"Маҳаллийчилик яна кучайишига оғир иқтисодий аҳвол сабаб"

Интернет ижтимоий тармоқларини кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, Ўзбекистонда маҳаллийчилик кучаймоқда.

Буни "Тошкент тошкентликлар учун" деган чақириқлар юзага келганида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистонда 1960-, 1970- ва 1980-йилларда маҳаллийчилик иллати юзага келганини кўпчилик яхши билади.

Турли вилоятлардан Тошкентга таълим олиш келган талаба ёшлар ўртасида "СурҚаш"(Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари), "ФАН"(Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари), "СамБух"(Самарқанд ва Бухоро вилоятлари) сингари беъмани номлар пайдо бўлган ва ёшлар ўртасида гуруҳига қараб бўлиниш, ёқтирмаслик ҳолатлари юзага келган.

Ўша гуруҳлар ўртасидаги муштлашувлар фожеали оқибатларга ҳам олиб келган.

1980-йиллар охирларида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллигини истовчи инсонлар норасмий демократик гуруҳларга бирлашдилар ва журналист Нарзулло Охунжонов айтишича, инсонлардаги ўз ватанини ҳур, эркин кўриш истаги ана ўша маҳаллийчилик йўқолишига олиб келди.

Аммо мамлакат ичкарисида яшайдиган ва четдаги ўзбекистонликлар фикрича, охирги йилларда чиндан ҳам бу салбий иллат тобора кўпаяётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири - Ўзбек ҳукуматининг иқтисодий сиёсатида.

Инсонларни иш билан таъминлаган ўнлаб корхоналар банкрот бўлиб кетди, чет элликлар сармоялари билан очилган қўшма корхоналар таъмагир тўраларнинг зуғумларига чидай олмасдан ёпилдилар.

Ҳукумат деҳқонларга эркинликни беришни истамаганидан пахта ва дон етиштириш фермер учун манфаатли эмас.

Миллионлаб ўзбекистонлик Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Оврўпо, Араб мамлакатлари ва Америкага чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Ҳарвард университети олимаси Лора Адамс Ўзбекистондаги иқтисодни юритиш усули на социалистик ва на капиталистик экани, оддий одамларни эзиш яъни эксплуатация қилишга асосланганини айтади.

Олиманинг қайд этишича, Ўзбекистондаги куч-қудратга эга ҳукмдорлар шу асно ўзлари учун мисли кўрилмаган мол-мулк тўплашмоқда, аммо мамлакат бойликлари аҳоли қатламлари бўйлаб одил тақсимланаётгани йўқ.

Оқибатда даромад топиш истагидаги одамлар ўзларининг қишлоқ, шаҳарларини ташлаб йирик шаҳарларга йўл олмоқдалар.

Айрим йирик шаҳар яшовчиларида эса "келгиндилар бизнинг нонимизни тортиб олаяпти" деган фикр пайдо бўлган.

Ўзбекистонда урчиётган маҳаллийчилик ҳақида шоира Шамсия ва журналист Нарзулло Охунжонов билан суҳбат.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ