Ўзбекистонда Рамазон ҳайити байрам қилинмоқда

18 июл куни эрталаб Ўзбекистондаги жомеъ масжидларида Рамазон ҳайити намозлари ўқилган.

Ҳар йили кузатилганидек, Рамазон Ҳайити кунини белгилаш бўйича Ўзбекистон президентининг қарори эълон қилинган.

Бу қарорда диний байрам Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасининг қарорини эътиборга олиб белгилангани айтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзбекистон муфтияти Рамазон ҳайитининг биринчи куни 18 июлга тўғри келишини айтган.

Дунёнинг аксар мусулмон мамлакатларида Рамазон ҳайити ибодатлари 17 июл куни адо этилди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг қўшнилари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда байрам жума куни бошланди.

Ўзбекистонда диний байрам кунлари бошқа қўшни мамлакатлардагидан фарқ қилиши билан боғлиқ Би-би-си саволига жавоб берар экан, Улуғбек номидаги Астрономия институти директори ўринбосари Собит Илёсов Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Астрономия институти тавсияларига таянишини айтди.

Жумладан, бу йил янги ой туғилиши 16 июлга тўғри келган.

Бироқ янги ой туғилган сониялар дунёнинг кўплаб мамлакатларида тонгги қуёш чиққандан кейинги соатларга тўғри келган.

Мусулмонлар янги ойни кўриб рўза тутишлари ва янги ойни кўриб рўзани тўхтатишлари ҳақидаги ҳадисга риоя қилар эканлар, оддий кўз билан янги ойни фақат 17 июл куни кўриш мумкин бўлди.

Шунингдек, бу йил Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси ҳам нега Ўзбекистондаги Рамазон ҳайити куни қўшни мамлакатларидан фарқ қилганига изоҳ берган.

Диний идора матбуот хизмати мақоласида шундай дейилган:

"Рамазон ҳилолини ҳамма кўриши жуда кам бўладиган ҳолат. Ҳаво булутли ё чанг бўлганидан ҳеч ким рамазон ҳилолини кўрмаса, муфтий шаъбонни ўттиз кунга тўлдирилишини ва кейинги кун рамазон рўзаси бошланишини эълон қилади. Яъни, бу ҳолда рамазон рўзаси бошланишини фақат муфтий эълон қилади."

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

"Ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади."

Уламоларнинг бу масаладаги иттифоқи шуки, ҳокимнинг ҳукми ёки бошлиқнинг қарори ихтилофли масалаларда ихтилофни тўхтатади. Агар бир мусулмон юртда янги ой чиқишини аниқлашга масъул идора: олий маҳкама ёки фатво ҳайъати ёки диний ишлар бошқармаси ёки бошқаси рўза тутиш ёки рўзани очиш бўйича қарор чиқарса, ўша юрт мусулмонлари бунга итоат қилишлари, бўйсунишлари керак. Чунки бу яхшилик йўлидаги итоатдир. Гарчи бу бошқа юртда тасдиқланган ишга хилоф бўлса ҳам. Чунки бу ҳукм “Ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўрадилар”, деган қарашга асосланган бўлади”, дейилади мақолада.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ