"Спорт" телеканалига порно сайт рекламаси қаердан келди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

14 июн куни ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати чорак финалида Ўзбекистон ва Сенегал ёшлари учрашишди.

Ўйинни Ўзбекистондаги "Спорт" телеканали Интернет сайти орқали трансляция қилган.

Натижада иккинчи тайм давомида экранларда порнографик сайт рекламаси чиқиб келган.

Кузатувчилар "Спорт" канали Жаҳон Чемпионати трансляция ҳуқуқини сотиб олмагани учун мана шундай ноқулай аҳволга тушиб қолганини айтишмоқда.

Ўзбекистон ва Сенегал ёшлари ўртасидаги чорак финал ўйинини "Спорт" канали тўғридан тўғри эфирга узатди.

Аммо ўйиннинг 57 дақиқаси ўтиб бораётганда кутилмаган ҳодиса рўй берди.

Экран остида порно сайтнинг рекламаси ва шаҳватини кўрсатиб турган аёлнинг расми чиқиб қолди.

Телеканал ходимлари ушбу рекламани зудлик билан ўчиришга муваффақ бўлган бўлса-да, тасвирнинг скрин шоти, яъни расми интернетга тарқалиб кетди ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кулги остидаги муҳокамасига сабаб бўлди.

"ЎзМТРК «Sport» телеканали Ўзбекистон U20 иштирокидаги ўйинни интернетдан LIVE намойиш этди ва порнони тарғиб қилди", - деб ёзган твиттер фойдаланувчиси порно сайт рекламаси акс этган расмни ҳам илова қилди.

"Сельфини, оммавий маданиятнинг ёмонлиги ҳақида кўрсатувлар қилувчи канал порнони тарғиб қилди. Жонли эфирда реклама қилди, реклама", деб ёзди яна бир твиттер иштирокчиси.

Стадион.уз веб сайти журналисти Қаҳрамон Асланов "Спорт" телеканали порно сайтни қасддан реклама қилмаганини, балки интернет орқали трансляция қилаётганда беҳосдан чиқиб қолганини айтди.

ФИФА томонидан эълон қилинган рўйхатда Осиё қитъасининг 26 давлати ушбу мусобақани олиб кўрсатиш ҳуқуқини сотиб олган. Лекин ушбу давлатлар орасида Ўзбекистон йўқ.

"Таҳлил қиладиган бўлсак, у ерда Бутан бор, Покистон, Афғонистон бор. Бу давлатларни Ўзбекистон билан солиштиришимнинг сабаби футболда биз ўзимизнинг қарашимиз бўйича, булар жуда кичкина ва футболи ривожланмаган давлатлар ҳисобланади. Кўпроқ алам қилаётган жойи Осиёдан фақат Ўзбекистон кучли саккизталикка кирди.МДҲ давлатлари орасида қарасангиз ҳам кучли саккизталикка битта Ўзбекистон кирди. Лекин трансляция ҳуқуқини олган 26 та давлат ичида йўқмиз", - дейди Қаҳрамон Асланов.

"Спорт" телерадиоканалидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Телеканал директори нима мақсадда телефон қилаётганимизни эшитиб бўлгач алоқа узилди ва кейин гўшакни кўтармади.

"Спорт" каналида ишлаган собиқ ходим исмини ошкор қилмаслик шарти билан у ердаги ҳолатни тасвирлаб берди.

Унга кўра, трансляция борасида вужудга келадиган муаммо маблағга келиб тақалади.

"Шу вақтгача футбол ўйинларини дуч келган каналдан олиб кўрсатардик. Лекин сўнгги вақтларда бунинг ҳам имкони бўлмай қоляпти. Масалан, Европа чемпионлар лигаси ўйинлари учун Осиёга трансляция ҳуқуқини Германия ширкатлари сотарди. Биз бу ўйинларни қўямизми йўқми унча иши бўлмасди. Лекин кейинги вақтда ушбу ҳуқуқни Туркия агентлари қўлга киритди. Энди улар бизни кузатиб пул талаб қиладиган бўлишди. Ўтган йили трансляция ҳуқуқи учун 1 миллион евро сўрашди. Шундан бери уни олиб бериш тўхтатилди", - дейди "Спорт" телеканалаи собиқ ходими.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, телеканалга даромад асосан реклама орқали келади, лекин бошқа каналлар каби "Спорт" телеканалининг қанақа реклама бериши ва ундан қанча пул олиши Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ҳал қилинади.

Тепадан аралашув бўлганлиги боис "Спорт" канали маблағ борасида қўли қисиқлиги айтилади.

Натижада Сенегал билан ўйиндагидек кулгили ва ноқулай ҳолатлар ҳамда энг қизиқ ўйинларнинг трансляцияси берилмай қолиши кузатилади.

"Спорт"каналида трансляция қилинмагани боис ишқибозлар Оврўпа чемпионлар лигаси каби мусобақаларни пул тўлаб кафеларда ёки қўшни Тожикистон, Туркманистон ёки Қозоғистон каналлари орқали кўришга мажбур бўлмоқда.

Журналист Қаҳрамон Асланов "Спорт" канали Оврўпа ўйинларини олиб берса яхши бўлишини, лекин бунга мажбур эмаслигини айтади.

Бироқ журналистга кўра, "Спорт" канали Осиё Футбол конфедерацияси томонидан қўйилган ички чемпионатни ёритиш талабини ҳам бажармаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio