АҚШ маҳкамаси Фазлиддин Қурбонов ишини кўриб чиқмоқда

Image caption Фазлиддин Қурбоновга нисбатан терроризм билан боғлиқ беш банд бўйича айблов илгари сурилган.

АҚШнинг Айдахо штати федерал судига терроризм бандлари бўйнига қўйилган 32 ёшли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов олиб келинган.

Фазлиддин Қурбонов соч-соқоллари калта олинган, кўйлак тугмалари бўйнигача ўтказилган кўринишда намоён бўлган.

Ушбу ҳафтадан бошлаб маҳкама Қурбоновнинг айбдорлигини ёки айбсизлигини аниклашга киришади.

Бундан олдин Қурбонов устидан маҳкама жараёни турли сабаблар, жумладан "ишнинг жуда чигаллиги боис" бир неча марта қолдирилган. Федерал прокурорлар Қурбонов устидан маҳкамани бир йилдан кейин бошлашни сўрашганди.

Айдахо штатида Ўзбекистон фуқаросига террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Юта штатида эса унга портловчи модда ясашни ўргатиш айблови қўйилган.

Ҳозирга келиб Фазлиддин Қурбоновга нисбатан терроризм билан боғлиқ беш банд бўйича айблов илгари сурилган.

Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг 16 майида Бойсе шаҳридаги уйида ҳибсга олинган эди.

Айдахо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида ўрнашган. Расмийлар унинг АҚШда қонуний яшаб келганини айтганлар.

Унинг устидан илк маҳкама ўтган йил июл ойида ўтказилган, Фазлиддин Қурбонов ўзига нисбатан илгари сурилган уч бандли айбловни тан олмаган эди.

Фазлиддин Қурбоновнинг 2013 йил январ ойида қандай қилиб қирғин қуроллари, жумладан, граната, бомба ва миналарни ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олишни ўргангани, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этгани айтилган.

Шунингдек у Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига хайрихоҳ экани келтирилади. Терговчиларга биноан, ҳибсга олинишидан олдин, 2013 йил май ойигача Қурбонов гўёки қарийб бир йил ЎИҲ аъзоси билан хат орқали мулоқот қилган. Прокурорларга кўра, Қурбоновнинг электрон почта, ижтимоий тармоқлар орқали ўзбек ва рус тилларидаги мулоқотлари инглиз тилига ўгирилиб ўрганилган.

Айтилишича, ўзбек тилидаги бу ёзишмаларда Қурбонов гўёки ўзининг шаҳид бўлишга тайёр экани, портловчи моддаларни қандай тайёрлаш ва қаердан олиш ҳақида маълумотларни қолдирган.

Қурбоновнинг ўзига маҳкамада таржимон берилади.

Прокурорга кўра, Қурбонов портловчи моддани масофадан туриб ҳаракатга келтириш механизмини ўрганишга ҳаракат қилган. Қурбонов террористларни молиявий таъминлаш, рўйхатга олинмаган портловчи моддаларни сақлаш каби айбловлар юзасидан сўроқ қилинади. Маҳкамада Қурбонов мулоқотда булган бошқа гувоҳларнинг ҳам кўрсатма беришлари кутилади.

Фазлиддин Қурбонов ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Маҳкама олти ҳафта давом этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio