"Кўп инсон ўлимини тан олиш ноқонуний кончиликка йўл қўйиб берилганини тан олишдир"

Фото муаллифлик ҳуқуқи asiaterra.info

Тошкент вилоятидаги олтин конларидан бирида рўй берган фожеа оқибатида камида 11 инсон ҳалок бўлган.

11 июл куни рўй бергани айтилган ҳодиса ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳозиргача ҳеч қандай ахборот бермаяптилар.

Айрим хабарларга кўра, ташландиқ конда ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланадиган кончилар икки гуруҳи ўртасида жанжал келиб чиққан ва ютқазган гуруҳ ўт қўйиб юборгани оқибатида газ портлаши рўй берган.

Бу пайтда кон ичида камида 70 инсон бўлгани ҳақида айтилмоқда.

Би-би-си ушбу турли-туман хабарларнинг қай бири тасдиқланганини ангренлик журналист Дмитрий Тихоновдан сўради.

Дмитрий Тихонов: Олтин қазиб чиқарувчилар билан боғлиқ вазият менга жуда яхши таниш. Мен нафақат сўнгги ҳодиса тафсилотини, балки олтин қазиб чиқариш иши Ангренда қандай йўлга қўйилганини яхши ўрганганман. Бу мавзуни мен бир неча йиллардан буён ўрганиб келаман.

Би-би-си: Ангрен яқинидаги конда кўплаб инсонлар нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганига анча бўлди. Бу борада расмийлар бирор маълумот тақдим қилдиларми?

Дмитрий Тихонов: Бу ҳақда расман ҳеч қандай ахборот йўқ.

Би-би-си: Сиз ўзингиз ҳам 11 июл куни конда қандай ҳодиса юз берганини аниқлашга ҳаракат қилгансиз. Ва бугунга келиб қайси хабар тўғри, текширилган ва тасдиқланган деб айта оласиз?

Дмитрий Тихонов: Расман тасдиқланмагани туфайли турли хабар манбаларига таянишга тўғри келади. Одатда турли манбалардан олинган ҳар хил ахборот тўпланиб, умумий бир хулосага келинади. Аммо олтин конидаги фожеа бўйича турли манбаларнинг хабарлари бир-биридан кескин фарқ қилмоқда. Айниқса, ҳодисага нима сабаб бўлгани борасида. Бироқ барча манбалар тасдиқлаётган жиҳатлар қуйидагилар: биринчиси, қурбонлар чиндан ҳам бор. Иккинчиси, улар ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланиб келган инсонлар бўлганлар. Ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳақида эса бир манба айтиши бўйича, ер остида тўпланган ноқонуний кончилар ўртасида жанжал келиб чиққан. У ерда 70-100 тача одам бир вақтнинг ўзида руда қазиб олиш билан шуғулланадилар. Ичида тиллоси бор руда топилган жой чегараланган, бу жойда ҳамма ўзини улушини олиб қолишни истайди. Одатда улар бир-бири билан келишиб, навбат ташкил қилиб қазиш билан шуғулланадилар. Ана шу навбатнинг устидан икки гуруҳ ўртасида жанжал келиб чиққани, ютқазган гуруҳ бензин ёққани, олов эса газ баллонига туташгани айтилмоқда. У ерга газ баллон ва бензин қандай бориб қолган? Ер остида 4-5 кун ишлаш учун "кончилар" пастга овқатланиш ва дам олиш учун зарур ҳамма нарсани олиб тушишган, газ плиталарида овқат пиширишади. Электр генератори бензин билан ишлайди ва у ҳам ёритиб, ҳам электр перфоратор билан руда қазиб олинади.

Би-би-си: Қурбонлар сонига аниқлик киритиш имкони бўлдими сизда?

Дмитрий Тихонов: Бу вазиятнинг ўзига хослиги шундаки, кондан олиб чиқилган жасадларнинг ҳаммасини ҳам расман рўйхатга олмаяптилар. Қонун бўйича ҳар қандай ўлим ҳолати суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилиши, ўлим сабаби қайд этилиши талаб қилинади. Ҳозир моргда 11 инсон қайд этилган. Қолган инсонлар жасади нега расман қайд қилинмаган, бизга номаълум. Сўнгги ҳодисада 45 дан ортиқ инсон ҳаёт кўз юмган, деб ҳам айтишаяпти. Айтишларича, қариндошлари кондан олиб чиқиб дафн қилганлар. Шундай тахмин айтилаяптики, шу йўл билан қурбонлар сонини камайтиришмоқчи. Чунки кўп инсон ўлимини тан олиш ташландиқ конда 70-100 одамнинг ноқонуний олтин қазиб олишига йўл қўйиб бериш деганини англатади. Сўнгги ҳодиса Кўчбулоқ қишлоғи яқинидаги конда рўй бергани хабар қилинаяпти. Аммо бу кон энига ва бўйича ер остида 10 километрга чўзилиб кетган. Ташландиқ кон оғзи ёпилиб кўмиб ташланганига қарамасдан, ҳар доим ноқонуний олтин изловчилар конни очиб олтин қидиришган, бу амалиёт ўнлаб йиллардан буён давом этиб келади. Буни маҳаллий милиция ҳам, хавфсизлик хизмати ҳам, конларни қўриқлайдиган ҳарбий қўриқлаш хизмати ҳам жуда яхши билишади. Бу ишлар қонунга зид, хавфли эканига қарамасдан, бунга йўл қўйиб берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ