"Ўзбекнефтгаз" ёнилғи тақчиллиги ҳақидаги хабарларни рад этди

"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси Тошкент шаҳар жамоат транспортида дизель ёнилғиси етишмаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Давлат нефт ва газ ширкатининг матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, "ҳозирги вақтда "Ўзнефтмаҳсулот" АК "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси корхоналарига амалдаги шартнома доирасида айни вақтга қадар тўлаб қўйилган маблағ миқдорига қатъий мувофиқ бўлган ҳажмда ёнилғи етказиб бермоқда".

"Шунингдек, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси ва бошқа истеъмолчилар транспорт воситаларини узлуксиз ва чекланмаган миқдорда таъминлаш учун барча керакли нефть маҳсулотлари, шу жумладан дизель ёнилғиси ҳам етарли ҳамжда мавжудлиги тўғрисида хабар берамиз", дейилади "Ўзбекнефтгаз" расмий веб-сайтида чоп этилган хабарда.

Унда интернет нашрлари пойтахт жамоат транспортида ёнилғи етишмаётгани ҳақида "Тошшаҳартрансхизмат"га таяниб, хабар тарқатгани таъкидланади.

Аммо "Тошшаҳартрансхизмат"нинг расмий вебс-сайтида ёнилғи таъминоти 30 фоизга қисқаргани боис йўловчи автобуслар орасидаги интервал узайиши мумкинлиги ҳақидаги эълон ҳали ҳам турибди.

"Тошшаҳартрансхизмат" ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраган.

Аммо ёнилғи таъминотидаги қисқариш қарздорлик туфайлими ёки бошқа сабаблар боисми, бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди.

Бир вақтнинг ўзида прокуратура ва солиқ идоралари UzGazOilга қарашли ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида рейд ўтказган.

Рейдлар чоғида молиявий қаллобликлар билан бирга, шаҳобчаларда ходимлар намоз ўқийдиган "кичик масжидлар" ҳам аниқлангани ва ёпиб қўйилгани хабар қилинган.

Ўзбекистоннинг энг муваффақиятли хусусий бизнес ширкатларидан бири бўлган UzGazOil 2010 йилда давлат тасарруфига ўтказилганидан кейин хизмат кўрсатиш ва ёнилғи маҳсулотларининг сифати кескин тушиб кетгани айтилади.

2010 йил мартида UzGazOil нинг эгаси бўлган ва Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқаси борлиги айтилган Zeromaxга тегишли барча мол-мулкка ҳибс қўйилган.

Zeromax банкрот деб эълон қилиниб, раҳбари Миродил Жалолов ҳибсга олинганидан кейин UzGazOil миллий холдинг тасарруфига ўтказилган.

Шундан сўнг Ўзбекистонда бензин тақчиллиги тез-тез кузатила бошлагани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio