Халқаро Амнистия: Аъзам Фармоновни шартсиз озод этинг!

Image caption Аъзам Фармонов яна Жаслиққа жўнатилгани айтилмоқда

Инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов “қамоқхона қоидаларини бузганликда” айбланиб яна беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аъзам Фармонов шу йил апрел ойида тўққиз йиллик қамоқ муддати тугаб, озодликка чиқиши кутилаётган эди.

Нуфузли Амнести Интернейшнл ташкилоти ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолини озод этиш учун халқаро кампания бошлаган.

Ташкилотга кўра, Аъзам Фармонов зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод этилиши керак.

Аъзам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова эрининг айнан қандай важлар билан яна қамоқ жазосига ҳукм этилганини билмайди.

Ҳозирда инсон ҳуқуқлари фаоли Жаслиқ қамоқхонасида экани айтилади.

Ўзбекистонда норасмий Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фаоли бўлган Аъзам Фармонов 2006 йил июнида товламачиликда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Анъанага айланган баҳоналар

Image caption Сиёсий маҳбуслар

Ўзбекистонда сиёсий маҳбусларнинг турфа баҳоналар билан қамоқ жазосини узайтириш ҳолатлари анъанага айланиб улгурган.

Исми ошкор этилишини истамаган маҳаллий журналист Ўзбекистондаги қамоқхона нозирларининг бири билан суҳбат ҳозиргача уни даҳшатга солишини айтади.

“Сиёсий маҳбус деган гап йўқ бизда...Тепадан буйруқ келади. Чиқармайсан дейилади, эринмаса бир парча қоғоз ҳам жўнатади, биз ҳам чиқармайдиган қиламиз. Давлатга қаршимисан, жазонг шу, жимгина ишлаб юравермаган булар ҳам...”

Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий тутқун деб кўрилган маҳкумларни қамоқдан чиқармаслик мақсадидаги баҳонаю амалларини мунтазам танқид қилиб келадилар.

Кўплаб йиллар давомида сиёсий тутқунларнинг қамоқ муддатлари "жазони ижро этиш муассасасининг ички тартибини бузди" деган баҳона билан узайтириб келинади.

Қамоқ жазолари мунтазам узайтирилиб турадиганлар орасида таниқли сиёсий маҳбуслар Муҳаммад Бекжон ва Мурод Жўраевлар ҳам бор.

20 йилдан бери қамоқда қолаётган Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати ҳозирга қадар уч марта узайтирилган.

Хар икки маҳкумнинг ҳам саломатлиги ҳақида хавотирлар янграганди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида ўнлаб, баъзи манбаларга кўра эса юзлаб сиёсий тутқунлар борлигини ҳеч қачон тан олган эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ