқариб юбориш ҳоллари ортган.

- Патент тўловини ўз вақти - ойнинг 9-санасида тўлардим, - дейди муҳожир Р. – бу ой ҳам шу куни тўласам, шу кунгача тўлашинг керак эди, деб мамлакатдан чиқариб юборишди.

- Ўтган йили Москва суди 35 мингдан зиёд чет элликка сургун қарорини чиқарди, - дея 5 май куни баёнот берди Собянин президент Путинга. – Бугунги кунда 1 млн 350 минг чет эллик қонунбузарнинг мамлакатимизга кириши тақиқланган

“Ҳайдалмаганлар” эса ортга қайтишга мажбур бўлишаяпти. Ўтган йилнинг декабридан бошлаб сони камайиб борган меҳнат муҳожирлари яна Россияга келиб хужжат-иш ташвишларини бошдан кечирмоқдалар..

- Октябрда уйга “энди келмайман” деб кетгандим, - дейди 26 ёшли Элёрбек. - Бориб дадамга қарашиб юрдим. Кичикроқ ошхонамиз бор, кабоб пиширдим. Лекин савдо ҳар доим ҳам яхши эмас, тирикчиликка етади, холос. 2-3 ойдан кейин қайтишни ўйладиму янги қонунлар, пул ўзгариши тўхтатиб турди. Охири, бўлмади. Қайтиб келдим.

Элёрнинг айтишича, ўзининг тўйи учун пул йиғиши керак. Москвада у оладиган иш ҳақи кўп бўлмаса-да, шу пулни Ўзбекистонда ишлаб топишига кўзи етмайди. Бошқа бир муҳожирлар эса иш топа олмаганидан қайтишга мажбур бўлишганини билдиришди.

- Янги йилдан кейин ҳужжатлар қимматлашиб кетгани учун кетгандим, - дейди Насима. - Ўзимиз томондан иш топа олмадим. Ўзим олий маълумотлиман, ўз соҳамда жон деб ишлардим, лекин ойлиги жуда кам. Болаларимни оёққа турғазиш у ёқда турсин, тузукроқ еб-ичишга етмайди. Бозорлардан иш излаб кўрдим, харидордан сотувчи кўп. Иш изламаган жойим қолмади...

Мустақил эксперт Раъно Ҳамроеванинг фикрича, давлатлар орасида меҳнат муҳожирлиги борасида тегишли келишувларга эришилмас экан, бу муаммоларнинг ечимини топиб бўлмайди.

- Икки миллиондан зиёд халқи Россиядалигини билган Ўзбек ҳукумати уларнинг ҳимояси учун бирор ижобий чора-тадбир қўлламаса, ўзбекистонликлар энг ҳуқуқсиз ва ҳимоясизлигича қолаверади. Меҳнат муҳожирлари бир жиҳатдан Ўзбекистонда ишсизлик муаммосини камайтириб турибди. Бунинг устига йилига юртига 4-5 миллиард долларлаб фойда келтираяпти. Буларни кўриб-била туриб, эътибордан четда қолдириш – ўз халқидан тониш билан тенг.

Ҳозирча эса, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар боши йўқ туйнукдалар. Бу аҳвол ҳали-вери ўнгланадиган эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ