Ўзбекистон ҳукумати халқни эзяптими, эзмаяптими?

Ижтимоий минбармизда бу ҳафта ўртага ташлаган саволимиз "Ўзбекистон нега ўз халқини эзиш моделини танлаган?" қабилида эди.

Халқаро мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда иқтисодни юритиш усули одамларни эзиш яъни эксплуатация қилишга асослангандир.

Ҳарвард университети олимаси Лора Адамс, айнан, Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодларини ўрганиб, ана шундай хулосага келганини Би-би-си билан суҳбатда айтганди.

Олиманинг қайд этишича, Ўзбекистондаги куч-қудратга эга ҳукмдорлар шу асно ўзлари учун мисли кўрилмаган мол-мулк тўплашмоқда, аммо мамлакат бойликлари аҳоли қатламлари бўйлаб одил тақсимланаётгани йўқ.

Ана шу борада Ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларни бир жойга тўпласак, улар асосан қуйидаги фикрлар атрофидадир.

Tohir Bilolov бизнинг саволга жавобни ўта лўнда, лекин пўрмаъно йўлда берган. Унга кўра, "Одамнинг қорнини тўйғазсанг, у фикрлашни бошлайди. Улар эзиб ишлатилса, фақатгина қорин ҳақида ўйлашади".

Абдумалик Носиров эса ўта таҳлилий, батафсил, бир неча моддадан иборат памфлет битган.

Унга кўра, биринчидан, "Халқаро мутахассислар аввало Ўзбекситондаги эмас, балки АҚШда ФРС (яъни Марказий Банк ўлароқ - таҳририят) яратган иқтисод юритиш усули ҳақида аюҳаннос солишсин. 2. Лора Адамс Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодларини ўрганганда бир жихатга умуман эътибор бермаган кўринади. Ҳар икки давлатнинг халқаро молиявий институтлардаги қарзига умуман эътибор қаратмаган. Қозоғистон катта миқдордаги кредитлар эвазига яшаяпти. Ўзбекистон эса маблағни ўзи топяпти. Кредит муддати келганда Қозоғистоннинг иқтисодиёти ахволи қай даражада бўлишини кўрамиз".

Бунга қўшимча Абдумалик Носиров жаҳоннинг ҳеч қайси давлатида аҳолининг ҳамма қатламлари молиявий жиҳатдан тенг эмаслиги, АҚШда миллий бойликлар ҳаммага тенг тақсимланмаслиги, Жанубий Корея ҳам бир вақтлар иқтисодни ислоҳот қила бошлаган вақти ҳудди Ўзбекистонга ўхшаш ривожланиш йўлини танлагани каби нуқталарни санаб ўтган.

New Pmis эса бу нуқтага эътироз билдириб, "Ўзбекистон Ҳиндистоннинг йулидан кетмоқда, Кореянинг йўли учун инновация ва ички инвестиция етишмаяпти", деб ўйлайди.

Шароф Мажнуновнинг ёзишича, "Одамларни Ўзбекистон эзмайди. Эзиш Америка, Британия каби империалистларга хос" деб ёзган.

Ядгар Ходжаниязов эса Ўзбекистондаги аҳволни Қозоғистон билан солиштирган. "Ҳар бир қозок уйида ёлланган ўзбек қуллари сариқ чақага эртадан кечгача ишлаяпти", деб ёзган у.

Nabiullo Asadulaxojiyevнинг фикрича, "Камбағал қатлам қашшоқлашиб бормоқда, ҳаромхўр судхўр бойлар эса ниҳоятда бойишмоқда".

Sobir Rahimov нинг фикри қуйидагича, "Ўзбекистонда токи бирлик бўлмас экан, одамлар "тинчликпаравар", "шукурпарварлик"дан ортиб ўз ҳақ-ҳуқуқларини тинч йўлда ариза қилиш, иш ташлаш, намойишлар қилиб талаб қилмас экан, аҳвол бундан бадтар бўлиб, одамлар чет элларда сарсон-саргардон мардикор бўлиб юраверадилар".

Qamariddin Aliqulov нинг айтишича кучли иқтисодга эга бўлиш учун кучли билимга эга мутахассилар керак. Лекин Ўзбекистонда ҳеч қандай эзиш йўқ, мамлакат ўз орзусига эришмоқда".

Ali Khan га кўра, ҳукумат сиёсатига халқнинг ўзи айбдор. "Чунки халқ шунга қўйиб берди. Халқ шундай йўлни танлади, ҳукумат эмас, ҳозир ҳам кўпчилик бу "танловдан" мамнун".

Mehribon Kadamova ҳам Ўзбекистондаги аҳволда Ғарбни сабабчи кўради. "Ўзбекистонда кўпгина қонуний актлар АҚШ кўрсатмаси асосида қулланилади. АҚШ барча ички сиёсатга аралашади, ўз тазйиғини ўтказади".

Kamola Xayitboyeva бизнинг саволмиздаги "халқни эзиш" ибораси тўғри эканлигини айтади. "Эзиш" деган гапда озгина ҳақиқат бор, нарх-наво ошган, одамлар ишсиз, таълим муассасаларида билим савияси кучсиз, ҳамма ерда порахўрлик"

Лекин Malika Tursunbaeva бундай фикрлаш юзаки ва кўролмаслик натижасидир. "Биз яшаётгандек тинч ҳаёт дунёнинг ҳеч бир чеккасида бўлмаса керак", дея хулоса қилади у.

Saidbahrom Otamuhammad муаммоларни мамлакат раҳбарияти ва зиёлилари билан боғлайди.

"Бу барчаси Каримовнинг руҳияти билан боғлик. У бундан ортиғига ярамади. Яна барчаси миллатнинг умум савиясига ҳам боғлиқ. Зиёлилар онги ҳаминқадар, бир миллат бундан ортиғига ярамайди. Зиёлилар ўзларини танимагач, халқ ўзини қандай қилиб танийди. Бутун иллатни ўзбек зиёлилари орасидан қидириш керак, халқнинг ичидан эмас"....

Абдумурод Тургун ҳам айбни раҳбариятда кўради.

"Юқорида ўтирганларнинг онги Совет Иттифоқи заҳари билан заҳарланган одамлар. Уларни ўзгартириб бўлмайди. Янги авлод ва чет элда ҳақиқий демократик ҳаётни кўриб, ўқиб келган авлод бошқариш керак. Бундай сиёсат мақсади текин ва арзон ишчи кучидан фойдаланиб, катта даромадга эришмоқдир. Одамлар онгини "фарзандларимизни меҳнатга ўргатамиз ва ватан учун жонимизни берамиз, бир ёқадан бош чиқариб биргаликда ҳал қилайлик",- деб алдаб келяпти".

Мухлисларимиз шарҳларининг шарҳига яна бир қисқа шарҳ билан нуқта қўйсак.

Akmal Dustovнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодни юритиш усулининг одамларни эзиш яъни эксплуатация қилишга асосланганлигига сабаб, "сиёсий жараёнларга аралашишларининг олдини олиш учун"дир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio