Урлаева Чинозда сўроқ қилингани акс этган видео тарқатилишини қоралади

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева ўзининг Тошкент вилояти Чиноз тумани Ички ишлар бошқармасидаги сўроқ қилиниш жараёни акс этган видеога муносабатини билдирди.

Ўн кун аввал Урлаева хоним Чиноз пахта далаларидаги бюджет идоралари ишчиларининг мажбуран олиб чиқилаётганини ҳужжатлаштираётган вақтида ҳибсга олинган ва узоқ вақт давомида сўроқ қилинганди.

Душанба куни YouTube порталида жойлаштирилган ва ўзини мустақил дея тақдим қилувчи uzmetronom веб саҳифаси томонидан тарқатилган видеода Елена Урлаева чет эл элчихоналари кўрсатмаси билан ўз вазифасини бажараётгани, хорижий оммавий ахборот воситаларига маълумот етказиб туриши ва ўзини "разведчик" деб атагани, ҳамда пул ҳақида гапиргани намоён бўлади.

Икки дақиқадан сал ошиқ видео қўпол равишда монтаж қилингани туфайли, Урлаева хонимнинг жумлалари узуқ-юлуқ намоён бўлади ва фикрлар якунланмайди.

Урлаева хоним сешанба куни бу видеони қоралаб очиқ мактуб йўллади.

"Ҳурматли халқаро ҳамжамият вакиллари, менинг мажбурий меҳнатни фош қилиш ҳаракатларим учун ҳибсга олинишимга боғлиқликда ҳуқуқ-тартибот органлари Чиноз шаҳри ИИБсида сўроқ қилинганим акс этувчи монтаж қилинган видеони тарқатишаяпти. Мен унда пичинг қилиб гапирганман, ва менга айблов эълон қилмасдан, асоссиз ва протоколсиз ҳибсга олишгани учун уларни мазах қилиб гапирганман", - дейилади мактубда.

"Инсон ҳуқуқлари фаолларини видеога олгандан кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ва Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари Олмалиқ, Бўка, Пскент, Тўйтепа, Ғазалкент, Чирчиқ, Чинозга чиқиб ҳар куни соат 7дан милиция, ҳокимият ва махсус хизматлар назорати остида ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг автобусларда пахта далаларига юборилаётганини видеога олишларини таклиф қиламан", - дея қўшимча қилади фаол.

31 май куни ҳибсга олинганида Елена Урлаева Чиноз Ички Ишлар бўлинмасида уни ўта ҳақоратли ва инсон қадрини камситувчи йўлда текширувдан ўтказишгани, милиция ходимлари уни шарманда қилиш йўлида тасвирга тушириб, обрўсини тўкиш билан пўписа қилганларини айтганди.

Шунингдек, у ҳақоратлардан сўнг тоби қочгач, тез тиббий ёрдам келиб унга учта укол қилишгани, уни ётоққа ётқизиб, куч билан оёқларини йириб, буйруқ остида бир шифокор унинг жинсий аъзоларидан флешка излагани хабар қилганди. Мажбурий ва қўпол тиббий муносабатдан сўнг, фаол ўз жинсий органлари қонаганини хабар қилган.

У бунинг ортидан суд тиббий экспертизасини талаб қилиб прокуратура ва милицияга мурожаат қилган, бироқ бу мурожаатлари жавобсиз қолган.

Елена Урлаева кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари, хусусан диндорларга бўлган босимлар, болалар меҳнати ва бюджет ходимларининг мажбурий меҳнатини ёритиб келади. У ўз фаолияти давомида бир неча бор ҳибсга олинган ва руҳий касалхонага мажбуран бир неча бор ётқизилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer