“Дангасалик бахти” ёки Ўзбекистондаги дўстимга мактублар

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Биринчи мактуб

Қадрли дўстим, ушбу мактубни ёзар эканман, энг аввалида ичим соғинчга тўлганини айтмоқчиман.

Йигирмадан ҳатлаб ҳатламай, бошқа минглаб тенгдошларим қатори муҳожирлик тўнини тўй қилиб кийганим йўқ, буни биласан!

Мен Ўзбекистонда ҳали оч қолганимча йўқ эди, аммо ризқни берадиган Яратган эканлиги кўнгилда, қўлимдан келадигани эса ўқиш эди.

Кел, иккимиздан ташқари бутун Ўзбекистон халқи биладиган, ҳукумати эса билиб билмасликка оладиган бир ҳақиқатни айтиб олай – Ўзбекистонда ўқишни битирганинг ва олганинг диплом билан нафақат чет элда, балки мамлакатнинг ўзида ҳам иш топиш мушкул, ҳатто имконсиз!

Нима учун муҳожир бўлдим, дўстим?

Ўз ихтиёрим биланми?

“Дангаса” бўлганим ва ё “мўмай даромад” ортидан қувганим учунми?

Ўнгимдаги танлов қанақа бўлганини биласан, ўқишга кириш учун пора бериш ва шу пора билан амаллаб битириб олиш эди.

Ёки шартнома пулини тўлаш...

Мен бу пулни тўлашга қурбим етар эди, уйдагилар ҳам қараб туришмаслиги тайин эди, лекин нима учун?

Маърифат ва билим ҳаминқадар бўлиб қолган олийгоҳда ўқиш учунми?

Афсус, бугунги кунда таълим олиш муассасаларида аввал чўнтагингни чамалашади, билимингни эмас! Пора бериб фарзандини ўқишга киритган ота-онанинг ўзи пора олмаслиги ва ё қонунни четлаб кун кўрмаслигига ким кафолат беради?

Жамиятнинг бир қисмида ана шу пора деган саратон хасталиги бошландими, уни қандай тўхтатасан?

Албатта, ота-оналар ўз фарзандларини билимли ва бадавлат инсон бўлиб етишишларини ният қилади, шунинг ҳаракатида бўлади, аммо ҳам гап ана шу ҳаракатнинг қонуний ва ёки ноқонуний экани билан боғлиқ, шундай эмасми?

Сену мендан пора оладиган ўқитувчиларнинг ҳам оиласи бор, шундай эмасми?

Ана шу поранинг бир қисми тепага, эҳтимол, жуда ҳам тепага қараб оширилиши ва уларнинг ҳам оиласи борлиги тайин,тўғрими?

Берадиган пули йўқлар нима қилади, дўстим?

“Дангаса”га айланади, президентимиз айтмиш ва ... Россияга, қулчиликка кетади.

Собир дўстимизнинг акаси ўқимаган, биласан, нимага ўқимаганлигини ҳам биласан, Россияда “дангаса”лик қилиб, қурилишда ишлайди, топганини икки укасининг Тошкентда ўқиши учун сарф қилади! Аммо бу бошқа бир муаммо...

Ана энди пора билан ўқишни битириб чиққанларнинг кейинги тақдири билан танишсак...Уларда икки нарса тақчил бўлади, бири билим, иккинчиси тажриба, аммо қўлида дипломи бор!

Қаерга ишга кирмасин, берадиган маошга кун кўришнинг имкони йўқлигини бу собиқ талаба жуда яхши тушунади.

Пора олиш ва бериш нормал ҳолат саналган жамиятда вояга етган инсон, афсуски, бунинг дину динсизликда бирдай иллат ва гуноҳ экани ҳақида қайғурмайди.

Қолаверса, ишга кириш учун ҳам кимгадир нимадир “қистириши” табиий ҳолат бугун Ўзбекистонда, албатта, айрим истиснолар бордир, аммо бу истиснолар ҳали оммавий тус олгани йўқ.

Ана энди давлатнинг “қудратига” боқ... Нафақат маънавий носоғлом, балки ўз ишини билмайдиган бир авлод бугунги, дўстим, очиғи, анчайин порахўр бошқарувчи қатлам ўрнини эгаллайди.

Бу авлод ўз йўлини “топиши” учун ҳам шу усулни қўллайди.

Айримлар эса бугун юқорида ўтирганлар орасида “порасиз” кўтарилганлари ҳам борлигини айтишади.

Рост, аммо уларнинг аксарияти Шўролар даврида суяги қотганлар, шундай эмасми, дўстим, икковимизнинг ҳам оталаримиз ўша даврларда мутлақо порасиз ўқишга кирганлардан эканини биламиз.

Албатта, пора билан ўқишга кириб, кейин уни битириб чиққанлар ҳам талайгина.

Мустақиллик давридаги кадрлар масаласи ҳақида эса, Сенга мактуб баҳонасида, кўп фикрларни ўртага ташлаш мумкин.

Қанчалар инқироздамиз, менинг назаримда, дўстим!

Қодирий бобомиз айтмиш, маърифат йўлини танламадик. Қўрқитиш, қамаш ва пора йўли билан “ҳеч кимдан кам бўлмайдиган” мамлакатга айландик.

Энг қизиғи, яна мозийга қайтсак, Абдулла Қодирий бобо айтмиш, коммунисти ҳам, мулласи ҳам халқнинг оёғига кишан солишдан бошқасига ярамай қолган.

Бири ҳаёт фақат дунё учун деса, бошқаси фақат нариги дунё учун дейди.

Ўрта йўлда юрадиган, дину дунёдан маърифат таратадиган қатлам қолмади, зиёлилар эса ё у томон бўлдилар, ё бу томон бўлиб ўзларига ишончни йўқотдилар.

Бу ёғи ўзбекчилик...оила, фарзандлар ...

Хорижда эса ҳеч қурса иқтидоринг, билиминг ва касбинг билан ҳалол нон топсанг бўлади.

Орттириб ватандаги яқинларингга ҳам жўнатсанг бўлади.

“Дангаса” бўлиш бахти насиб этар экан, ҳеч қурса фарзандларингга дунё фақат Ўзбекистон телевизионида бериладиган ёлғондан иборат эмаслигини ўргатсанг бўлади.

Ҳеч бир инсон ўз ватанини ёмон кўрмайди.

Аксарият, айрим ҳолатларда мутлақ аксарият хорижга мажбурликдан кетади.

Яна бир марта айтайми, дўстим, ўзим мисолимда айтай бу гал.

Ҳеч ким ўз ватанини мухожир қадар севмайди!

Омон бўл,

Оврўподаги талаба дўстинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio