Президент Каримов янги аксилтеррор мулозимини тайинлади

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига терроризмга қарши кураш бўйича янги вазир ўринбосари тайинлаган.

ИИВ расмий веб саҳифасида эълон қилинган хабарда айтилишича, Турсунпўлат Тошпўлатовни Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинлаш тўғрисидаги Президент фармони 29 июнь куни имзоланган.

Собиқ вазир ўринбосари Даврон Назармуҳаммедов аввалроқ Президентнинг давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.

Хабарларга кўра, Турсунпўлат Тошпўлатов бундан аввал пойтахт милицияси бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Терроризмга қарши кураш бош бошқармаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг мамлакатдаги диний ва сиёсий ўзгача фикрловчиларни таъқиб қилувчи ва қийноқлар учун масъул тузилмаси сифатида кўрилади.

Сиёсий фаоллар ва инсон ҳақлари ҳимоячилари бошқарма ходимларининг ўзларига нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан шикоят қилишган.

Порахўр ходимлар

Ўзбекистон ИИВси мамлакат прокуратураси ва бошқа куч тизимлари билан бир қаторда энг коррупциялашган тизимлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати шу кунларда БМТнинг Женевадаги Инсон Ҳақлари Қўмитасига тақдим этган ҳисоботда айтилишича, 2014 йилда мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг 451 нафар ходимлари порахўрлик, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларда айбланиб, жазога тортилган.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин 12news.uz нашрининг ҳисоботдан иқтибос келтиришича, уларнинг аксарияти - 285 нафари ИИВ ходимларидир.

Шунингдек, Бош прокуратуранинг 30 нафар, Адлия вазирлигининг 28, МХХ нинг 1 нафар, Давлат солиқ қўмитасининг 49, Божхона қўмитасининг 38 нафар ходимлари жазога тортилган.

Расмий ҳисоботда ходимлардан бирининг қийноқ қўллашда айбдор деб топилгани айтилади.

Уларнинг 328 нафарига қамоқ жазоси берилгани таъкидланган.

8-9 июль кунлари БМТнинг Женевадаги Инсон Ҳақлари Қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги инсон ҳақларининг аҳволига доир навбатдаги ҳисоботини тинглайди.

Инсон ҳақлари қўмитасидаги манбаънинг Би-би-сига билдиришича, ўзбек ҳукумат ҳайъатига Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимов раҳбарлик қилади.

Ўтган йилларда БМТнинг инсон ҳақлари қўмитасидаги муҳокамаларда ҳукумат ҳайъатига Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов бошчилик қилиб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio