Алишер Усмонов Нобел мукофотини эгасига қайтармоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россиядан олинган хабарларга кўра, расмий маросим бугун чоршанба куни Москвада бўлиб ўтади ва америкалик таниқли олим Жеймс Уотсон ўз мукофоти билан “қайта топишади”.

Америкалик олимнинг ҳозир Москвада экани ва Россия Фанлар Академиясида ўқиши режаланган очиқ лекцияси ҳам борлиги айтилмоқда.

Нобел мукофотини жаноб Уотсонга қайта топшириш маросимида Россия Фанлар Академияси президентининг ҳам ҳозир бўлиши кутилаётир.

Асли ўзбекистонлик миллиардер ва Россиянинг учта энг бадавлат одамидан биттаси бўлган Алишер Усмонов олимнинг “Christie's” уйида кимошди савдосига қўйган Нобел мукофотини ўтган йил охирида сотиб олганди.

Ўша пайтда нуфузли британ нашрларидан бири бўлган "The Independent" Алишер Усмонов 4.8 миллион долларлик хариди билан ўзига хос рекорд ўрнатгани ҳақида ҳам ёзганди.

Хабарларда эса, жаноб Усмоновнинг мукофотни ёлғиз ўз соҳибига қайтариб бериш мақсади билан бу ишга қўл ургани айтилганди.

"Мен атоқли олим ўзининг хизматлари учун олган мукофотини сотишига йўл қўймаслик лозим, деб ҳисоблайман. Уотсоннинг илмий иши менинг отам вафот этган саратон касаллигига қарши тадқиқотларда муҳим ўрин тутади. Мен учун бу маблағ илмий изланишларга қаратилиши муҳим ва мукофот унга лойиқ бўлган инсоннинг ўзида қолиши керак", - деган эди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Америкалик олим эса, Нобел мукофотининг сотилишидан тушган пулни илмий изланишларга ва ўзининг ирқчилик масаласида гапирган гапи учун путур етган обрўсини тиклашга қаратишини айтганди.

Уотсон, шунингдек, бу маблағдан бир қисмини хайрия мақсадларида сарфлаши, жумладан, Чикаго, Кембриж ва Индиана университетларида ДНК тадқиқотлари учун бериш мақсадида эканини ҳам билдирганди.

Ҳозиргача ҳали бирор олим ўзига берилган Нобел мукофотини тириклигида савдога қўймаган.

Уотсон Морис Уилкинс ва Фрэнсис Криклар билан бирга 1962 йил ДНК таркибини аниқлагани учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилган.

Тирик организм бунёд бўлиши, унинг умумий ва ўзига хос хусусиятларининг асоси бўлган ДНК таркиби Морис Уилкинс, Раймонд Гослинг ва Розалинд Франклин тадқиқ қилган маълумотлар асосида Уотсон ва Крик томонидан кашф қилинган.

Уотсоннинг ҳамкасби 2004 йилда вафот этган Фрэнсис Крикнинг Нобел медали ўтган йил кимошдида 2,2 миллион долларга сотилган.

Миллиардер Алишер Усмонов эса, илгари ҳам кўплаб хомийлик тадбирларига бош қўшган.

Унинг матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Жаноб Усмонов Американинг “Форбс” журнали ва Британиянинг "The Sunday Times" газетасининг йиллик рўйхати бўйича Россия ва Британиянинг энг бой одамларидан бири саналиб келинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ