АҚШ: VimpelСom ва MTS 'Президент Каримовнинг яқин одамига пора берган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption АҚШ Адлия вазирлиги Vimpelcom и MTS ни Президент Каримовнинг "яқин одами"га пора беришда айблайди

АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистон телекоммуникация тизимидаги коррупция тергови доирасида Россиянинг икки телеком ширкати маблағларини ҳибс қилишни сўраган.

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги душанба куни Нью-Йоркдаги Манхэттен федерал маҳкамасига киритилган даъво аризасидан иқтибос келтирган.

Унда айтилишича, Америка ҳукумати VimpelСom ва MTS ширкатларини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг "яқин одами"га пора беришда айблайди.

АҚШ Адлия вазирлигининг даъво қилишича, бу икки Россия ширкатлари айни мақсадда сохта ширкатлар тармоғини тузишган ва қоғозда консалтинг хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар имзолаганлар.

Қўшма Штатлар ҳибс қилинишини талаб этаётган 300 миллион миқдоридаги бу пул-маблағлар, айтилишича, Bank of New York Mellon Corp. нинг Ирландия, Люксембург ва Белгиядаги ҳисобларида сақланади.

Шу тариқа Ўзбекистон Президенти оиласининг номи аралашган ва камида уч Оврўпо давлатида олиб борилаётган йирик халқаро коррупция терговига Қўшма Штатлар ҳам қўшилган.

"А" исмли мулозим

АҚШ Адлия вазирлиги киритган даъво аризасида Президент Каримовнинг қариндоши фақат "ҳукумат мулозими А" номи остида кечади.

Аризага кўра, ушбу шахс бошқа кишилар номига расмийлаштирилган Takilant, Swisdorn ва Expoline ширкатларининг ҳақиқий эгаси ҳисобланади.

Image caption Takilant нинг қоғоздаги эгаси бўлган Гаяне Авакян Ўзбекистонда 6 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда

Америка томонига кўра, VimpelСom ва MTS ширкатлари Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозорига кириш учун "ҳукумат мулозими А"га тегишли ширкатлар билан кўп миллион долларлик шартнома имзолашлари кераклигини яхши англаб етганлар.

Россиянинг ўзбек телеком бозоридаги икки йирик ширкатига нисбатан илгари сурилаётган коррупция айбловлари Швециянинг TeliaSonera ширкати юз тутган айбловлар билан ҳамоҳанг.

TeliaSonera Ўзбекистон ҳукуматидан 3 G ва 4G лицензияларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун Президент Каримов оиласига яқин шахсларга юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланади.

Швециядаги текширувлар TeliaSonera раҳбари Ларса Нюберг ва ватор бошқарувчиларнинг истеъфосига олиб келган.

Ушбу тергов доирасида Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин қатор шахсларга айблов эълон қилинган ва Гулнора Каримованинг Франция ва Швейцариядаги уйларига рейдлар уюштирилган.

Швециялик журналист Ола Вестербергнинг айтишича, "Телиасонера" иши бўйича текширув жараёни шу йил охирларида ниҳоясига етиши кутилмоқда.

Айни пайтда Швецияда сиртдан айблов эълон қилинган қатор Ўзбекистон фуқаролари ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон Бош прокуратураси олиб борган жиноят иши бўйича ватанларида узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Коррупция можароси марказида бўлган Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса Тошкентда уй қамоғида деб ишонилади.

'Ўзбек иши'

Image caption МТС 2014 йил охирида Ўзбекистонга қайтган

VimpelСom ширкати АҚШдаги текширувлардан хабардор эканлигини айтган, аммо жараённинг бориши ҳақида шарҳ беришдан бош тортган.

"Биз текширув жараёнида ҳокимият идоралари билан тўла ҳамкорлик қилишда давом этамиз", - деб айтган VimpelСom вакили Артем Минаев "Интерфакс" агентлиги билан суҳбатда.

"Ўзбек иши" билан ҳозирда АҚШ Адлия вазирлигидан ташқари, VimpelСom ширкатининг бош қароргоҳи жойлашган Голландия, Швеция, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, АҚШнинг Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси шуғулланаётгани айтилади.

MTS ҳозирча АҚШдаги маҳкама даъвоси юзасидан шарҳ бермаган.

2012 йилда MTSнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Уздунробита солиқдан қочиш ва ноқонуний даромадларни ўзлаштиришда айбланганди.

Уздунробитанинг қатор раҳбарлари қамоқ жазоларига маҳкум этилиб, мол-мулки мусодара қилинган.

MTS нинг бош ҳиссадори бўлган АФК "Система" ширкати раҳбарияти ўзбек томонининг айбловларини рад этган ва Тошкент шаҳар хўжалик судининг қарори устидан Нью-Йоркдаги халқаро маҳкамага мурожаат этган.

Аммо пировардида MTS Ўзбекистон ҳукумати билан муроса битимини имзолаган ва 2014 йил декабрида UMS номи остида Ўзбекистон бозорига қайтган.

MTS нинг Ўзбекистонга қайтиши Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бизнес ҳамкорлари бўлган Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаровларнинг узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилиши билан бир вақтга тўғри келган.

Ўзбекистон маҳкамаси уларни иқтисодий жиноятлар, шунингдек, одам ўғирлаш ва уюшган жиноий гуруҳ тузишда айблаган.

Forbs нашри MTS Ўзбекистон бозорида ўзи дуч келган муаммоларда Гулнора Каримовани айблаши ҳақида ёзган.

Аввалроқ Оврўпода эълон қилинган ҳисоботда Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг сердаромад телекоммуникация бозорида катта улуш ва таъсирга эга бўлгани иддао қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio