Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари 'беҳаё' қўшиқчиларни танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи anons.uz
Image caption Боситхонова қўшиқчиларни "жамият фикри билан ҳисоблашиш" ҳақида огоҳлантирган

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова айрим хонандаларнинг "миллийликка ёт" кийиниш услуби ҳамда "беҳаё ва беандиша" клипларини танқид қилган.

"Оила даврасида" рўзномасининг Хотин-қизлар қўмитаси раисидан иқтибос келтиришича, Боситхонова хоним "ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётгани"дан норозилик билдирган.

"Маънавиятимизни, ёшларимиз тарбиясини соат сайин бой бериб қўймаяпмизми?" - дея хитоб қилган Бош вазир ўринбосари Тошкентда ўтган маданият ва санъат арбоблари билан учрашув чоғида.

"Ўзбекистон - Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади", - деган Боситхонова хоним.

Ҳукумат мулозими шоу-бизнес юлдузлари бугунги ўзбек ёшларининг асосий қаҳрамонига айланишида уларнинг оилавий икир-чикирларигача ёритаётган "сариқ матбуот"ни айблаган.

"Ўз қаҳрамонини қидираётган ёшларда айб йўқ. Излаганини уйидан тополмаган одам кўчага чиқиб кетади. Фарзанди­нгизга қаҳрамон топиб бермасангиз, уни ўзи топиб олади. Ана шуниси жуда хатарли, аянчли", дея таъкидлаган Бош вазир ўринбосари.

Рўзнома хабарида айтилишича, Бош вазир ўринбосари ўтказган йиғилишда айрим хонандаларнинг саҳнага "ярим-яланғоч" кийиниб чиққани тасвирланган лавҳалар намойиш этилган ва "ўта ялтироқ, бачкана безакли либослар билан экранда кўринаётган" бошловчилар қораланган.

Сенатор ва депутатлар ҳам иштирок этгани айтилган мажлис ҳукуматнинг қўшиқчиларнинг кийиниш ва юриш-туриши муҳокама қилинган биринчи мажлиси эмас.

Шу йил мартида ҳукуматнинг амалда вазирликлар ҳисобланадиган уч идораси- Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат жамоатчилик маркази ва "Ўзбекнаво" бирлашмаси хонанда Лола Йўлдошеванинг 24 февралдаги концертда "миллий менталитетга зид" либосда чиқишини муҳокама қилган эди.

Қўшиқчи расман огоҳлантирилган ва "Ўзбекнаво" концертлар ташкилотчиларига қўшиқчи аëлларнинг саҳнадаги кийимлари устидан кучли назорат ўрнатишга буйруқ бергани хабар қилинган.

Ўзбекистонда ҳукумат бошқа соҳаларни бўлгани каби, санъат ва маданият соҳасини ҳам қаттиқ назорат қилади.

Сўнгги пайтларда радио ва телевидениеда совет даврида амал қилган "бадиий кенгаш"ларни қайта тиклаш ҳақида чақириқлар янграган.

Би-би-си суҳбатлашган ўзбек шоу бизнеси вакиллари қўшиқ ва ижро савиясини кўтариш ҳақидаги фикрларни қўллаб-қувватлаганлари ҳолда, давлатнинг санъат соҳасига ҳаддан ташқари аралашувидан нолишади.

"Ҳукуматнинг сонсиз-саноқсиз тадбирларида текин хизмат қилганимиз етмагандай, юриш-туришимиз ҳақида ҳам амалдорларга ҳисоб беришимиз керак", - дейди номи ошкор этилишини истамаган эстрада хонандаси.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат миллийлик ҳақида қайғуриш билан бирга, қўшиқлар ва умуман, интеллектуал мулк учун муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишини таъминласа яхши бўлур эди.

Ўзбекистондаги мустақил журналистлардан бирининг айтишича, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни кўтариб чиқиш имконидан маҳрум маҳаллий матбуот "қўшиқчиларнинг рекламаси билан кун кўрмоқда".

"Бу матбуотнинг эмас, балки мавжуд тузумнинг айбидир", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio