Уй ҳибси бўйича янги қонун Гулнора учун қабул қилиняптими?

Image caption Гулнора Каримова 2014 йил февралидан бери жамоатчиликка кўринмайди

Ўзбекистон ҳукуматига тегишли норма.уз сайтида хабар қилинишича, Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси уй ҳибсини жазо сифатида жиноий процессуал кодексга киритишни муҳокама қилаяпти.

Унга кўра, агар тасдиқланса, жамоатчиликка катта хавф туғдирмайдиган, уч йилдан беш йилгача жазога ҳукм қилинган шахслар энди жазони ўз уйларида ўташлари мумкин бўлади.

Суд бундай шахснинг жамоатчилик маросимларида қатнашиши, маълум ҳудуд ичра ҳаракати ва алоқа қилиш имкониятларини чеклаб қўяди.

Ўзбекистонда уй ҳибси фақат суд ишидан аввалги чора сифатида қўлланиб келинади.

Таклиф қилинаётган жазо Ўзбекистон қонунчилиги учун янги бўлса-да, ўзбекистонлик ҳуқуқшуносларга кўра, у маълум ҳолларда, хусусан ички ишлар, прокуратуранинг юқори даражали ходимлари ёки ҳокимлар каби мансабдор шахслар учун қўллаб келинган.

Баъзи таҳлилчилар бу янги қонунни президентнинг қизи Гулнора Каримовнинг уй ҳибсини қонунлаштириш ҳаракати дея талқин қила бошлашди.

Хорижда бир неча тергов ишларида шубҳаланувчи сифатида кўрилаётган Каримова хоним 2014 йил февралидан бери уй ҳибсида ушлаб турилибди ва Ўзбекистонда у афтидан ҳеч қандай жиноятда айбдор деб топилмаган.

У ўз уйига қаматилганида ҳукумат ҳеч қандай изоҳ бермаган, аммо ўтган сентябр ойида Бош прокуратура Каримова хоним уюшган жиноятчи гуруҳ ва коррупцияга алоқадорликда ўтаётган тергов ишида гумондор сифатида кўрилаётганини маълум қилганди.

Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллиснинг айтишича, бу тўсатдан қилинаётган қадам Каримова хонимга қарши расман жазо эълон қилиш ва унинг суд ишини ниҳоясига етказиш ҳаракатининг бошланиши бўлиши мумкин.

Норма.уз сайтига шарҳ берган Олий Мажлис қонунчилик палатаси аъзоси Алия Юнусовага кўра, уй ҳибсига аёллар, ёшлар, қариялар ва яхши характерга эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин ва бу уларни "жиноий элементларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади".

Тошкентлик таниқли ҳуқуқшунос Сурат Икромов ҳам мазкур чора Гулнора Каримова учун қабул қилинаётган бўлиши мумкинлигига ишонади.

"Гулнора Каримова, нима дегандаям, ҳозирги президентнинг қизи. Қонун бўйича унга ҳукм чиқариш ёки ҳукмгача тергов изоляторига олиб бориш керак бўлади. Бу аёллар қамоқхонаси бўлиши мумкин. Лекин, унинг хавфсизлиги деган масала бор. Президент қизининг жиноятчи аёллар билан қандай кун ўтказишини тасаввур қилиш қийин, ҳар нарса бўлиши мумкин", - дейди у.

Бироқ, унинг айтишича, прокуратура аввалига унинг гумондор эканини эълон қилиб, сўнг узоқ сукут сақлаётгани нотўғри.

"Бу гапирилиши керак. Агар тергов бўлаётган бўлса, у тергов қачон тугайди? Мана бир неча йил бўлаяпти, ҳеч нарса дейилмаяпти. Унга жиноий иш қўзғатилганми, қайси моддалар бўйича? Ҳеч қандай ошкоралик йўқ. Суд бўлиши керак", - дейди ҳуқуқшунос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio