BBCга айтаман: рўза тутолмаган ўзидан мискинроқни қайдан топсин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си www.bbcuzbek.com веб-сайтида "Ўзбекистонда бир одам неча пулга тўяди?" деб сарлавҳаланган мақола эълон қилди.

Мақолада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг закот, фитр садақа ва фидя миқдорини белгилагани хабар қилинган.

Ўзбекистон муфтияти Уламолар кенгаши 2015 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича чиқарган қарорида узрли сабаб билан рўза тутолмайдиган кишилар бир мискинга берадиган фидя миқдорини 10000 сўм қилиб белгилаган.

Ушбу миқдорга муносабат билдириб, ўзбекистонлик фаол Баҳром Абдураҳимов шундай ёзади:

Авваламбор, Исломнинг беш фарзидан бири бўлган, Рамазон ойида рўза тутмоқликдан кимларга ва қандай узрли сабабларга кўра изн берилган:

1. Рамазон ойида рўза фарзларини ўз инон-ихтиёрлари билан адо эта олмайдиган оғир беморларга, яъни даволаниш муддатини бошқа вақтга кўчириш имконияти бўлмаган беморларга.

2. Рамазон ойида уйга қайтиш имкониятига эга бўлмаган узоқ манзилларга сафарга боришга мажбур бўлганларга. Албатта мажбурий сафарлар дейилганида, 1-классда учувчи ва 5 юлдузли мехмонхоналарда ва ресторанларда сафарини ўтказувчи бою-баёнлар назарда тутилмаган, аксинча ўз аҳли аёлига бир тишлам нон топиш илинжида Рамазон ойида ҳам узоқ сафарларга отланишга мажбур бўладиган мўмин ва мискинлар назарда тутилганлигини унутмаслик лозим.

3. Оғир меҳнат қилиши туфайли рўза тутиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга, яъни оила аҳлини боқиш учун 40-45 градус жазирамада далада кетмон чопувчи ёки бетон қуювчи ёхуд юк ташувчи, хуллас, қора оғир мехнат қилишга мажбур мўминлар назарда тутилгандир.

Хўш, энди азиз юртдошлар, онгли мавжудот бўлмиш инсон бўлиб онг ва виждон билан фикр мулоҳаза юритайликчи: - узрли сабаб билан рўза тутолмайдиган кишилар аслида кимлар экан?:

- Ўз соғлигини тиклай олмасдан на дорига, на дўхтирга пул топа олмасдан шифтга термулиб ётган бемор, ахир унинг ўзи ночор ва мискин эмасму???

- Улуғ Рамазон ойида оила аъзолари билан рўза тутиб ислом фарзини бажаришга ҳам имкон топа олмасдан, бола-чақасига бир тишлам нон топиш илинжида узоқ ва машаққатли сафарга отланишга мажбур бўлган, ахир унинг ўзи ҳам ночор ва мискин эмасму???

- Жазирама иссиқдан, инсонлар уйда нафас олишга қийналиб турганда, оиласини боқиш илинжида бир тишлам нон топиш мақсадида оғир мехнат қилаётган қора ишчи ёки мардикор, ахир унинг ўзи ночор мискин эмасму???

Бечора ночорликдан ва имконсизликдан аҳли аёлига бир тишлам нон топиш илинжида рўза тута олмаган инсонлар, қандай қилиб ўз рўзаси қазоси учун 300 минг сўм фидя (жарима)пулни топсинлар, бундан-да мушкули ўзидан-да мискинроқни қайдан топсинлар?

Сиз нима дейсиз?

Ўзбекистонда бир одамнинг тўйиб овқатланиши учун бир кунда қанча сарфланади?

Фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.comа йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ