"Парда ортидаги Ўзбекистон" - исломни ўрганиш керакми?

Image caption Жоҳан Расанаягам: Исломни тушуниш керак

Швеция пойтахти Стокголмда АҚШнинг Жорж Вашингтон университети ва Швециянинг Халқаро Ишлар институти тарафидан уюштирилган "Ўзбекистон парда ортида" номли илмий анжуман бўлиб ўтди. Би-би-си анжуманда қатнашган Ўзбекистон бўйича етакчи мутахассислар билан суҳбат ўтказган. Бугун биз Абердин университетининг илмий ходими, исломшунос олим Жоҳан Расанаягам билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Би-би-си: Сизнинг бу анжуманда чиқишингиз анча шов-шувга сабаб бўлди. Сиз "Дунёвийлик ва дин категорияси: биз умуман "Ислом"ни ўрганишимиз керакми?" деган мавзуда гапирдингиз. Буни бироз изоҳлаб берсангиз.

Жоҳан Расанаягам: Мен айтмоқчи бўлган фикр шундан иборатки, Ғарбда, жумладан Британияда бўлсин, ё Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда бўлсин, "Ислом" деган тушунча дунёвийлик, ёки секуляр нуқтаи назардан келиб чиқилган ҳолда тадқиқ этилади. Устига-устак бу асосда қонунлар қабул қилинади, сиёсат белгиланади. Дейлик, Британ ҳукуматининг аксил-терорризм актини олсангиз ва унинг тилини Ўзбекистон ҳукуматининг "исломий экстремизм" деган тушунчага қарши қўллаган тилини қиёсласангиз, бу тил деярли бир хил. Бу дегани, зинҳор, Британ ҳукуматининг Ўзбекистон ҳукумати билан бир хил сиёсат олиб боришини англатмайди. Бироқ секуляр, яъни дунёвий нуқтаи назардан исломга қараш турли муаммолар келтириб чиқади.

Би-би-си: Сиз айтмоқчи бўлган гапни соддалаштирсак, дунёвий ҳокимиятлар ва дунёвий дунёқараш устиворлик қилиб, ўз нуқтаи назарини аҳолининг қолган қисмига ҳам ёймоқда демоқчимисиз?

Жоҳан Расанаягам: Қисман шундай, лекин бу жуда мушкул жараён. Текширувларимнинг кўрсатишича, дунёвий ҳокимиятлар, дейлик ёшларнинг радикаллашига қарши ижтимоий лойиҳаларга қўл уришар экан, булар учун дин аллақандай асорат, йўлдаги тўғаноқдек кўрилади. Аслида эса дин ҳам мана шу дунёвийликнинг ўзидек - яшаш тарзи, ишонч, қадриятлардир. Уни ҳалақит берувчи, "тўғри йўлда ивирсиб ётган нарсадек" кўриш бу калтабинликдир.

Би-би-си: Бундай муносабат фақат исломга нисбатан мавжудми, ё бошқа динларга ҳам шу йўсин қараладими?

Жоҳан Расанаягам: Нафақат исломга, балки бошқа динларга ҳам муносабатда бу омиллар намоён. Масалан, LGBT (ҳамжинсбозлар, трансвеститлар) масаласию католик черковнинг бунга муносабатини олинг. Бунда ҳам мен айтаётган муаммолар мавжуд. Рост, сўнгги даврда турли сабабларга кўра ислом мавзуси сарлавҳаларни эгаллаган.

Би-би-си: Демак чора қандай? Сиз айтмиш, "Ислом"ни ўрганмасликми?

Жоҳан Расанаягам: Зинҳор! Мен исломни ўрганмасликка чақираётганим йўқ. Аксинча, уни улкан диндан, ҳаёт тарзидан, айрича маданиятдан бир мавзучага айлантириб қўйиш хавфидан огоҳ қиляпман. Дунёвийлик лойиҳалари сиёсатга айланиб, ижтимоий ўзгаришларга чорлар экан, улар бошқа тарафнинг, яъни диний дунёқарашнинг ҳам нафақат мавжудлигини, лекин тенгҳуқуқликда намоён этилишига ҳаққини ҳам тушунишлари керак.

Би-би-си: Сиз ўзингизнинг "Пост-Совет Ўзбекистонда ислом: тажриба аҳлоқи" деган китобингизда замонавий Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ва мусулмонларнинг муносабатларини ўргангансиз. Хулосаларингиз нималардан иборат бўлди?

Жоҳан Расанаягам: Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ўз мусулмон аҳолисининг шафқатсиз равишда бостирилиши учун анча танқид қилинди. Мен минтақада бир неча йил давомида этнографик тадқиқотлар олиб бориб, вазият билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдим. Бу китобимда мен Ўзбекистон мусулмонларининг авторитар режим чеклашларига қарамай ўз диний амалларини бажо келтиришда қайси йўллардан фойдаланишларини ўргандим. Қизиғи шуки, худди мана шу бўғиқ муҳит оддий инсонларнинг ҳаётини маънавий нуқтаи назардан шакллантиришга ёрдам беришининг гувоҳи бўлдим. Бу оғир ҳолатда яшаш тажрибаси ҳақиқий мусулмон бўлиш нимани англатишини ўз кўзим билан кўрдим ва китобимда акс эттиришга ҳаракат қилдим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

.