"Ўзбек сўми қиймати тушмоқда, валюта қора бозори эса гуллаб-яшнамоқда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpkrapan5.livejournal.com

Ўзбекистонда валюта қора бозорига қарши уюштирилаётган рейдларга қарамай, афтидан ноқонуний пул савдоси давом этмоқда. EurasiaNet.org хабар агентлиги мухбири Жоанна Лиллиснинг ёзишича, "валютчик"лар Тошкент бозорларидаги одатий нуқталарида ўтган-кетганга секин овоз билан: "Доллары, доллары, российские рубли" дейишда давом этишаяпти.

Харидор келганда, улар тинчроқ бир бурчакка ўтишади ва пулни алмаштириб беришади, милиция эса бунга кўзини юмади.

Мақолада айтилишича, бозорлардаги валюта савдоси хамир учидан бир патир, холос. Савдонинг аксари ёпиқ эшиклар ортида амалга оширилади: харидор валютчикка телефон қилиб учрашишга келишиб олади.

Ўзбекистон қора бозорида охирги вақтда валюта курси мунтазам равишда ўзгариб турибди, буни эса кузатувчилар Россия рубли қийматининг тушиб кетиши ва у ердаги меҳнат муҳожирларидан келаётган пул миқдорининг камайиши билан боғлашмоқда.

Мақолага кўра, қора бозорда сўмнинг долларга нисбатан қиймати йил бошидан бери 25 фоизга пасайди. 10 июнда бир доллар 4300 сўмга сотилаётганди. Айни даврда сўмнинг расмий курси атиги 6 фоизга пасайиб, бир долларга 2583 сўмни ташкил қилган.

"Сўмнинг қиймати қолмади. Курс бир марта ҳатто 5 минг сўмдан ҳам ошиб кетди", - деб айтган ўз исмини ошкор қилмаган бир тошкентлик EurasiaNet.org мухбирига.

Ўтган май ойида ҳукумат курсни "барқарорлаштириш" илинжида қилгани ишонилган аралашуви туфайли сўм курси 3500 сўмга тушган. Бу вақтда хавфсизлик хизматлари текширувларни кучайтиришган ва бир неча кун кўчаларда валютчиклар кўринмай қолишганди.

Лекин, муаллифга кўра, аввал бўлгани каби, бу чоралар ҳам тез тўхтади ва қора бозор одатдаги иш режимига қайтди.

Қора бозор расмий молиявий сектордан катта пул оқимини олиб чиқади. Лекин, халқаро ташкилотлар, хусусан Халқаро Валюта Жамғармаси ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон молиявий сектори соғлом аҳволда.

EurasiaNet.org Ўзбекистон банк тизимининг соғломлиги фақат хом хаёл эканига ишоралар бор дейди.

Мақолада айтилишича, май ойида Президент Ислом Каримов номига Марказий Банкнинг юқори даражали мулозими томонидан ёзилган ва матбуот қўлига тушган хатда 1 ярим триллион сўм нақд пул дефицити мавжудлиги ва шу сабабдан банклар давлат идораларига маошлар учун пул ажрата олишолмаётгани айтилган.

Сўнгра, хавфсизлик хизматларига яқин деб кўрилувчи Узметроном сайтида банк маъмурияти конвертация операцияларини тўхтатиб қўйгани ҳақида хабар чиққанди.

Марказий Банк бу хабарлар Россия телевидениеси орқали ҳам тарқалгач, ғазаб билан уларни рад қилди ва "провокация" дея қоралади.

Жоанна Лиллиснинг ёзишича, маҳаллий тадбиркорлар валютага боғлиқ жараёнлар уларнинг даромадларига путур етказишидан шикоят қилишади, чунки амалда улар хорижий валютани олишдек қонуний ҳуқуқларидан фойдалана олмайдилар ва қора бозорда уни сотиб олишга мажбурлар.

Масалан, EurasiaNet.org сайтига гапирган туризм соҳасида ишловчи бир тадбиркор ўз идораси учун ижара ҳаққини долларда тўлашга мажбур экани ва бу долларни расмий курсдан анча қиммат нархда қора бозордан сотиб олишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio